2019 йил 6 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институтида “Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби”нинг навбатдаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу нашр соҳа мутахассисларининг беш йиллик изчил меҳнати маҳсули саналади. У “Чинор ЭНК” нашриёти томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат Экология қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси (ФА) ҳамкорлигида тайёрланган.
Китоб икки жилдда нашр қилиняпти, унда ўсимлик ва ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида қолган турлари ҳақида асосий маълумотлар берилган. Биринчи жилд Ўзбекистондаги наботот олами, иккинчи жилд эса ҳайвонот олами ҳақидаги маълумотларни қамраб олган.
“Қизил китоб”га Ўзбекистондаги нодир ва йўқолиб кетиш хавфи остида қолган, ҳимояга муҳтож 314 ўсимлик тури киритилган. Унинг аввалги нашрида (2009 йил) бундай ўсимлик ва замбуруғлар сони 324 та деб келтирилган эди.
Янги нашрда ўн йил аввалгисидан камроқ ўсимлик номи келтирилганининг сабабини ФА Ботаника Институти олимлари шундай изоҳлади: ўтган вақт давомида олиб борилган ўрганишлар давомида эски рўйхатдаги баъзи ўсимликлар ўзи аслида Ўзбекистон ҳудудида учрамаслиги, баъзилари Ўзбекистон ҳудудида камёб бўлгани билан қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда кенг тарқалгани, яна айрим турлар эса камёб бўлмай катта минтақаларда учраши юзага чиққан. Шунга асосланиб янги нашрда Олатов шафрани, Мартиус қиличўти, Тожикистон аллохрузи каби ўсимликлар рўйхатдан чиқариб ташланган.
Янги нашрда бутунлай йўқолиб кетган ўисмлик турлари сони 19 тадан 10 тага камайган. Айни пайтда, унга 15 та камёб ўсимлик тури қўшилган. Умуман олганда аввалги нашрга таққослаганда 157 ўсимлик турининг мақоми ўзгарган.
“Қизил китоб”нинг янги нашри 2-жилдига сутэмизувчи ҳайвонларнинг 30 тури, қушларнинг 52 хили, судралиб юрувчиларнинг 21 тури, балиқларнинг 17 тури, 3 хил чувалчанг, 14 хил моллюска, бўғимоёқлиларнинг 66 тури киритилган.
Таққослаш учун аввалги, 2009 йилда нашр этилган “Қизил китоб”даги ҳайвонларга доир маълумотларни келтириб ўтамиз: унга сутэмизувчиларнинг 24 тури, судралиб юрувчиларнинг 16 хили, балиқларнинг 17 тури, 3 хил чувалчанг, 14 хил моллюска, бўғимоёқлиларнинг 60 тури киритилган бўлган.
Изоҳ қолдириш