Ўзбекистон ва Афғонистон 10 йил муддатга электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида битим имзолади

Ўзбекистон ва Афғонистон 10 йил муддатга электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида битим имзолади

Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Қўшни давлат делегацияси таркибидан, шунингдек, Афғонистон президенти маъмурияти, Транспорт вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги ва Марказий банк раҳбарлари ҳам ўрин олган.

28 август куни Ҳаниф Атмарнинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан бўлган учрашувида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболлари муҳокама қилишди.

Афғонистон ташқи ишлар идораси раҳбари президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий қайта қуришга эришиш йўлидаги фаол қўллаб-қувватлаши ҳамда саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Афғонистон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Афғонистон ташқи ишлар вазири Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва логистика ҳамкорлигининг долзарб масалалари, шунингдек, Афғонистонда энергетика, темир йўллар қурилиши, савдо ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилишини жадаллаштириш ва тегишли битим лойиҳаси устида ишлаш, шунингдек, Халқаро автотранспорт бўйича битим лойиҳасини имзолашга тайёрлаш доирасида эксперт музокараларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Бунда, темир йўл транспорти соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали транспорт йўлакларини ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо айланмасини ошириш, жумладан, трансчегаравий савдони кенгайтириш ва иккала мамлакат бозорларига харидоргир қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш мақсадида тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.

Шу билан бирга, учрашув якунида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Афғонистоннинг «Da Afghanistan Breshna Sherkat» компанияси (DABS) ўртасида 10 йил муддатга электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида битим имзоланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар