Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича дунёдаги энг яхши 10 мамлакат қаторига кирди. Бу ҳақда Forbes`нинг Бутунжаҳон Олтин Кенгаши маълумотларига асосланган мақоласида маълумот берилди.
Қайд этилишича, 2020 йилда Ўзбекистонда биринчи марта 100 тоннадан зиёд (101,6 тонна) олтин қазиб олинди. Бу орқали Ўзбекистон бутунжаҳон рейтингида 8-ўринни эгаллаб турган Перунинг ўрнини эгаллади. 2019 йилда Ўзбекистон 94,6 тонна олтин қазиб олган эди.
Forbes нашри Ўзбекистонда дунёдаги энг йирик очиқ олтин кони — «Мурунтов» кони ҳақида ҳам айтиб ўтди. Нашр ушбу кон дунёдаги энг йирик олтин захираси бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kitco эълон қилган 2020 йилдаги олтин қазиб олиш бўйича дунёдаги энг катта конлар рўйхатида Навоий вилоятида жойлашган «Мурунтов» кони биринчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилган.
Рейтингда 1-ўринни ўтган йили 368,3 тонна олтин қазиб олган Хитой эгаллади. Кейинги ўринни Россия (331,1 тонна), 3-ўринни Австралия (327,8 тонна) эгаллади.
Кучли ўнликдан АҚШ (190,2 тонна), Канада (170,6 тонна), Гана (138,7 тонна), Бразилия (107 тонна), Мексика (101,6 тонна) ва Индонезия (100,9 тонна) мамлакатлари жой олди.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари илк бор 35 млрд доллардан ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ қолдириш