“Оққўрғон тажрибаси” Жиззахда қандай натижалар берди?

“Оққўрғон тажрибаси” Жиззахда қандай натижалар берди?

Айни шу тажриба билан вилоятнинг барча туман-шаҳрида ёрдамга ҳақиқий муҳтож инсонларни топиб, уларга кўмак бериш, Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилган реал муаммоларга ечим топиш, дастурлар ижросини жадаллаштириш борасидаги ишлар янги сифат босқичига кўтарилди.

Арнасой туманидаги Ғолиблар маҳалласи аҳолиси анчадан бери оқар сув масаласида мурожаат қилиб келарди. Мурожаатлар таҳлилидан сўнг бу масала тегишли дастурларга киритилиб, айни кунларда 5 км ирригация тармоғи бунёд этиляпти. Бу билан 500 дан ортиқ хонадон томорқасидан қўшимча даромад топиш имкони яратилади. Ёки туман марказидан 25-30 чақирим олисдаги “Бўстон”, “Дўстлик” маҳаллаларида аҳоли томорқаларини суғориш учун 4,5 км ички ирригация тизими янгидан қурилиши туфайли 400 хонадон томорқаси оқар сув билан барқарор таъминланади.

Арнасойда “Оққўрғон тажрибаси” асосидаги ўрганишлардан сўнг биргина Чинобод маҳалласида 3 км ичимлик суви, 7,2 километрга яқин электр тармоғи тортилди, 3 км тупроқ йўл шағаллаштирилди, 4 та кўча асфальтланди. Пиёдалар йўлакчалари барпо қилиниб, симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. Бундан ташқари, маҳалладаги 12-мактабнинг қўшимча ўқув хоналари ва янги маданият зали, чинободликлар учун 12 ўринли тиббиёт маскани бунёд этиш ишларига ҳам айнан аҳоли мурожаатлари асос бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бугун Жиззах вилоятининг ҳам 74 та маҳалласида ичимлик суви билан боғлиқ энг долзарб тизимли масалалар ҳал қилиняпти. Айтайлик, Зафарободнинг Узун ва Самарқанд қишлоқларидаги бунёдкорлик ишлари боис қарийб 750 та хонадон оби ҳаёт билан барқарор таъминланади.

Мирзачўл туманидаги ана шундай йирик бунёдкорлик ҳаракати натижасида эса “Тошкент”, “Янгидала”, “Пахтазор”, “Ўзбекистон”, “Гулзор” қишлоқларидаги 3 минг 140 дан зиёд хонадонга ичимлик суви кириб боради. Бу билан 15,2 мингдан зиёд аҳолининг энг бирламчи ҳаётий муаммоси ҳал қилиб берилади.

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Република ишчи гуруҳининг Жиззах вилоятидаги фаолияти давомида ҳам ҳар бир туман-шаҳардаги долзарб, тизимли масалалар мурожаатлар таҳлили ва дастурлар ижросига боғлиқ ҳолда ҳар томонлама чуқур ўрганилди. Халқ қабулхоналари, секторлар ва маҳалла институтларининг уйғун фаолияти эса бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим асос бўлади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар