Ўзбекистонда COVID-19 юқтириб олган хорижлик сайёҳларга 3000 АҚШ доллари тўлаб берилади

Ўзбекистонда COVID-19 юқтириб олган хорижлик сайёҳларга 3000 АҚШ доллари тўлаб берилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан мамлакатда чет эллик сайёҳ коронавирус инфекцияси билан касалланган тақдирда, унга 3000 доллар товон пули тўлаб берилиши белгиланди.

Ҳужжат билан «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» (Ўзбекистон. Кафолатланган хавфсиз саёҳат) санитария-эпидемиологик тизими жорий этилиб, ушбу тизим чет эллик сайёҳлар учун ўзига хос «ҳаво ёстиғи»га айланиши керак.

Ушбу тизимнинг бир қисми сифатида Хавфсиз туризм жамғармаси ташкил этилмоқда. Уни молиялаштириш манбаси сифатида Инқирозга қарши фондидан 20 миллиард сўм, шунингдек сертификатлаш тўловлари киради.

Миллий инновацион соғлиқни сақлаш палатаси раиси Равшан Изамов «Ўзбекистон 24» га берган интервюсида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўзларининг хавфсизлигига амин бўлишлари кераклигини айтиб ўтди.

«Улар коронавирус инфекциясининг ҳар қандай шакли — нафақат вирус, нафақат бактериялар, балки санитария ва эпидемиологик фаровонликка тегишли бошқа муаммолар ҳам уларга таъсир этмаслигига амин бўлишлари керак. Тур операторлари, меҳмонхоналар ва туризм соҳаси билан боғлиқ бўлганлар бир қатор зарур талаблар бажарилгандан сўнг уларга махсус сертификат берилади… Ушбу сертификат уларга сайёҳлар билан ишлашга имкон беради», деди Равшан Изамов.

Мазкур сертификат олиш учун бериладиган дастлабки бадал ҳақида гапирганда, Равшан Изамов тадбиркорлар учун сертификатлаштириш тизими ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъкидлади.

«Агар чет эллик сайёҳ коронавирус инфекциясини юқтириб олса, унга 3000 доллар товон пули тўлаб берилади. Ушбу амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг қўлланилади. Туроператор томонидан карантин даврида чет эллик туристларга хизматлар фақат „Uzbekistan. Safe travel guaranteed“ реестрига киритилган объектларда амалга оширилиши мумкин. Туристик ҳудудларнинг маъмурий кенгашини бошқариш ҳукумат раҳбарига юклатилди», — таъкидланади «Ўзбекистон 24» тайёрлаган репортажда.

Шунингдек, давлат активлари — туристик объектларни сотишдан тушган маблағлар бюджетдан ажратиладиган маблағлар замонавий инфратузилмани шакллантириш учун Туризмни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Хусусий мажмуаларни туристик зоналарга ўтказилишининг 75 фоизи ушбу зоналар маъмуриятига ва қолган 25 фоизи Туризмни ривожлантириш жамғармасига ўтади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар