Сўнгги 8 йилда Ўзбекистонда хизматлар соҳаси миллий иқтисодиётнинг драйвер тармоқларидан бирига айланиб, барқарор ва изчил ўсиш суръатини намоён этмоқда. Жорий қилинган ислоҳотлар, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва инфратузилмани такомиллаштириш хизматлар сегментининг сифат ва ҳажм жиҳатидан кенгайишига мустаҳкам замин яратди.
2017–2024 йилларда кўрсатилган хизматлар умумий ҳажми 2,5 бараварга ортиб, соҳа ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2017 йилдаги 38,1 фоиздан 47,4 фоизга кўтарилди. Бу кўрсаткич хизматлар сектори иқтисодиётдаги ўрни ва таъсири ошиб бораётганини яққол тасдиқлайди.
Соҳадаги инвестицион фаоллик ҳам сезиларли даражада ошди — 2017 йилдан 2024 йилгача хизматлар соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2,2 бараварга ўсиб, 112,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу эса ушбу сегментни маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун жозибадор майдонга айлантирди.
Хизматлар соҳасининг асосий таркибий қисмлари — савдо, транспорт, молия, турар-жой ва овқатланиш хизматлари ҳисобланади. 2024 йилда бозор хизматлари умумий ҳажмидаги улуши бўйича:
- турар-жой ва овқатланиш хизматлари — 22,4%,
- савдо хизматлари — 18,6%,
- транспорт хизматлари — 17,7%,
- молиявий хизматлар — 16,5%ни ташкил қилди.
Қолган муҳим йўналишлар орасида ахборот ва алоқа (6,9%), таълим (3,9%) ва бошқа турдаги ижтимоий хизматлар алоҳида ўрин тутади.
Айнан молиявий хизматлар сектори энг жадал ривожланган соҳалардан бири бўлиб, банк тизимини либераллаштириш, рақамли молияни кенг жорий этиш ва аҳоли учун молиявий инклюзивликни оширишга қаратилган ислоҳотлар самарасини бермоқда. 2017–2024 йиллар давомида молиявий хизматлар ҳажми 7,5 бараварга ўсиб, 135 трлн сўмга етди. Шу билан бирга, уларнинг ЯИМдаги улуши 4,2 фоиздан 9,3 фоизгача ошди.
Шунингдек, ахборот технологиялари ва телекоммуникация соҳаси ҳам энг тез ўсувчи йўналишлардан бирига айланди. Ахборот ва алоқа хизматлари ҳажми 4,9 бараварга ўсиб, 2024 йилда 56,8 трлн сўмни ташкил этди, IT хизматларининг иқтисодиётдаги улуши 3,9%га етди. Бу рақамлар соҳанинг рақамли трансформация жараёнларидаги етакчи ўрнини кўрсатади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш