Ўтган икки йилда 1 986 нафар мансабдор шахслар коррупциявий жиноятларни содир этган

Ўтган икки йилда 1 986 нафар мансабдор шахслар коррупциявий жиноятларни содир этган
Фото: Gazeta.uz

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар уни келтириб чиқараётган омиллар ва уларни олaдини олишга бағишланган идоралараро йиғилиш ташкил этилди.

Йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Маърузада таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси ва қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Энг аввало, ҳуқуқий асосларни яратишга эътибор берилиб, сўнгги тўрт йилда 70 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Давлат хизмати тизими тубдан такомиллаштирилди. Давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, сўнгги йилларда иш ҳақлари сезиларли оширилди.

Вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда “комплаенс назорат” тизими йўлга қўйилмоқда.

Қисқа муддатда кўрилган чора-тадбирлар ўзининг дастлабки натижаларини ҳам кўрсата бошлади.

Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага, Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида эса 52 поғонага кўтарилди.

Шунингдек, Жаҳон банкининг “Коррупцияни тийиб туриш”, “Трансперенс интернешнл” халқаро ноҳукумат ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш”, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Коррупциянинг мавжуд эмаслиги” индексларида сезиларли юқорилади.

Шу билан бирга, айрим соҳаларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги кўрсатилди.

Таассуфки, республикамизда ўтган икки йилда 1 986 нафар мансабдор шахслар коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 трлн. сўмдан ошган.

Иқтисодий соҳадаги коррупциявий ҳолатлар асосан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида содир этилаётанлиги таъкидланди.

Вазирлик ва идораларда коррупцияга имкон бераётган айрим сабаб ва шарт-шароитлар ўрганилганда, айрим соҳаларда ички идоравий назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни сезилмаётганлиги, баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдор эмаслиги ҳам коррупцияга чек қўйишга имкон бермаётганлиги таъкидланди.

Барча соҳаларда қонунлар ижросини бевосита таъминлашга масъул бошқарув идоралари, ижро устидан назоратга масъул эса 50 дан ортиқ назорат - текширув органлари мавжуд. Бироқ, назорат органларининг қонунийликка таъсири сезилмаётганлиги танқид остига олинди.

Комиссия йиғилиши қизғин муҳокамалар билан кечди. Сўзга чиққан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов қуйидаги масалаларга эътибор қаратди.

“Коррупцияга қарши курашишда очиқлик ва ошкоралик, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликнинг ўрни муҳим. Мана бугунги йиғилиш ва унда соҳалар, вазирликлар бўйича ошкор этилаётган коррупцион ҳолатларнинг ўзиёқ коррупцияга қарши курашишдаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.

Албатта бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан мамлакатимизда антикоррупция-ҳафталигида бу каби тадбирлар давом этади. Унда давлат идораларида очиқ эшиклар куни, жамоатчилик ва ОАВлари учун танловлар, халқаро ва ташкилот ва экспертлар билан вебинар, конференциялар ўтказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қуйидаги асосий йўналишларга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайди.

Биринчидан, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш. Бунда энг аввало коррупцион жиноятларга жазо муқаррарлигини таъминлаш лозим.

Иккинчидан, ахборот коммуникация воситалари ривожланган сари коррупцион жиноятларнинг замонавий, янги турлари пайдо бўлмоқда. Бу каби ҳолатларга қарши курашишнинг самарали усулларини қўллаш бўйича ҳам иш олиб бормоқдамиз.

Учинчидан, коррупцион жиноятлар энг кўп учраётган қурилиш, олий таълим соҳаларида амалиётга жорий этилган “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини ҳозирда энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган давлат ҳаридлари ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ҳам қўллаш чораларини кўраяпмиз”.

Йиғилиш якуни бўйича тегишли соҳалар, вазирлик ва идораларда коррупцияга барҳам бериш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар