Ўзбекистонда 5 йил давомида 6,8 трлн сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган

Ўзбекистонда 5 йил давомида 6,8 трлн сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган

5 октябрь куни АОКАда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодиров иштирокида брифинг ўтказилди.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан ўтказилаётган навбатдаги брифинг 2016-2021 йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ва 2022-2026 йиллардаги устувор вазифаларга бағишланади.

2016-2021 йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижадорлиги

Охирги йилларда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги натижасида, бугунги кунда ушбу тармоқ мамлакат иқтисодиётининг “драйвер” соҳасига айланмоқда.

Жумладан, таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йилда 6,8 трлн сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида ўтган йилда бу кўрсаткич 22 трлн сўмни, жорий йил якуни билан эса 24,2 трлн сўмни ташкил этади (2016 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошади).

Хусусан, 2021 йил якуни билан:

  • Цемент ишлаб чиқариш – 15,4 млн тонна (2016 йилга нисбатан 1,8 баравар);
  • қурилиш ойнаси – 28 млн кв метр (2,2 баравар);
  • гипсокартон – 68 млн кв метр (2,3 баравар);
  • қуруқ аралашмалар – 800 минг тонна (4,4 баравар);
  • керамик плитка – 22 млн кв метр (2,3 баравар);
  • гулқоғоз – 2,6 млн ўрам (115 баравар);
  • газобетон – 1,4 млн куб метр (2019 йилга нисбатан 4 баравар)га етказилади.

Шунингдек, 2016 йилда соҳа бўйича 55 млн долларлик экспорт амалга оширилган бўлса, жорий йил якунида бу кўрсаткич 288 млн долларни ёки ушбу даврга нисбатан 5,2 бараварни ташкил этади.

Шуни алоҳида кайд этиш лозимки 2016-2021 йилларда соҳага инвестициялар жалб қилиш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2016 йилда соҳага жами 360 млн долларлик инвестиция жалб қилинган бўлса, жорий йил якуни билан ушбу кўрсаткич 1 620 млн долларни ташкил этиши ва ушбу даврга нисбатан инвестиция ҳажмини 5,6 барабарга ошириш мўлжалланмоқда.

Ушбу даврларда жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳажми 72,5 млн доллардан 1 145 млн долларга етказилади (15,8 бараварга кўп).

Соҳада маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали, уларнинг импортини оптималлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йил якуни билан маҳаллийлаштириш дастури доирасида 17 турдаги 920 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва натижада 86 млн долларлик қурилиш материалларининг импортини ўрнини босиш мўлжалланмоқда.

Бугунги кунда айрим турдаги қурилиш материалларига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобидан қопланмоқда. Жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан иссиқлик изоляция материалларига бўлган талаб 83 фоизга, линолеум – 81 фоизга, қурилиш ойнаси – 70 фоизга, лок-буёқ маҳсулотлари – 65 фоизга, газбетон блоклари – 51 фоизга, санитар-техник воситалари – 40 фоизга, деворбоп гулқоғозлар – 30 фоизга таъминланган.

2022-2026 йилларда соҳада амалга ошириладиган устувор вазифалар

Ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 9 июнь кунидаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қабул қилган 6244-сонли Фармонига асосан қурилиш материаллари тармоғини бошқаришнинг мутлақо янги тизими жорий этилди.

Жумладан, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил этилиб, унинг асосий фаолият йўналишлари белгилаб берилди. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг жойлардаги филиалларида Қурилиш материалларини ривожлантириш марказлари ташкил этилиб, улар малакали мутахассислар билан бутланди.

Мазкур қарор билан республикамиз ҳудудларидаги 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Ушбу туманларнинг саноат инфратузилмасини ривожлантиришга 400 млрд сўм маблағ ажратиш белгиланди.

Шунингдек, геологик-қидирув ишларини олиб бориш учун 100 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Тармоқни янада такомиллаштириш, соҳага хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳамда янги саноат корхоналарини ташкил этиш мақсадида 2022-2026 йилларда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Унга кўра 2026 йилга бориб тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 42,3 трлн сўмга етказиш ва бунда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг улушини 2016 йилдаги 32,3 фоиздан 53 фоизгача етказиш белгиланган.

Натижада, асосий турдаги қурилиш материалларига бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қопланади. Жумладан, газобетон, иссиқлик сақловчи изоляция материаллари, қурилиш ойнаси, цемент каби маҳсулотлар бўйича ички талаб қопланиб, маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспортга йўналтирилади.

Шунингдек, дастурга кўра 2026 йилга бориб қурилиш материалларининг экспорти 505 млн долларга ёки 2021 йилга нисбатан 1,8 бараварга оширилади.

Тармоқни ривожлантиришга 2,76 млрд долларлик инвенстициялар жалб қилинади ёки жорий йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,7 бараварга оширилади.

Ушбу даврда маҳаллийлаштирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилдагидан 1,7 бараварга оширилиб 1,55 трлн сўмга етказилади.

Булардан ташқари, ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 30 апрель куни ўтказилган йиғилишдаги топшириғига асосан нуфузли “BCG” хорижий компанияси томонидан Қурилиш материаллари саноатини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди.

Унда, тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш каби таклифлар ҳамда стратегияни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар