Ўзбекистон Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантиришга, афғон халқининг турмушини яхшилашга катта ҳисса қўшмоқда

Ўзбекистон Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантиришга, афғон халқининг турмушини яхшилашга катта ҳисса қўшмоқда

Aфғонистон билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, қўшни давлатлар билан конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон ҳар доим Aфғонистонда тинчлик ва барқарорликни тезроқ қарор топтириш тарафдори бўлиб, ўзаро савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда йирик инфратузилмавий ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантиришга, афғон халқининг турмушини яхшилашга катта ҳисса қўшмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Aфғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик катта истиқболларга эга ва сўнгги уч йил ичида жадал ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Aфғонистон мамлакатларининг ўзаро муносабатларида Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланганларидан сўнг янги саҳифа очилди. 2017 йилнинг январида Ўзбекистоннинг ҳукумат делегацияси Aфғонистонга бўлиб қайтишди. Сўнгги уч йил ичида Aфғонистон Президенти расмий ва ишчи ташрифлар билан Тошкентга икки марта ташриф буюрган. Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари мунтазам равишда телефон орқали мулоқотлар олиб борадилар, сўнггиси шу йилнинг 2 августида бўлиб ўтган бўлиб, унда Aфғонистоннинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилиш мақсадида устувор инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини илгари суриш бўйича ишларни кучайтиришга катта эътибор қаратилди.

Эпидемиологик вазиятнинг оғирлашиши кўплаб мамлакатларда, шу жумладан, Aфғонистонда ҳам кузатилди. Мазкур даврда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан жорий йилнинг апрель ойида Aфғонистонга 600 тонналик инсонпарварлик ёрдами, шу жумладан, ҳимоя комбинезонлари, натрий гипохлорит, респираторлар, қўлқоплар, пирометрлар, болалар учун кийим-кечак, ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди. Таъкидлаш жоизки, бу биринчи гуманитар юки эмас, 2018 йилнинг январь ойида Aфғонистонга Ўзбекистон Президенти номидан 25 та автобус ва қишлоқ хўжалиги техникаси беғараз юборилган. Июнь ойида эса қурғоқчилик оқибатида Aфғонистонда экинлар етишмаслиги муносабати билан ушбу мамлакатга гуманитар ёрдам сифатида 3 минг тонна озиқ-овқат буғдой юборилди.

Ўзаро савдо кўрсаткичлари

Aфғонистон ташқи савдосида Ўзбекистоннинг улуши 7,4 фоизни, умумий Aфғонистон импортида эса 8,3 фоизни ташкил этади. Ўз навбатида, Aфғонистоннинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 1,5 фоизни, экспортнинг умумий ҳажмида эса 3,4 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Aфғонистон билан савдо-сотиқда сезиларли ижобий балансга эга ва сўнгги уч йил ичида ушбу мамлакатга экспорт деярли 20 фоизга ўсди.

2020 йил биринчи ярмида Ўзбекистон ва Aфғонистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24,1 фоизга ўсди ва 332,9 миллион долларни ташкил этди, шу жумладан экспорт - 331,7 миллион доллар, импорт - 1,22 миллион доллар. 2019 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми 2,2 фоизга ўсди ва 617,6 миллион долларни ташкил этди, шу жумладан экспорт - 614,7 миллион доллар, импорт - 2,9 миллион доллар.

Ўзбекистон ва Aфғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш динамикаси (миллион долларда)

2013й.

2014й.

2015й.

2016й.

2017й.

2018й.

2019й.

Савдо айланмаси

673,7

601,8

445,1

519,7

617,1

604,6

617,6

Экспорт

669,3

601,0

444,4

517,3

614,9

602,5

614,7

Импорт

4,4

0,8

0,6

2,4

2,2

2,0

2,9

Баланс

664,9

600,2

443,8

514,9

612,7

600,4

611,7

Манба: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълумотлари.

Aфғонистонга экспорт қилинадиган асосий маҳсулотлар қуйидагилар киради: дон ва ун маҳсулотлари, асосан буғдой уни - умумий ҳажмнинг 19,1 %и; электр энергияси - 16,3 %; нефть ва нефть маҳсулотлари, табиий газ - 10,1 %; озиқ-овқат маҳсулотлари, асосан дуккаклилар ва сабзавотлар - 11,0%; қора метал ва ундан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар - 7,0%, транспорт воситалари ва улар учун эҳтиёт қисмлар - 1,5%, шунингдек хизматлар, асосан транспорт хизматлари - 26,0%.

Aфғонистондан қуйидаги маҳуслотлар импорт қилинади: озиқ-овқат маҳсулотлари (асосан сахароза, минерал сувлар) - умумий импортнинг 21,5%; тирик ўсимликлар (уларнинг илдизларини ҳисобга олган ҳолда) - 11,4%; ускуналар ва механик қурилмалар - 8,8%; ҳайвонлар (эчки ва қўйлар) - 6,7%, шунингдек транспорт хизматлари - 29,9%.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда афғон капитали иштирокидаги 658 корхона, шу жумладан 195 қўшма корхона ва 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги 463 корхона фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, Сурхондарё вилояти ҳудудида афғон капитали иштирокидаги 234 та корхона (35%) ташкил этилди.

Энергетик ҳамкорлик

Aфғонистон электр энергиясининг танқислиги билан яққол ажралиб туради, чунки ўзининг ишлаб чиқариш қувватлари электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ қоплай олмайди ва электр энергиясини импорт қилиш ҳажми ташқи томондан ажратиладиган молиявий ёрдам миқдорига боғлиқ. 2018 йилда Aфғонистон 1,1 миллиард кВт / соат электр энергиясини ишлаб чиқарган бўлса 4,6 миллиард кВт / соатни импорт қилган, яъни ўзи ишлаб чиқарган ҳажмдан 4 маротаба кўп дегани.

Ишлаб чиқариш ва импорт ҳажмининг етарли эмаслиги, электр узатиш линияларининг тармоғининг кенг даражада мавжуд эмаслиги иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга имкон бермайди. Aфғонистонда аҳолининг атиги 30 фоизигина электр тармоғига уланган. Aфғонистон умумий аҳолисининг 75 фоизини ташкил этадиган қишлоқ аҳолисининг аксарияти электрсиз қолмоқда. Aфғонистондаги энергетика соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун 2032 йилгача энергетикани ривожлантиришнинг Бош режасини ўз ичига олган Миллий энергия таъминоти дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда аҳоли ва мамлакат иқтисодиётини электр энергияси билан таъминлашни 30% дан 83% гача, қишлоқ аҳолисини 28% дан 65% гача ва шаҳарларни 100% гача оширишни назарда тутилган.

Сурхондарё вилоятидан Афғонистоннинг Боғлон вилояти Пули-Хумри шаҳригача 260 км узунликдаги "Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ҳам Aфғонистоннинг энергия таъминотини ривожлантиришнинг узоқ муддатли режаларига мос ва у ерда саноатни ривожлантириш учун шароит яратади. Бундан ташқари, ушбу электр узатиш линияси Aфғонистон энергетика тизимини Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг ягона энергия тизимига улаш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2002 йилдан буён Aфғонистонга электр энергиясини мунтазам етказиб бермоқда. Aфғонистон электр энергиясининг 52 фоизини Ўзбекистондан, 18 фоизини Тожикистондан, Эрон ва Туркманистон 15 фоизини етказиб беради. 2002 йилдан 2019 йилгача Ўзбекистондан Aфғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми 62 миллион кВт / с дан қарийб 2,6 миллиард кВт / с гача, яъни 40 мартага ошди. 2018 йилда Aфғонистонга 166 миллион доллар эвазига 2,5 миллиард кВт / соат электр энергияси етказиб берилди, етказиб берилаётган электр энергиясининг нархи эса 35 %га пасайтирилди.

Электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартномалар ҳар йили тузилишини ҳисобга олсак, 2019 йил охирида Aфғонистон энергетика компаниялари билан улар учун мақбул бўлган шартларда, 4,2 миллиард долларлик 10 йиллик шартнома имзоланди.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик

Мозори Шариф - Ҳирот темир йўл линиясини қуриш бўйича қўшма лойиҳаси Хайратон - Мозори Шариф темир йўл линиясининг кенгайтирилган қисми бўлиб янги трансафғон транспорт коридорини ташкил этади. Бундан ташқари, Мозори-Шариф-Пешовар темир йўл линиясини қуриш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш нафақат ўзаро савдо учун қулай шарт-шароитлар, балки ҳар икки давлатнинг транзит салоҳиятини оширишга, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини бир-бирига боғлашга ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистоннинг Гвадар ва Карачи портларига кириш имкониятини очишга ёрдам беради.

Транспорт соҳасидаги фаол ҳамкорликнинг бошланиши билан 2017 йилда Aфғонистоннинг Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб ўтилган юклар ҳажми 2016 йилга нисбатан 70 фоизга ўсди. 2019 йилда Aфғонистонга қараб ва ундан биз томонга халқаро темир йўл юк ташиш ҳажми 5,15 миллион тоннани ташкил этди. Худди шу йили "Ўзбекистон темир йўллари" AЖ томонидан Қозоғистондан Aфғонистонга дон ва унни ташишда 20% чегирма белгиланди, шунингдек, Aфғонистондан экспорт қилинадиган тижорат товарлари учун қўшимча тўловлар бекор қилинди. Бу эса икки мамлакат учунам темир йўл транспорти орқали юк ташиш ҳажмининг ошишига ўз ҳиссасини қўшди.

2020 йилда Aфғонистон учун темир йўл юкларини ташиш бўйича бир қатор имтиёз ва преференциялар ўрнатилди. Хусусан, Ўзбекистондан Aфғонистонга ун олиб ўтишда олдиндан белгиланган тарифларга нисбатан 45% дан 65% гача чегирмалар жорий этилди. Бундан ташқари, ун ва нефть маҳсулотларини транзит орқали ташишда чегирма 20% дан 50% гача чегирмалар мавжуд. Aфғонистондан экспорт қилинадиган товарлар учун ҳужжатларини расмийлаштириш тўловларидан ташқари барча қўшимча тўловлар бекор қилинди. Барча турдаги товарларни расмийлаштириш учун 50% чегирма жорий этилди.

Коронавирус пандемияси даврида ҳам Aфғонистон йўналиши бўйича юк ташиш динамикаси барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Aфғонистондан темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 2,2 миллион тоннани ташкил этди, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 50,7 фоизга кўпдир.

Икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт ва транзит юк оқимларини енгиллаштириш мақсадида Термиз божхона терминалида "Термиз Карго" халқаро логистика маркази ташкил этилди. Мазкур логистика маркази Aфғонистондан учинчи мамлакатларга мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун янги саралаш ва қадоқлаш линиялари билан жиҳозланиши режалаштирилган. Ҳозирги вақтда терминал бир вақтнинг ўзида 300 тагача юк машинасини қабул қилиш қувватига эга, шунингдек, темир йўл йўлаклари ва контейнерларни сақлаш учун омборлар ташкил қилинган.

Aфғон ёшлари учун Термиз шаҳридаги ўқув маркази

Aфғонистонда талаб юқори бўлган кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида Термиз шаҳрида ўзбек-афғон "таълим маркази" ташкил этилиб, унда ўзбек филологияси, темир йўл транспорти, қишлоқ хўжалиги ва бошқа мутахассисликлар бўйича 200 нафарга яқин афғон ёшлари таҳсил олмоқда. Шу билан бирга, таълим харажатларининг ярмини афғон томони тўлайди, қолган қисмини Ўзбекистон томон қоплайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ўқитиш учун таълим грантларини оладиган афғон аёлларининг иқтисодий имкониятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган трансчегаравий ташаббусни эълон қилишди. Европа Иттифоқи ушбу ташаббусни молиялаштириш учун 2 миллион евро миқдорида грант ажратди. Ушбу грант 2025 йилгача БМТТД томонидан амалга оширилади. Мазкур грант доирасида афғонистонлик ёш аёллар Тошкент аграр университети кўмагида қишлоқ хўжалиги соҳасида билим олишади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Aфғонистонда махсус Халқаро таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Жамғарманинг асосий мақсади ёшларни зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ўқитиш, иқтидорли талабалар ва ёш олимларга стипендия ва грантлар беришдир.

Икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари

Ўзбекистон ва Aфғонистон савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор ва нафақат савдо соҳасида, балки сармоявий соҳада ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини излашга интилмоқда.

Транспорт ва энергетика ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонлик мутахассислар ва инвестициялар иштирокида Aфғонистондаги 5 та тўқимачилик ва 3 та ёғ-мой корхоналарини тиклаш бўйича ишлар давом эттирилади. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида Ўзбекистон корхоналарининг Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудида йўлларни реконструкция қилиш ва сув иншоотларини қуриш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этиши ҳам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, "Термиз-Карго" логистика марказининг вазифаларини, масалан, унинг базасида зарур инфратузилмага эга бўлган улгуржи-тарқатиш марказини, шу жумладан, омборхоналар ташкил этиш, шунингдек, у ерда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ва божхона преференцияларини тақдим этиш орқали такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадга мувофиқдир. Aфғонистон билан чегарадош ҳудудда қўшма корхоналар (ун, нон маҳсулотлари, ўсимлик мойи, қурилиш материаллари, тўқимачилик, поябзал ва бошқа маҳсулотлар) яратиш бўйича чегара савдосини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун шароитларни яхшилашни давом эттириш зарур. Шунингдек, Aфғонистон мармарини, уларни қайта ишлаш ва бошқа мамлакатларга тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш учун турли хил ярим тайёр маҳсулотларни Ўзбекистонга етказиб бериш масаласини ўрганиш қизиқ.

Қишлоқ хўжалиги ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан биридир. Aфғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлиб, кўплаб товар турлари бўйича ўзбекларга ўхшаш. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилганлигини ҳисобга олсак, бу кооперация алоқалари, қўшма корхоналар ва ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш учун имкониятлар очади. Ўз навбатида, афғон мутахассислари Сурхондарё вилоятида доривор ўтлар (15 гектар) ва дўлана (йилига 100 тонна) етиштириш бўйича лойиҳаларга сармоя киритишга қизиқиш билдиришган.

Aфғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда, савдо-иқтисодий алоқаларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани кенгайтириш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, ўзбек маҳсулотларини Aфғонистон бозорига экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун Aфғонистон билан имтиёзли савдо тўғрисида шартнома тузиш имкониятларини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш натижаларини Aфғонистонда тан олиш тўғрисида келишувларга эришиш Aфғонистонга маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини етказиб бериш имкониятларини кенгайтирар эди, унга бўлган талаб коронавирус пандемияси шароитида фақат ошиб боради.

Ўзбекистоннинг Aфғонистон билан ҳамкорлиги нафақат икки томонлама, балки "бир макон-бир йўл", "CASA-1000" электр узатиш линияси, ТAПИ газ қувури ("Туркманистон–Aфғонистон–Покистон–Ҳиндистон" магистрал газ қувури) каби халқаро лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш доирасида ҳам ривожланиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганди, Aфғонистон билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик нафақат минтақа мамлакатлари, балки бутун жаҳон ҳамжамияти ҳам манфаатдор бўлган ҳудудда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун катта истиқболга эга ва мазкур йўналишда узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни ошириш биз учун юқори устуворлик касб этади.

Обид Ҳакимов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар