Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолияти юзасидан республика бўйича йиғилиш ўтказилди.
Президент томонидан жорий этилган “маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимини жорий этиш бўйича декабрь ойининг ўзида Давлат раҳбарининг 1 та фармон ва 2 та қарори қабул қилинди.
Ушбу тизимни тўғри йўлга қўйиш учун Республика комиссияси тузилди, ҳар бир ҳудудга 3 кишидан иборат Ишчи гуруҳлар (42 киши), туман (шаҳар)ларга камида биттадан республика вакиллари (299 киши) бириктирилди.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари ишини вертикал мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳарларда Маҳаллабай ишлаш марказлари ташкил этмоқда.
Қабул қилинган ҳужжатлардан келиб чиқиб, декабрь ойида республика вакиллари ва ҳоким ёрдамчилари учун семинарлар ташкил этилиб, ўқитилди.
Йиғилишнинг асосий мақсади – ҳоким ёрдамчилари фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйиш бўйича олдинда турган масала ва вазифаларни белгилаб олиш, жумладан, 2022 йилнинг январь ойида ва 1-чорак якунига қадар қандай ишларни ташкил этишни муҳокама қилишдан иборат.
Йиғилишда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этишдан кўзланган бош мақсад – давлат сиёсатини маҳаллагача тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш мақсадлари тушунтириб берилди.
Бу бош мақсадга эришиш йўлида ҳамма учун умумий бўлган вазифалар белгилаб олинган:
биринчи: ҳоким ёрдамчиси ўзига бириктирилган маҳаллани тўлиқ ўрганиши, барча хонадонларни уйма-уй юриш орқали хатловдан ўтказиш, маҳаллага ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан диагноз қўйиш;
иккинчи: маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлар ва маҳалла фаоллари билан дўстлашиш ва улар билан доимий фикр алмашиш;
учинчи: ишларни босқичма-босқич амалга ошириш, яъни ойлик, чораклик ва йиллик устувор вазифаларни тўғри белгилаб олиш;
тўртинчи: аҳолининг тизимга бўлган ишончини ошириш учун дастлабки 3 ойда маҳаллада натижа кўрсатиш. Бунда биринчи навбатда тез натижа берадиган осон ва енгил лойиҳаларни амалга ошириш (масалан, 3-4 та хонадонда иссиқхона ташкил этиш, 4-5 та фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш орқали ишга жойлаштириш, 3-4 та фуқарога ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия ажратиш ва ҳ.к). Акс ҳолда аҳолининг уларга бўлган ишончи пасайиб боради;
бешинчи: муваффақиятга эришган ҳоким ёрдамчиларининг тажрибалари билан бошқаларни доимий таништириб бориш.
Шунингдек, йиғилишда ҳоким ёрдамчиларининг маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “хонадонбай” ўрганиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш, субсидиялар ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишга кўмаклашиш, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган “етакчи” тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш, ишсизларни, биринчи навбатда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га кирган ёшлар ва хотин-қизларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш каби асосий вазифалари эслатиб ўтилди ҳамда ушбу масалалар юзасидан келгусида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Шу билан биргаликда, республика миқёсида 9500 нафар ҳоким ёрдамчилари фаолияти кўрсатиши режалаштирилганлиги ҳамда уларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ҳоким ёрдамчилари фаолияти ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган платформа шакллантирилаётганлиги ҳамда ушбу платформа орқали фуқаролар ҳоким ёрдамчилари билан бевосита боғлана олиши ва ўз муаммоларини бартараф этишлари мумкин эканлиги айтиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш