Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Ҳасан Бобоевнинг фикрича, сувдан фойдаланиш коэффициентини янада ошириш учун ирригация тармоқларидаги йўқотиладиган сув миқдорини камайтириш керак бўлади. Бунинг учун cуғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация-мелиорация объектларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш зарур.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳалар каби сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республикамизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сув хўжалиги соҳасидаги мавжуд муаммолар (сув танқислиги ва сув ресурсларига таъсир кўрсатувчи омиллар, жумладан, иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши, сувга бўлган талабнинг ошиб бориши)ни аниқлаш, уларни ўз вақтида бартараф қилиш ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш анчагина машаққатни талаб этади.
Ҳисоб-китобларга кўра, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50–60 йил давомида Марказий Осиёда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Натижада Ўзбекистонда 2030 йилга бориб сувга бўлган талаб 7 млрд. куб метрни, 2050 йилга бориб эса, бу кўрсаткич икки баробарга ортиши мумкин. Аҳоли сонининг кескин ошиб бориши, сувдан фойдаланиш самарадорлиги пастлиги ҳисобига охирги 15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти тахминан икки баробарга (3048 м3 дан 1589 м3 га) қисқарган. Натижада 2030 йилга бориб кескин ўсиб бораётган аҳолининг сифатли сувга бўлган талаби 18–20% (2,3 млрд. м3 дан 2,7–3,0 млрд. м3) га ортиши кутилмоқда. Бу ҳолат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежайдиган замонавий технологияларни қўллаш ва ирригация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш каби бир қатор чора тадбирларни ўз ичига олади.
2019–2020 йилларда сув хўжалиги соҳасини тартибга солувчи жами 30 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6024-сонли Фармонига мувофиқ тасдиқланган Концепция соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва сув хўжалигини ривожлантириш бўйича қатор долзарб вазифалар ҳамда устувор йўналишларни ўз ичига олган.
Мазкур ҳужжатда 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш ҳам назарда тутилган:
- суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
- сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
- шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;
- Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;
- барча ирригация тизими объектларига “Ақлли сув” сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;
- 100 та йирик сув хўжалиги объектида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
- қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;
- сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.
Шунингдек, Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича 37 банддан иборат бўлган “Йўл харитаси” ва концепцияни амалга ошириш натижасида эришиладиган асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларни 2020–2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни қўллаш
Республикамизда 2020 йилда 133,6 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Шу тариқа ўтган йиллар давомида тежамкор суғориш технологиялари жорий қилинган майдонлар 291,2 минг гектарга етказилиб, жами суғориладиган ерларнинг 7 фоизга яқинини ташкил қилмоқда.
Жумладан, 43 минг 40 гектар, шундан 20 минг 650 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш, 2 минг 210 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 4 минг 249 гектар майдонда дискрет (пульсар) суғориш технологияси қўлланилган бўлса, 84 минг 162 гектар майдонда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш ишлари амалга оширилган.
Ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш
Сув хўжалиги тизимида жами 28,4 минг км ирригация тизими мавжуд бўлиб, уларда 54 432 та ҳар хил гидротехника иншооти қурилган. Тизимда умумий ҳажми 19,4 млрд. м3 бўлган 70 та сув омбори ва сел омборидан фойдаланиб келинмоқда.
Эксплуатация маблағлари ҳисобидан хўжаликлараро суғориш тармоқларини тозалаш ишлари 5942,0 км (101%)га, улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш 6306 дона (101%)га ва гидропостларни таъмирлаш 6059 дона (102%), шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички ариқларни механизм ёрдамида тозалаш ишлари 16705 км (101%) ва қўл кучи ёрдамида тозалаш ишлари 84831 км (101%), гидротехник иншоотларни таъмирлаш ишлари 15302 дона (101%) ва гидропостларни таъмирлаш ишлари 16249 дона (101%)ни ташкил этган. Мазкур тадбирларни амалга ошириш натижасида ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти ўтган йилга нисбатан 0,64 фоизга оширилишига эришилган.
Ҳисобот даврида жами 735 та, жумладан, 338 та ирригация, 151 та мелиорация объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 246 та мелиорация объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Шундан 621 та объектда (260 та ирригация, 131 та мелиорация объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 230 та мелиорация объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари) қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш
Республикада ўзига хос сув хўжалиги тизими барпо қилинган бўлиб, унинг мақсади иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалигини сув билан ишончли таъминлаш, шунингдек, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган. Ҳисоботга кўра, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун умумий узунлиги 142,9 минг км, шундан 106,2 минг км очиқ ва 36,7 минг км ёпиқ горизонтал коллектор-дренаж тармоғи, шунингдек, 172 та мелиоратив насос станцияси, 3 897 та вертикал дренаж қудуқ ишлатилмоқда. Бу суғориш иншоотларининг техник ҳолати ёмонлиги ва аксарияти анча эскирганлиги туфайли уларни алмаштириш ва реконструкция қилиш талаб қилинади.
Фойдаланишдан чиққан ер майдонларини қайта фойдаланиш (оборот)га киритиш масалалари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйича фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан жами 39,7 минг гектар ерлар қайта фойдаланишга киритилган. Ушбу ерларни қайта фойдаланишга киритиш учун жами 170,0 млрд. сўмга яқин маблағлар сарфланган. Қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш 2020 йилнинг охиригача 58,2 минг гектар режалаштирилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 апрелдаги 03/1-775, 03/1-952-сонли йиғилиш баёнига 143 та ирригация лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган 158,4 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига 38,0 минг гектар ер майдонларни фойдаланишга киритилган.
Сув хўжалиги тармоғида энергия сарфини камайтириш бўйича чора-тадбирлар
Пахта ва ғалла етиштириш харажатларининг яна бир катта улуши насос станцияларини фаолиятини таъминлаб берувчи электр энергия харажатлари ҳисобланади. Ҳисоботга кўра, сув ресурсларининг номутаносиб тақсимланиши ва суғориладиган ерларнинг мураккаб релефга эга эканлиги натижасида суғориладиган ерларнинг 60 фоизига яқин қисмига 1 687 та насос станция ёрдамида сув етказиб берилиб, уларнинг йиллик электр энергияси истеъмоли 8 млрд кВт.с ни ташкил этади. 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 2,4 трлн. сўм бюджет маблағлари сарфланмоқда. Бир гектар майдонга сувни насослар орқали етказиб бериш учун бюджетдан ўртача 800 минг сўм харажат қилиняпти. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 5-6 миллиард м3 ёки 20 фоиз сув далада беҳуда сарфланмоқда. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида энергия самарадор технологияларни жорий қилиш ва тармоқда энергия сарфини камайтириш бўйича бир қанча ишлар олиб борилмоқда.
Сув хўжалиги соҳасида амалга оширилган илмий лойиҳалар ва халқаро грантлар
2020 йилда 21 та мавзудан иборат жумладан, Сув хўжалиги вазирлигининг бюджет маблағлари ҳисобидан 12 та ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 9 та мавзудаги илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Бухоро филиали, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази томонидан бажарилган.
Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази томонидан Юқори Чирчиқ туман ирригация бўлимига қарашли суғориш тармоқлари БАВ-6, БАВ-13, Ағанай, Тоштўғизоқ, БАВ-3 ва ИК қўшимча-1 каналларининг сув олиш нуқталарига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилган.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан ташқи муҳитнинг агрессив таъсирига учраган бетон ва темир-бетон каналлари, сув омборлари ҳамда бошқа гидротехника иншоотларининг фильтрацияга чидамлилигини гидроизоляцион композит материаллар ёрдамида ошириш талаблари ишлаб чиқилган. Такомиллаштирилган композит материал “Тошкент” сув омбори тўғони босимли қисмининг 16 м2 майдонида қўлланилиб, ишлаб чиқаришга тавсия этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4087-сон қарорида белгиланган илмий-тадқиқот ишларига мувофиқ, Тошкент ва Сурхондарё вилоятининг шароитида янги районлаштирилган ва истиқболли илдиз тизими томчилатиб суғоришга мос, камсувликка, гармселга чидамли ғўза навларини парваришлашда самарали агротехнологияларни ишлаб чиқилган. Ғўзани томчилатиб суғоришда мақбул суғориш меъёрлари илмий асосланди. Эгатлаб суғоришга нисбатан томчилатиб суғоришда 34-37 % сув тежалишига эришилган.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан Республика давлат илмий-техник дастурлари доирасида 5 та фундаментал, 13 та амалий лойиҳалар бажарилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги 744-сон қарори билан Хоразм вилоятида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган.
Давлат-хусусий шерикликни жорий этиш масалалари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6024-сон Фармонида вазирлик томонидан 2030 йилга қадар 50 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
2020 йилда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 29 та лойиҳа шакллантирилиб, 2020 йилга режалаштирилган 5 та ўрнига ҳақиқатда 8 та лойиҳа (160,0 фоиз) бўйича битимлар имзоланган.
Ҳасан Бобоев,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Батафсил таҳлил «Экономическое обозрение» журналининг 2021йил №4 (256) – сонида чоп этилади.
Изоҳ қолдириш