“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кўра 7 794 та қишлоқ ва маҳалла таъмирланиб ободонлаштирилади

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кўра 7 794 та қишлоқ ва маҳалла таъмирланиб ободонлаштирилади

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси ҳудудлар киритилади, бунинг аниқ мезонлари қандай?

Ушбу дастурлар доирасида қуйидаги мезонлар асосида қишлоқ ва маҳаллалар рўйхати шакллантирилади ва ушбу ҳудудлардаги ижтимоий инфратузилма муаммолари ўрнатилган тартибда бартараф этилади:

- биринчиси, олис ва иқлими оғир ҳудуддалиги;

- иккинчиси, халқ қабулхоналари ва ҳокимликларга аҳоли томонидан йўл транспорт тузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари бўйича келиб тушган мурожаатлар сони;

- учинчиси, аҳоли ва тадбиркорлар ўзлари истиқомат қилаётган ёки жойлашган қишлоқ ва маҳалла ҳудудини биргаликда ободонлаштириш юзасидан ташаббусларининг мавжудлиги;

- тўртинчиси, ҳудуднинг “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомига эгалиги;

Қарорга кўра, жорий йилда мазкур тоифаларга кирувчи 7 794 та қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, 710 та маҳалла биноси, 114 та маҳалла гузари қурилади ва таъмирланади.

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб, мамлакатимиздаги шароити оғир, кўп миллатли, энг олис ва чегара ҳудудларида жойлашган, ижтимоий аҳволи оғир бўлган 968 та қишлоқ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилаяпти.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудий ҳокимликлар томонидан аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, янги ташкил этилган аҳоли яшаш мавзелари ҳамда мавжуд маҳаллаларда оилалар ва фуқаролар сонининг кўпайиши натижасида қатор маҳаллалар ташкил этилди.

Жорий йилнинг 15 март ҳолати бўйича маҳаллалар сони 31 тага кўпайиб, республика бўйича жами фуқаролар йиғинлари сони 9 199 тага етди. Уларнинг: 8 900 таси маҳалла фуқаролар йиғини; 161 таси овул фуқаролар йиғини; 95 таси қишлоқ фуқаролар йиғини; 43 таси шаҳарча фуқаролар йиғинларидан иборат.

Эслатиб ўтамиз, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини молиялаштириш учун 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар