Ўзбекистоннинг 2022 йил IV чорагида энг фаол банклари аниқланди. Нималар ўзгарди?

Ўзбекистоннинг 2022 йил IV чорагида энг фаол банклари аниқланди. Нималар ўзгарди?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистоннинг 29 та тижорат банки учун "Банклар фаоллик индекси"ни янгилади ва унинг асосида банкларнинг чораклик рейтинги тузилди. Тадқиқот хусусий секторнинг банк активларидаги улуши ўзгаришини мониторинг қилиш, шунингдек, Ўзбекистон банк секторидаги ислоҳотлар ва трансформация жараёнларининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида олиб борилмоқда.

Индексни ҳисоблашда банк кўрсаткичлари қуйидаги йўналишларда қўлланилган: молиявий воситачилик, молиявий оммабоплик, капиталнинг етарлилиги, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги, даромадлилик, ликвидлик.

Тадқиқотда банклар икки гуруҳга бўлинган — катта ва кичик. Гуруҳларнинг ҳар бири учун рейтинг тузилди. Шу билан бирга, кичик банклар гуруҳига фақат Тошкент шаҳрида (ёки фақат битта ҳудудда) фаолият юритувчи банклар киради.

2022 йил 1 декабрь ҳолатига кўра республика банк тизимининг активлари жами 555,3 трлн. сўм (2021 йил 1 декабрь ҳолатига нисбатан ўсиш - 29,9%), мажбуриятлари – 476,9 трлн. сўм (+32,4%), кредитлар қолдиғи – 382,1 трлн. сўм (+19,1%) ҳамда депозитлар қолдиғи – 216,5 трлн. сўм (+50,9%)ни ташкил этди. Ҳозирги кунда банк тизимида 57,8 минг киши фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистонда банкларнинг кредит портфели қолдиғи (банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга берилган кредитлар бўйича қарз қолдиғи) 1 декабрь ҳолатига кўра 382,1 трлн сўмни ташкил этди. Депозитларнинг умумий ҳажми 216,5 трлн.сўм, депозитларнинг кредитларга нисбати ўтган даврга (44,7%) нисбатан ижобий (56,7%) ўзгарди. Таркиби бўйича кредит қолдиқларининг асосий қисми 74,4% – юридик шахслар, 25,6% – жисмоний шахсларга тўғри келди, депозитларнинг тақсимланиши мос равишда 73,3% ва 26,7%ни ташкил этди. Шу билан бирга, жисмоний шахсларнинг фаоллиги ўтган йилга нисбатан 3-4 фоизга ошди.

Банклар фаолиятига оид мурожаатлар таҳлили

2022 йилги тадқиқот давомида Халқ қабулхоналарига келиб тушган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди. Хусусан, банк сектори фаолиятига оид масалалар бўйича 48 мингта (кунига ўртача 131 та) мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг энг катта қисми, қарийб 25%и «Халқ банк» фаолиятига тегишли бўлса, ундан кейин «Агробанк», «Микрокредитбанк» фаолияти билан боғлиқ. Шу билан бирга, такрорий 6 минг мурожаатни ўрганиш шуни кўрсатдики, энг кўп кўрсаткич ҳам юқорида кўрсатилган банкларга тўғри келган.

Мурожаатларнинг 31,6%и ижобий ҳал қилинган. Рад этилган мурожаатларнинг аксарияти «Микрокредитбанк», «Агробанк» ва «Халқ банкига»га тегишли.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, фуқаролардан банклар фаолиятидан норозилик мазмунидаги 9 мингга яқин мурожаат келиб тушган.

2022 йилнинг I V чораги учун йирик банклар фаолияти рейтинги

Тўртинчи чорак якунлари бўйича «Капиталбанк» Ўзбекистоннинг энг фаол йирик банклари рейтингида яна биринчи ўринни эгаллади. «Ҳамкорбанк» ўз мавқеини сақлаган ҳолда рейтингда иккинчи ўринни эгаллаб турибди, «Азиа Алянс банк» 1 поғонага кўтарилиб, «Трастбанк» билан ўзаро ўрин алмашишди ва кучли учликни якунлади.

«Азиа Алянс банк» ликвидлик (1-ўрин) ва молиявий воситачилик (1-ўрин) кўрсаткичларини сақлаб қолди, активлар сифати кўрсаткичларини икки поғонага яхшилаган ҳолда – 5-ўринга ва бошқарув самарадорлиги кўрсаткичларини 3 поғонага яхшилаб – 6-ўринга кўтарди. Бироқ, рейтинг натижалари шуни кўрсатадики, «Азия Алянс банк» капитал етарлилиги кўрсаткичларига эътибор қаратиши керак, улар ўзгаришсиз қолмоқда, чунки банк бир йил аввалгидек ушбу кўрсаткич бўйича рейтингнинг сўнгги қаторини (17-ўрин) эгаллаб турибди. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг IV чорагида «Азия Алянс банк» рейтингдаги ўрнини 2 поғонага яхшилаган ва шу билан бирга молиявий воситачилик, потенциал даромадлилик ва ликвидлик бўйича яхши натижаларни кўрсатиб, 6-ўринни эгаллаган эди.

Трансформация жараёнида бўлган давлат улуши мавжуд йирик банклардан «Ипотека банк» яна рейтингда ўз ўрнини йўқотди ва умумий рейтингда 9-ўринга тушиб кетди. Ушбу банк кетма-кет учинчи чоракда молиявий воситачиликнинг пасайишини (15-ўрин) кўрсатмоқда, бу муддатли депозитларнинг кредитларга нисбатини янада ошириш, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарурлигини, шунингдек, Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятларини кўрсатди. Банк молиявий ликвидлик кўрсаткичини бироз яхшилаб, 11-ўринга кўтарилганига қарамай, таҳлиллар шуни кўрсатадики, юқори ликвидли активларнинг жами активларга нисбати пасайиши мақсадга мувофиқдир.

4-чоракда молиявий воситачилик кўрсаткичи бўйича «Ўзмиллий банк» йирик банклар рейтингида 17-ўринни сақлаб қолди, шунингдек, ушбу кўрсаткич бўйича «Ҳамкорбанк» 3 поғонага, «Инвест Финанс банк» ва «Агробанк» 2 поғонага, «Халқ банк» 1 поғонага пастлади.

Даромад олиш салоҳияти кўрсаткичи бўйича рейтингда «Асака банк» энг пастки поғонани сақлаб қолди, «Халқ банк» 2 поғонага, «Алоқа банк» ва «Агробанк» 1 поғонага тушган.

Бошқарув самарадорлиги кўрсаткичи бўйича «Ўзсаноатқурилишбанк» 4 поғонага пастлади.

Активлар сифати кўрсаткичи бўйича «Халқ банк» охирги поғонани эгаллади эгаллади ва энг катта пасайиш 3 поғонага тушган Микрокредитбанк томонидан кўрсатилди.

«Микрокредитбанк» бошқарув самарадорлиги ва ликвидлиги жиҳатидан энг ёмон банк бўлиб чиқди.

«Асака банка»нинг молиявий имкониятлари ва ликвидлик кўрсаткичлари бироз яхшиланганига қарамай, ушбу банк умумий рейтингда охирги ўринни эгаллаб турибди.

2022 йил IV чораги учун кичик банклар фаолияти рейтингги

14 та кичик банклар орасида Топ-3 ўзгаришсиз қолди, шунинг учун жорий йилнинг учинчи чорагида «Даврбанк», «Универсал банк» ва «Зираат банк» етакчи ўринларини сақлаб қолиб, ўз мавқеини яна бир бор мустаҳкамлади.

Тўртинчи чоракда 14 та кичик банк орасида «Тибиси банк» ва «Гарант банк» рейтингда ўз ўрнини сақлаб қола олмади, «Тенге банк», «Анор банк» ва «Ўзагроэкспортбанк» эса рейтингда бир поғона кўтарилди.

Ўзбекистонда банк тизими ҳали ҳам фаол ривожланиш босқичида ва давлат банкларини хусусийлаштиришга тайёргарлик кўрмоқда. Банк секторидаги давлат улушини 2025 йилда жорий 82%дан 40%гача камайтириш режалаштирилган.

Банк тизимида давом этаётган ўзгаришлар ва рақобат муҳитининг ўсиши хусусий банкларни, хусусан, инновацион молиявий маҳсулотлар ва хизматларни излаш орқали янада ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Тўлиқ ҳисобот, методология ва тадқиқот ҳақидаги батафсил маълумотни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига мурожаат қилиш орқали олишингиз мумкин.

Банк-молия соҳаси ва капитал бозори фаолиятини ўрганиш сектори | тел: (78) 150 02 02 (410)

ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими |тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар