Венгрия томонининг таклифига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 октябрь куни Будапештга расмий ташриф билан борди. Ташриф дастурига мувофиқ Будапешт шаҳрида Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашув ва Бош вазир Виктор Орбан билан музокаралар ўтказилди.
Бу мулоқотларда стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф давомида Президентимиз Венгриянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказди.
«Иқтисодий шарҳ» журнали давлат раҳбарининг ушбу ташрифидан келиб чиқиб, асосий маълумотларни тайёрлади.
Стратегик шерикликни кенгайтириш
Жорий йилнинг 4 октябрь куни Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди.
Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани таъкидланди.
Бу борадаги ишларни фаоллаштиришда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутмоқда.
Томонлар Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидладилар.
Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигини ривожлантиришда маданий-гуманитар соҳа алоҳида ўринга эга. Венгрия Ҳукумати “Хунгарикум” дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани айтилди.
Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Венгриянинг ишбилармон доиралари билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашувидан сўнг Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, Савдо-саноат палатаси раиси Ласло Парраг, «OTP Bank» раиси Шандор Чаньи, шунингдек, «Gedeon Richter», «Bonafarm», «Wizz Air», «Raba Holding», «Meditop», «Master Good», «Kite» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон етакчисининг хорижий ташрифлари давомида ишбилармонлар билан очиқ учрашувлар ўтказиш ўзгармас анъанага айланган. Бундай тадбирлар бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий муваффақиятларини илгари суриш, чет эл сармоядорларини ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб қилишга хизмат қилади.
Венгрия – Европанинг энг тез ўсиб бораётган иқтисодиётларидан бири, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга давлат.
Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Охирги 5 йилда товар айирбошлаш 3 баробар кўпайди. Қўшма корхоналар ва инвестициялар ҳажми ошмоқда.
Учрашувда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электроника ва электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм тармоқлари ва автомобилсозлик каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг асосий натижаларини санаб ўтди: валюта бозори ва фойдани репатриация қилиш эркинлаштирилди, давлат активлари ва банкларни, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, солиқ тизими ислоҳ қилинди.
– Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида тадбиркорлар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, юртимизда хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш борасидаги ишларни давом эттириш мақсад қилинган. Энг муҳими, хорижий бизнес янгиланишларимизга ишонди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши ва у тез фурсатда иш бошлаши айтилди.
Фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг фикрича, бўлажак қўшма лойиҳалар ҳамда уларнинг доирасида венгриялик шерикларнинг илмий ишланмалари, конструкторлик инновациялари ва технологиялари ўзлаштирилиши катта синергетик самара беради.
Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия делегациясининг ҳар бир аъзоси билан алоҳида мулоқот қилди. Аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида батафсил фикр алмашилди. Ўзбекистон томони Венгрия ишбилармонларига уларнинг инвестиция режаларини рўёбга чиқаришда тўлиқ кўмаклашишга тайёрлиги қайд этилди.
- Ҳар бир тадбиркорни мамлакатимизга келиб, бугунги кунда инвестициялар учун энг яхши жой Ўзбекистон эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилишга таклиф этаман! – деди Президентимиз.
Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо бердилар ҳамда мамлакатимиз бозорига чиқиш, истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёрлигини билдирдилар.
Куни кеча ўтган Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам томонлар ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигининг навбатдаги яққол тасдиғи бўлди.
Учрашув якунида илгари сурилган барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон вазирлик ва идораларига венгриялик ҳамкорларга юртимизда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди.
Ўзбекистон Президенти ва Венгрия Бош вазири тор доирада учрашув ўтказдилар
4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувдан сўнг Будапештдаги “Кармелита” саройида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан тор доирада икки томонлама музокара ўтказдилар.
Суҳбатда Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Виктор Орбаннинг 2021 йил мартда юртимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувлар Ўзбекистон-Венгрия муносабатларида янги саҳифа очгани ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, самарали сиёсий мулоқот ва парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб туриши, ривожланиш стратегиялари диверсификация ва индустриаллашувга қаратилгани билан бир-бирига ўхшашлиги қайд этилди.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш қарийб 3 баробар ошгани, уни янада кўпайтириш учун барча имкониятлар ва омиллар мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон Евроиттифоқнинг «GSP+» аъзоси мақомига эга экани ҳам бунга хизмат қилади.
Томонлар ўзаро имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватлар яратиш ва шу орқали МДҲ, Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқишга интилади.
Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ҳамда илмий тадқиқотлар ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Икки мамлакат етакчилари долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар. Халқаро тузилмалар, шу жумладан БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.
Венгрия Бош вазири жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этишини тасдиқлади.
Ўзбекистон ва Венгрия стратегик шерикликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Етакчилар Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани чинакам тарихий воқеа бўлгани ҳамда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ривожига тўлиқ ҳамоҳанглигини таъкидладилар.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар кўпайганини қайд этди. Томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлашни 500 миллион долларга етказиш режасини рўёбга чиқаришга келишиб олдилар.
Виктор Орбан Венгрия Ўзбекистонни ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори деб ҳисоблашини таъкидлади. Ушбу ташрифнинг бой дастури ҳам ўзаро мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга интилиш қатъийлигидан далолат беради.
Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди.
Шу мақсадда ҳукуматларга устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузиш топширилди.
Шу билан бир қаторда бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади, имкониятлар максимал даражада ишга солинади, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишлари қамраб олинади.
Томонлар яқинда ўтказилган бизнес-форумнинг муваффақиятли якунлари, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани натижадор ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этдилар.
Эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Венгрия етакчилари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.
Ўзбекистон-Венгрия ўртасида имзоланган ҳужжатлар
Будапешт шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.
Ҳужжатда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган, дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани таъкидланган.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди. Булар:
- 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур;
- Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси;
- Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим.
Шунингдек, божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга икки кунлик расмий ташрифи тадбирларга бой ва сермаҳсул бўлди.
Изоҳ қолдириш