Икки ҳафта мобайнида олиб борилган узлуксиз бунёдкорлик ишлари натижасида пойтахт вилоятининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир бўлган олис қишлоғи аҳли энди янгича ҳаёт кечиради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртдошларимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу кенг кўламли бунёдкорлик ишларига асос бўлди.
Мазкур муҳим ҳужжатларда маҳаллаларда ижтимоий муҳитни яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, равон йўллар, сифатли муҳандислик коммуникация тармоқлари, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламларига кўмак бериш ва албатта, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча зарур шароитларни ҳозирлаш каби масалалар юзасидан ҳам аниқ вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Мазкур жараёнда ишларни янги тизим бўйича ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан эндиликда Президент Халқ қабулхоналари мутасаддилари фуқароларни ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда қабул қилади, яъни, одамларнинг мурожаатларини самарали ҳал етишда яқин ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Президент Халқ қабулхонаси вакиллари ва ҳоким ёрдамчилари маҳаллада фуқаролар учун қабулларни фақат алоҳида ажратилган ёпиқ биноларда эмас, балки заруратга қараб бевосита кўча ва ҳовлиларда, очиқ майдонларда, дала шароитида ҳам ташкил этди. Бу жараёнларда улар билан бирга сектор раҳбарлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди. Бу тизим илк бор Тошкент вилоятининг энг олис ҳудудлари бўлмиш “Бўка” ва “Чўлобод” маҳалла фуқаролар йиғинида жорий этилган бўлса, эндиликда Ўзбекистоннинг барча узоқ қишлоқларида, айниқса, ижтимоий аҳволи, инфратузилмаси оғир бўлган маҳаллаларда ҳам қўлланади. Шу тариқа ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, кўплаб масалалар жойида ҳал этилмоқда.
Уларнинг иш куни аҳоли билан мулоқот, мурожаатларни кўриб чиқиш билан бошланади ва қишлоқ аҳли кўтарган масалалардан келиб чиққан ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, кўплаб масалалар ўз ўрнида ҳал этилади.
Бу муҳим жараёнларда Президент Халқ қабулхоналарига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, улар томонидан ҳоким ёрдамчиларига ҳар томонлама кўмак берилмоқда.
Ички йўлларни таъмирлаш масаласи бўкаликлар томонидан қабуллар жараёнида ўртага ташланган энг долзарб муаммолардан бири бўлди.
Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида мутасадди идора ва ташкилотларнинг катта ҳажмдаги куч ва ресурслари сафарбар қилинди. Махсус техникалар, юзлаб юк машиналари ёрдамида ҳар куни бу ерга тонна-тонна қум-шағал аралашмаси келтирилди. Иш куну-тун, қишлоқнинг ҳамма ҳудуди бўйлаб ташкил этилди. Йўлсозлар томонидан амалда ўзининг кўплаб афзалликларини намоён этган технология – махсус аралашмани уч қават қилиб ётқизиш ва зичлаш усули қўлланилиб, йўллар таъмирланди. Бунинг натижасида пайдо бўлган йўллар нафақат чиройли, балки сифатли ҳам бўлиб, кўп йиллар хизмат қилади. Ана шу аснода икки ҳафта давомида “Бўка” маҳалласида 12,5 километр йўл барпо этилди.
Обиҳаёт инсоннинг бирламчи эҳтиёжларидан бири. Маҳаллада эса кўчалардан ўтказилган ичимлик суви тармоқлари аллақачон ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган, айрим хонадонларга эса сув қувурлари умуман етиб ҳам бормаган эди. Икки ҳафта мобайнида қишлоқдаги ҳар бир кўчада траншеялар очилди, янги сув қувурлари ётқизилиб, монтаж ишлари олиб борилиши натижасида бугунги кунга келиб, тоза сув ҳар бир хонадонга кириб борди. Қисқа муддат давомида “Бўка” маҳалласида 15 километр ичимлик суви тармоғи тортилди.
Аҳоли мурожаатларида энг кўп тилга олинган муаммолардан яна бирини ҳал қилиш учун тегишли корхоналар томонидан хонадонларни суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш ишлари йўлга қўйилди.
Маҳалладаги яна бир жиддий муаммо электр таъминоти билан боғлиқ эди. Фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган эски электр тармоқлари, трансформатор ҳамда симёғочлар тизимдаги тез-тез узилишларнинг асосий сабаби эди. Бунёдкорлик ишлари самараси ўлароқ, бу масала ҳам ўз ечимини топди. Темир-бетон устунлар ўрнатилиб, электр симлари ва трансформаторлар янгиланди, ёритиш чироқлари ўрнатилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 480 дона темир-бетон устун ўрнатилди, 41 километрлик тармоқлар янгиланди.
Қишлоқ хўжалиги Бўка тумани иқтисодиётида муҳим ўрин тутади ва ўз-ўзидан ушбу тармоқ билан боғлиқ комплекс масалалар, шу жумладан, ариқ ва зовурларнинг бир маромда ишлаши маҳаллий фермер ва деҳқон хўжаликлари учун масалаларнинг масаласи ҳисобланади. Аммо кўп йиллар давомида бунга етарли эътибор берилмагани туфайли мелиорация ва дренаж тармоқлари лойга тўлиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Шундан келиб чиқиб, ўтган 14 кун мобайнида ишчилар экскаваторлар ёрдамида коллектор ва зовурларни тозалаб, тиклашди, уларнинг бўйида тупроқ эрозиясининг олдини оладиган дарахт кўчатлари экилди. Бу каби хайрли ишлардан айниқса маҳаллий фермер ва деҳқонлар миннатдор. Мутахассисларнинг таъкидлашича, зовурларнинг бенуқсон ишлаши тупроқ унумдорлигини бир неча баробар ошириш имконини беради.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Бўка бой деҳқончилик анъаналарига эга бўлган туман ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз томонидан бу анъаналарни янада ривожлантириш учун зарур барча ёрдам кўрсатилмоқда. Илгари ИИВ тасарруфида бўлган 136 гектар ер 270 нафар ёшга ажратиб берилиши бундай хайрли ишларнинг илк меваси. Бу ерларнинг унумдорлиги юқори, ёшларнинг кўпчилиги эса уста деҳқонларнинг фарзандлари. Ер ажратилиши баробарида далаларни суғориш учун бир нечта нуқтада қудуқ қазиш ишлари олиб бориляпти. Янги, хориждан келтирилган замонавий қурилмалар 1200 метр чуқурликкача қудуқ қазиш имконини беради.
Қурилиш вазирлигига ҳар бир маҳалланинг бош режасини ишлаб чиқиш, ҳудудга кириб келишда рамзий дарвоза, маҳалла ҳақида маълумот берувчи стелла бўлиши лозимлиги юзасидан топшириқ берилган эди. Топшириқлар ижроси соҳа мутахассислари тайёрлаган лойиҳалар мисолида ҳаётда ўз аксини топяпти. Шунингдек, вазирлик мутахассислари одамларга ҳовли-жойларнинг намунавий лойиҳаларини тавсия этмоқда. Уларда ҳар бир жиҳат ҳисобга олинган, майда деталларгача аҳамият қаратилган. Тандирхона қандай жойлаштирилиши лозим, иссиқхона қандай ўрнатилгани маъқул, чорва моллари учун жой қай тартибда қурилади, ҳаммаси ҳисобга олинган.
Дарвоқе, қабуллар жараёнида боқувчисини йўқотган, оғир ижтимоий аҳволда бўлган оилалар, ногиронлиги бўлган юртдошларимиздан уйларини таъмирлашда ёрдам сўраб, мурожаатлар ҳам бўлди. Икки ҳафта мобайнида “Алҳажар”, “Тойлоқ”, “Уккибой”, “Қатортол” ҳамда “Худойқул овул” каби қишлоқлардаги ўнлаб ана шундай уйлар таъмирлаб берилди.
Маҳалла аҳлининг сўров ва илтимослари асосида бир қатор ижтимоий соҳа объектларини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Тез орада ҳудудда сунъий қопламали футбол майдони, болалар ўйингоҳи, воркаут, қишлоқ врачлик пункти, бозор ва маиший хизмат кўрсатиш оъбектлари ишга тушади.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси, унда мустаҳкамлаб қўйилган Инсон қадри учун тамойилини ҳаётда қарор топтириш йўлидаги бу каби хайрли ташаббуслар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом эттирилади.
Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш