Ўзбекистон янги иқтисодий ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

Ўзбекистон янги иқтисодий ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

Куни кеча Президентимиз раислигида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Тарихий аҳамиятга эга бу йиғилишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хизматлар соҳасига қулай кредит, субсидия ва янги енгилликлар пакети жорий этилиши, бир қатор солиқларни имтиёзли ставкада қўллаш, йўл, электр, интернет каби инфратузилмалар яратилиши тадбиркорлар орзу қилган имконият эди.

Хизматлар соҳаси мамлакат иқтисодий ўсиши, арзон иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, хизматлар соҳасининг 1 фоизга ўсиши камбағалликни ўртача 1,5 фоизга қисқартиради.

Иқтисодий ривожланишнинг дастлабки босқичларида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларининг ривожи маҳсулотларни етказиб бериш (транспорт соҳаси), коммунал инфраструктуралар (сув, газ, электр, канализация), ишлаб чиқаришни молиялаш (банклар), маҳсулотлар бозорини кенгайтириш (ахборот, коммуникация хизматлари) ва бошқа муҳим хизматларга боғлиқ бўлади. Бундан ташқари, мамлакатда меҳнат унумдорлигини ва инсон капиталини ошириш (таълим, соғлиқни сақлаш), халқаро савдони кенгайтириш имкониятлари ҳам хизматлар соҳасининг ривожини талаб қилади.

Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 38 фоизи ва умумий корхоналарнинг 60 фоизи хизматлар соҳасига тўғри келади. Республикада жами банд аҳолининг 50 фоиздан ортиғи хизматлар соҳасининг улгуржи ва чакана савдо (10,6 фоиз), таълим (8,4 фоиз), транспорт (4,8 фоиз), давлат бошқаруви (4,7 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (4,6 фоиз) соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Солиштириш учун Россия (56 фоиз), Қозоғистон (56 фоиз), Беларусь (50 фоиз) ва Жанубий Кореяда (57 фоиз) хизматлар соҳасида мамлакат ялпи даромадининг ярмидан кўпи яратилади.

Мамлакатимизда хизматлар ривожи фақат шу соҳани ривожлантирибгина қолмай, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига ҳам мультипликатив таъсир кўрсатади. Масалан, молия, суғурталаш хизматларига талабнинг 1 миллион сўмга ўсиши иқтисодиётда қўшимча 3,2 миллион сўм қиймат яратади. Худди шундай катта мультипликатив таъсирга эга бўлган соҳалар қаторига консалтинг хизматлари, яшаш ва умумий овқатланиш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш ва коммунал хизматларни киритса бўлади.

Шундай экан, мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини ривожлантириш, уни иқтисодиётимизнинг “локомотив”ига айлантириш ЯИМни 100 миллиард доллардан ошириш ва пировардида мамлакатимиз даромади ўртадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилишига замин яратади.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш

Хизмат кўрсатишнинг ушбу афзалликлари инобатга олинган ҳолда, 14 декабрь куни Президентимиз хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида 2021 йилда хизматлар соҳасида 18 триллион сўмлик 29 минг лойиҳа амалга оширилиб, хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсганини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳали бу соҳада ўзлаштирилмаган имкониятлар кўплиги ва уларни амалга ошириш ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадини ошириш, камбағалликни кескин камайтириш имкониятини беради.

Шу боис, 2022 йилда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий жиҳатдан муҳим қарорлар қабул қилинди. Ўзбекис тоннинг ўзига хос хусусияти шундаки, хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳудудларнинг нисбий устунликларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилишини талаб этади.

Масалан, Ўзбекистонда 158 та қишлоқ туманлари, 29 та ўрта ва йирик шаҳарлар, 6 та йирик туманлар ҳамда чегара олдида жойлашган 25 та туман мавжуд. Шу боис, аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятдан келиб чиқиб, ҳудудларда хизматлар 3 та йўналишда ривожлантирилади. Бунда, янги ёндашув асосида ҳар бир туман ва шаҳар кесимида алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Беқиёс маданияти, гўзал табиати ҳамда бетакрор тарихий обидаларига эга Ўзбекистон учун сайёҳлик соҳасини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Жаҳон туризм ташкилоти томонидан Самарқанд шаҳри 2022 йил учун бутунжаҳон туризм пойтахти, деб эълон қилинди ва Ўзбекистон тарихда биринчи марта Жаҳон туризмташкилотининг Бош ассамблеясига мезбонлик қилади.

Ҳозирги пандемия даврида кўплаб мамлакатларда ички туризмни ривожлантиришга устуворлик берилмоқда. Масалан, ташқи туризм бўйича дунёда етакчи бўлган Хитойнинг ички туризм харажатлари ташқи туризмга нисбатан бир неча карра юқоридир. Қўшни давлатларда, масалан, Қозоғистонда жами сайёҳларнинг 85 фоизини маҳаллий аҳоли ташкил қилса, Қирғизистонда бу кўрсаткич 75 фоизга етади.

Ўзбекистонда деярли барча ҳудудларда ички туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Масалан, Тошкент вилоятида — Бўстонлиқ ва Паркент, Жиззах вилоятида — Зомин ва Бахмал, Қашқадарёда — Китоб, Қамаши ва Шаҳрисабз, Навоийда — Нурота, Самарқандда — Ургут, Сурхондарёда — Бойсун ва Сариосиё каби кўплаб жойлар бор. Биргина Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида 16 санаторийнинг қайта тикланиши ҳисобига 1,5 минг киши иш билан таъминланиши мумкин. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида енгил конструкциялардан фойдаланган ҳолда туристик базалар ташкил этиш орқали 8 мингга яқин фуқарони иш билан таъминлаш имкони бор. Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида даволаш-соғломлаштириш туризми доирасида минерал сув хўжалигини ривожлантириш ҳисобига минглаб иш ўринлари яратса бўлади.

Шуларни инобатга олган ҳолда, ҳозирда мамлакатимизда туризм салоҳияти юқори бўлган 45 та ҳамда 40 та тоғли ва тоғолди туманлар ривожига алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳудудларда йўл, коммунал хизматлар, мобиль алоқа ва тезкор интернет масалалари туфайли туризм имкониятларидан фойдаланиш чекланмоқда. Масалан, биргина Шаҳрисабз туманининг Наврўз, Мираки, Оқдарё ва Ҳисор ҳудудларига йилига 500 мингга яқин сайёҳ ташриф буюради. Лекин йўл, мобиль алоқа ва интернет, меҳмонхона, умумий овқатланиш инфратузилмаси ривожланмагани боис, сайёҳлар бир кунга келиб кетмоқда.

Ушбу қишлоқларга олиб борувчи 65 километр йўлни таъмирлаб, интернет, мобиль алоқа ва коммунал инфратузилма масалалари ҳал қилиб берилса, туризм хизматлари 3-4 баробарга ошади.

Бу орқали 45 та қишлоқда минглаб меҳмон уйлари, меҳмонхоналар, овқатланиш ва савдо шохобчаларини ташкил этса бўлади. Бундан ташқари, минглаб одамларнинг бандлигини таъминлаш имконияти яратилади.

Худди шундай, йўл инфратузилмасининг таъмирланмагани туфайли Қамашида жаҳонда саноқли ва ноёб бўлган Майданак обсерваторияси ҳамда XIV аср ёдгорлиги ҳисобланган “Лангар ота” масжидининг сайёҳларни жалб қилиш имкониятлари ҳам чекланмоқда. Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида йирик туризм объектларига олиб борувчи йўл, мобиль алоқа, интернет, меҳмонхона, ва коммунал инфратузилмалари давлат томонидан таъминланади.

Бундан ташқари, сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган туманларнинг “мастер режа”лари ишлаб чиқилиб, ерлар тадбиркорларга тайёр лойиҳа билан аукционга чиқарилади. Бу ишлар учун дастлабки босқичда, яъни 2022 йилда 200 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шу билан бирга, келаётган йилда сайёҳлик ҳудудларида инфратузилмани яхшилашга 100 миллион доллар жалб қилинади.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини рағбатлантириш мақсадида янги чоралар эълон қилинди. Бунда:

— янги меҳмонхона, дам олиш масканлари учун мол-мулк ва ер солиғи 3 йил давомида 2 баробар паст ставкада тўланади;

— туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиб, 3 йил давомида айланмадан олинадиган ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада, мол-мулк ва ер солиқлари эса ҳисобланган суммадан 1 фоизи миқдорида белгиланади.

Келаётган йилдан бошлаб оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида, меҳмон уйларини ташкил этиш ва таъмирлаш учун ҳам, имтиёзли кредит ажратиш йўлга қўйилади. Бундан буён сайёҳлик салоҳиятини янада кенгайтириш мақсадида туман ва шаҳарлар танлаб олиниб, уларда махсус солиқ режими жорий қилинади.

Барчамизга маълумки, ҳозирги давр сайёҳлик объектларида сифатли алоқа ва интернет тармоғи бўлмаслиги уларнинг жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Афсуски, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида барча алоқа операторларининг станциялари бўлмагани туфайли кўпгина сайёҳлик манзилларида мобиль алоқа ва интернет хизматлари сифати талаб даражасида эмас.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилда қиш лоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилиши, алоқа операторларига базавий станциялардан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилиши таъминланади. Ушбу чора мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мобиль алоқа ва интернет хизмати кенг тарқалишига ижобий таъсир кўрсатади.

Саноати ривожланган 27 туманда аҳолининг даромад даражаси инобатга олинган ҳолда, савдо, умумий овқатланиш, логистика, меҳмонхона, техник хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканлар хизматларини ривожлантиришга устуворлик берилади. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 200 миллиард сўм ажратилади.

Мисол учун, биргина Оҳангарон туманида 2022 йилда йирик қурилиш материаллари кластерлари ишга тушиши ҳисобига, логистика, қурилиш, аутсорсинг, экспертиза, савдо ва овқатланиш, меҳмонхона каби хизматларга талаб камида 2 баробар ошади. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш туманнинг иқтисодий ўсиши ва ишсизликни пасайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Худди шу каби, Ўзбекистон туманида ҳам умумий лойиҳа қиймати 545 миллион долларлик 11 та цемент, гипсокартон, газоблок, темир-бетон, металл буюмлар, қуруқ қоришмалар корхоналари ишга тушади. Бу туманда хизматлар соҳасига талаб камида 25-30 фоиз ошишига олиб келади.

Шу боис, туманнинг Шўрсув, Даҳана, Каримобод ҳудудларида камида 100 та савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат объектлари, йирик логистика маркази, 20 та техник хизмат кўрсатувчи корхона ташкил этиш орқали минглаб иш ўрни яратиш имкони яратилади. Шунингдек, янги саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналарига кадрлар тайёрлаш, уларни янги технологияларга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш орқали, касбий таълим ва ахборот технологиялари хизматлари ҳажмини ҳам 50 фоизга ошириш мумкин.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигида даромад юқори бўлган туманларда ишлатилмай турган резервларни жонлантириш имкониятларини Қамаши тумани мисолида тушунтириб ўтди.

Бундай туманларда ўртача киши бошига тўғри келадиган ойлик хизматлар миқдори 270 минг сўм бўлса-да, Қамашида бу кўрсаткич 180 минг сўмни ташкил этади. Туманда 100 минг бошдан ортиқ қорамол, 200 мингдан зиёд қўй-эчки ва 450 мингга яқин парранда мавжуд бўлгани ҳолда, ҳозирда бор-йўғи 18 нафар ветеринар фаолият юритмоқда. Шу боис, туманда камида 10 та хусусий ветеринария хизмати корхонаси ташкил этилиб, 150 дан зиёд иш ўрни яратиш иконияти мавжуд.

Бундан ташқари, туманда пахта ва ғалладан бўшайдиган 940 гектар, жумладан, келаси йилда 400 гектар ер майдони аҳолига ижарага берилади.

Мазкур майдонларда йилига 18 минг тонна сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар етиштиришни инобатга олиб, уларни кафолатли харид қилиб, сақлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари кўрсатиш учун 5 та кооперация ташкил этилади.

Шунингдек, ушбу экин майдонларида уруғ, кўчат, ўғит етказиб бериш, агроҳимоя, сув тежовчи технологиялар ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш, иссиқхоналар қуриш, минитехника билан таъминлаш, аҳолини ўқитиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича алоҳида Агрохизматлар маркази ташкил этилади.

Туман марказида 7,5 гектар майдонда барча талабга жавоб берадиган, қуввати 200 тонналик совуткичга эга янги “эко-бозор” қурилади ва яна мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади. Шу билан бирга, Қамашида янги иш бошлаган 60 нафар ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳоли учун кундалик зарур бўлган маиший хизматлар (сартарошхона, гўзаллик салони, ҳаммом, тикувчилик, пойабзал, техника таъмирлаш ва бошқалар) бўйича 600 дан зиёд лойиҳалар шакллантирилган. Ҳоким ёрдамчилари касбга ўқитиш, ер участкаларини аукционга чиқариш, тижорат банклари ва иқтисодий идоралар билан бирга лойиҳаларни шакллантириш, уларга кредит, субсидиялар олиш бўйича масъул бўлади. Туманнинг 2 та марказий кўчасида 100 дан зиёд савдо, овқатланиш, дорихона ва бошқа хизматлар кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш режа қилинган.

2022 йилдан бошлаб мамлакатимизда марказлашган уй-жой қурилишига эътибор янада кучайтирилади. 2022 йилда юртимиз бўйлаб 21 та қишлоқ туманларида 10 минг оила учун “Янги Ўзбекистон” массивлари, мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Ушбу янги массивларда 21 турдаги зарур хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳудудларда бандликни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади.

Мамлакатимизда 85 та чегара олди ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистраль ва темир йўллар ўтган 99 та туман савдо ва логистика хизматлари кўрсатишга ихтисослашади. Мисол учун, Ғиждувон туманидан ўтган “А-380” халқаро автомагистраль йўли ёқасида жойлашган 245 та аҳоли уй-жойларининг 1-қаватида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали минглаб одамлар бандлигини таъминлаш мумкин. Буни амалга ошириш учун банклар томонидан уйларни қайта қуриш ва мослаштиришга имтиёзли кредитлар ажратилади.

Бугунги кунда магистраль йўл бўйи сервис объектлари бўйича барча халқаро автомобиль йўллари атрофида, хорижий лойиҳачиларни жалб этган ҳолда, Йўлбўйи хизматларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Охирги 5 йилда мамлакатимизда магистраль йўлбўйи ва чегара олди ҳудудларида логистика хизматларини ривожлантириш имконияти кенгаймоқда. Масалан, Ғиждувонда 34 гектар майдонда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарёни боғловчи вилоятлараро улгуржи савдо марказини қуриб, 5 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин.

Бундан ташқари, ҳозирда Тошкент шаҳрига катта ҳажмли машиналарда кунига 130 минг тонна юк кириб, чиқади. Бу пойтахтда тирбандлик, йўллар сифати ва ҳавонинг тозалигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. 2022 йилда Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ ва Тошкент туманларида юк тақсимловчи йирик улгуржи савдо логистика марказларини қуриш орқали бу масала ҳам ўзининг ижобий ечимини топади.

Тошкент туманидаги “Ғишткўприк” божхона постини кенгайтириш, 11 километр йўл бўйини замонавий қиёфага келтириш, 400 гектар майдонда савдо ва логистика марказини ташкил этиш ҳисобига, кунига 5 мингта юк транспорти, 35 минг кишига хизмат қиладиган инфратузилма яратилади. Мазкур лойиҳа мамлакатимиз ташқи савдо потенциалини оширувчи катта қадам, десак муболаға бўлмайди. Шу билан бирга, юртимизга келиб кетувчи зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида барча қўшни давлатлар билан чегара ўтказиш пунктлари ва уларга борадиган йўлларни ўрганиб, сервис инфратузилмасини тубдан яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Мамлакатимизнинг 29 та ўрта ва йирик шаҳарлари ҳамда аҳолиси 300 мингдан ортиқ бўлган 6 та туманида хизматлар соҳаси алоҳида ёндашув асосида ривожлантирилади.

Барчамизга маълумки, ушбу шаҳар ва туманларда хизматлар кўламини кенгайтириш учун, энг долзарб масала бу — жой ажратиш ҳисобланади. Лекин бу шаҳарларда минглаб кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, нотурар объект сифатида уларнинг 10 фоизидан ҳам фойдаланилмаяпти. Ваҳоланки, аҳолига хизмат кўрсатиш учун энг қулай жой — кўп қаватли уйларнинг биринчи қавати ҳисобланади.

Айни пайтда шаҳарларда кўп қаватли уйлар ертўлалари ҳам деярли бўш турибди. Ушбу резервлардан фойдаланиш учун янги қуриладиган кўп қаватли уйлар ертўласида хизмат кўрсатиш имкониятларини яратиш бўйича қурилиш нормаларига ўзгартиришлар киритилади ва хонадонларни нотурар объектга айлантиришнинг соддалаштирилган механизми ишлаб чиқилади. Бунда тадбиркорларимизга қулайлик яратиш мақсадида кераксиз бюрократияни олиб ташлаб, ёнғин хавфсизлиги ва санитария бўйича аниқ талаблар белгилаб берилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари вилоят ҳокимларига йил якунига қадар 35 та туман ва шаҳарда енгил конструкцияли объектлар учун камида 100 тадан ер участкасини аукционга чиқариш вазифасини қўйди.

Шаҳарлар ва йирик туманларда аҳоли даромадларининг юқорилиги таълим, тиббиёт, санъат, туризм, уй-жой ва транспорт хизматларига талабни оширади. Масалан, шаҳарлардаги аксарият давлат мактаблари юқори юклама билан ишлаётгани, боғча ўринлари етишмаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ушбу мақсадда хусусий таълим хизматлари қамровини кенгайтириш аҳолига катта имконият ва енгилликлар яратади. Мазкур хизматлар турларини ривожлантириш мақсадида аҳоли эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, 100 та қулай ер майдонларини белгилаб, мактаб ва боғча қуриш шарти билан, аукцион орқали тадбиркорларга берилади.

Шулар қаторида 2022 йилда шаҳарлар ва йирик туманларда бошланадиган Урганчдаги Паҳлавон Маҳмуд ва Хивадаги аллея ҳудудларида “Туризм кўчаси”, Бухоро шаҳрида “Тиббиёт шаҳарчаси”, Гулистон шаҳрида тиббиёт, Гулистон ва Янгиерда таълим ва тарбия кластерлари, Қўқон шаҳрида савдо ва транспорт-логистика маркази, Андижон ва Нурафшонда тез юрар транспорт тизимлари ушбу ҳудудлардаги хизматлар соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқади.

Келгуси йилда 35 та туман ва шаҳарда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари, йирик савдо мажмуаларини ташкил этиш учун 200 миллион доллар йўналтирилади ва хизмат кўрсатиш соҳасида 200 минг иш ўрни яратилади.

Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг энг йирик Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш алоҳида дастур асосида амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида миллий ва замонавий санъат, жумладан, рассомлик, ҳайкалтарошлик, театр, мақом, опера, эстрада йўналишларида дунёга танилган мактаблар мавжуд. Шаҳар ҳудудида санъат, рассомлик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик вакилларини кенг жалб қилиб, йирик “санъат кўчалари”ни яратиш шаҳарлар жозибадорлигини оширади. Бугунги кунда бу соҳа вакилларига маҳсулотини сотиши учун шароитлар етарли эмаслиги ҳам айни ҳақиқат.

Бундан ташқари, Чиғатой маҳалласида миллий таомлар тайёрлаш анъаналарини тиклаш орқали, нафақат ички, балки минтақавий гастрономик туризмни ривожлантириш имкониялари мавжуд.

Тошкент шаҳридаги 10 дан ортиқ музейни қайта таъмирлаш орқали уларнинг жозибадорлигини ошириш ҳисобига ҳам йилига 500 мингдан зиёд сайёҳлар учун янги маршрутларни ташкил этса бўлади. Ушбу мақсадда 2022 йилда Франция, Италия, Туркиядан реставратор ва музей иши мутахассисларини жалб қилиб, барча музейларни замонавий қиёфага келтириш ва ноёб экспонатларни намойиш этиш йўлга қўйилади.

Таълим ва тиббиёт муассасалари жойлашган ҳудудларда бошқа хизматларни ривожлантириш учун имкониятлар кўп. Шу йилнинг ўзида 40 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари тиббиёт хизматларидан фойдаланди. Тошкент, Наманган ва Самарқандда ядро медицинаси маркази, нейро ва кардиохирургия, стоматология, косметология клиникаларини ташкил этиш бўйича тадбиркорларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланган ҳолда, молиявий ва бошқа кўмаклар берилади.

Яна бир масала — Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда “Такс фри” тизимини жорий этиш, шаҳар ичида “Дюти фри” дўконларини очиш орқали чакана савдо ҳажмини 2-3 баробарга ошириш имконияти яратилади. Умуман, хорижий меҳмонларга харидлари учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими барча сайёҳлик шаҳарларида йўлга қўйилади.

Замонавий тиббий хизматларнинг ривожи аҳолимизга қулайлик яратиши билан бирга, тиббий хизматлар экспортига ҳам катта туртки бўлмоқда.

Шу боис, хусусий тиббиёт учун берилган солиқ ва божхона имтиёзлари муддати яна икки йилга узайтирилади.

Мамлакатимизнинг тарихий маркази Самарқанд шаҳрида 400 минг квадрат метр бўлган 7 та ва Наманган шаҳрида 200 минг квадрат метр бўлган 3 та йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари фаолияти йўлга қўйилади.

Умуман, 2022 йилда Тошкент, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида хизмат кўрсатиш соҳасида 750 минг иш ўрни яратилади ва мамлакат бўйича хизмат кўрсатиш соҳасида лойиҳаларни амалга оширишга 500 миллион доллар ажратилади.

Муҳсинжон Холмуҳамедов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар