Маълумки, мамлакатимиздаги мавжуд табий-иқлим шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, хусусан, мева-сабзавотчиликни барқарор ривожлантириш имконини беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан соҳани бозор муносабатларига ўтиш жараёнида мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга устувор йўналишлар сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, мева-сабзавотчилик маҳсулотларини ташқи бозорларда сотиш ҳисобига мамлакат валюта тушумининг сезиларли қисми шаклланаётганлиги ҳам соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришнинг устуворлигидан далолат беради.
Хусусан, сўнгги йилларда бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Буларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5388 ва 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5853 сонли фармонлари ҳамда 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978, 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4239 қарорларини келтириш мумкин.
Ўзбекистон иқтисодиётида мева-сабзавотчилик тармоғининг ўрни
Умуман олганда, тармоқда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар қуйидаги иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал қилиш имконини яратмоқда:
иқтисодий масалада – мева-сабзавотчилик жами ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 32,2 фоизини (мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 8,7 фоизи) ташкил этгани ҳолда қишлоқ жойларида аҳолининг асосий даромадларидан бири ҳисобланади. Саноатнинг қатор тармоқларини ривожланишига ўзининг бевосита таъсирини кўрсатади. Шунингдек, ушбу тармоқ мамлакат қишлоқ хўжалиги экспортида асосий ўринларни эгаллайди;
ижтимоий масалада – мева-сабзавотчиликни барқарор ривожлантириш самарадорлиги, нафақат қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасига, балки мамлакат барча аҳолисининг ижтимоий фаровонлигини ҳам оширишга бевосита таъсир кўрсатади.
Якуний натижада ушбу ислоҳотлардан пировард мақсад мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиб, янги Ўзбекистон ривожланишининг барча жараёнларида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижаларида яққол намоён бўлади ҳамда аҳоли турмуш даражасининг ошиб боришини ўзида акс эттиради.
Шу билан бир қаторда “... соҳада айниқса, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришда самарали бозор механизмлари тизимли йўлга қўйилмаганлиги, илмий ёндашувнинг етарли эмаслиги тармоқнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаслигига олиб келмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имконияти мавжуд” (1).
Шунингдек, ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ҳамда экспорт қилишда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиляпти, деб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги кунда юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг атиги 15 фоизи қайта ишланиб, 8 фоизи экспорт қилинмоқда, холос. Айниқса, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бу кўрсаткичлар ҳамон пастлигича қолмоқда. Жорий йилда 860 минг тонна ёки 620 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилингани бизнинг имконият ва салоҳиятимизга мосми? Йўқ, албатта! Ривожланган давлатлар тажрибаси асосида боғлар ва токзорларга ишлов берадиган, сабзавот ва картошка уруғларини экадиган ва йиғиштириб оладиган техникалар мавжуд эмас. Фермер, деҳқон хўжаликларига ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар, уруғлик етказиб бериш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган” (2).
Мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш тўғрисида маълумот
Мева-сабзавотчилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш
Мева-сабзавотчилик маҳсулотларини нобуд қилмай қайта ишлаш, мавсумийлигини узайтириш ҳам фойдаланилмаган имкониятлардан биридир. Янгилигича сақланган ҳўл мевалар ассортименти мўллиги бозорларда шу турдаги маҳсулотларни таннархининг ҳар йили қишки-баҳорги мавсумда сунъий равишда кўтарилиб кетишини олдини олади ҳамда аҳоли ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир этиб, турдош маҳсулотлар қишки мавсумдаги импортига ҳожат қолмайди.
Рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва унинг ассортимент тузилмасини такомиллаштиришнинг энг юқори омилларидан бири озуқавий қўшимчаларни минтақамизда мавжуд табиий хом ашё захираларини қайта ишлаш асосида кенг ассортиментини тайёрлашни амалга оширишдир. Мисол учун, ширин яхна ичимликлар озуқавий қўшимчаларнинг асосий қисми четдан валюта ҳисобига келтирилаётган сунъий хом ашёлар (настойка, экстратлар) ёрдамида тайёрланмоқда. Ваҳоланки, республикамизда мавжуд хом ашё потенциалини, ҳўл меваларни қайта ишлаш асосида олиниши мумкин бўлган рақобатбардош, табиий соф озуқавий қўшимчалар хом ашё базаси яхна ичимликлар ассортимент туркумининг ўнлаб янги қирраларини очиб бериши мумкин. Шу билан бирга, вилоятларда импорт хом ашёга валюта маблағи бўлмаган юзлаб турли қувватдаги яхна ичимликлар ишлаб чиқариш корхоналари иш фаолиятини тиклаш имконияти яратилиши мумкин.
Таҳлиллар натижасининг кўрсаткичига кўра, мева-сабзавотчилик маҳсулотлари ҳажмларининг йилдан-йилга ошиб бориши сақлаш ва қайта ишлаш тармоғидаги бир қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, соҳани ислоҳ қилишда замонавий инновацион, ресурс тежайдиган рақамли технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда туб бурилишни амалга оширишни талаб этмоқда. Хусусан:
- республикада умумий ишлаб чиқариш ҳажмларига нисбатан меванинг 18,9 фоизи, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг 5,6 фоизи, узумнинг 9,5 фоизи саноат корхоналарида қайта ишланмоқда;
- етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини ҳудудларда сақлаш учун совутгичлар билан таъминланганлик даражаси 3,7 фоизни (совутиш омборхоналари йил давомида бор-йўғи 20-22% га маҳсулот билан таъминланган) ташкил этмоқда;
- мавжуд совутгичларнинг аксарияти маънан эскирган, технологик жиҳатдан янгиланмаган, замонавий технология ва рақамли инновацион ишланмалар лозим даражада татбиқ этилмаган;
- соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига инновацион ёндашувни тақозо этмоқда. Илғор тажрибали замонавий ускуналар билан ишлаш қобилиятига эга, қайта ишлаш, сақлаш йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашга етарлича эътибор берилмаяпти;
- сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарининг замонавий-технологик талаблари ва ҳажмларидаги маҳсулотлар билан етарли даражада таъминлаш масалаларига тизимли ёндошилмаяпти;
- транспорт ва логистика соҳаси замон талабидан ортда қолмоқда;
- сўнгги йилларда мева-сабзавотчиликни юритиш интенсив технология асосида олиб борилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ресурслар, жумладан, ЁММ, кимёвий воситалар (мева-сабзавот етиштириш учун 255 минг тонна фосфорли, 290 минг тонна азотли ўғит етишмайди) ва уруғлик нархларининг ортиб кетиши, қишлоқ аҳолиси даромадларининг пастлиги, шунингдек, минерал ўғитлар, кимёвий воситаларнинг қўлланилиши, оғир техникадан фойдаланиш, ер ресурслари сифатининг ёмонлашуви, экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келмоқда.
Шу боис, таҳлиллар ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилотининг (ФАО) маълумотларига кўра, мева-сабзавотчилик маҳсулотларини йиғиштириш, ташиш ва сақлашдаги йўқотишлар ҳажми 22-45 фоизгача, исрофгарчиликлар эса 12-18 фоизни ташкил этмоқда.
Яна бир муҳим масала ҳудудларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳақида харидорларга зарур бўлган маълумотларни берувчи ахборот-маслаҳат марказлари ва рақамли технологиялар фаолияти йўлга қўйилмаганлигидадир. Бундан ташқари республикада транспорт-логистика борасидаги мавжуд муаммоларни ҳозиргача ҳал этилмаганлиги маҳсулотларни саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва харидорларга юбориш муаммолигича қолмоқда.
Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти
Экспорт қилинган айрим турдаги маҳсулотлар тўғрисида Давлат статистика қўмитасининг маълумоти:
Маҳсулот номи | млн. АҚШ доллари | 2018 йилга нисбатан, % |
мева ва резаворлар | 658,1 | 116,1 |
сабзавотлар | 542,4 | 170,1 |
қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари | 47,9 | 156,0 |
Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Туркия давлатлари ҳиссасига тўғри келган.
Маълумотларга кўра, 2019 йил якунида республика бўйича ишлаб чиқарилган 19,2 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларининг 132 тури соф ёки қайта ишланган ҳолда 69 та чет мамлакатларига (1,4 млн. тоннадан зиёд 1,2 млрд. доллар қийматига яқин) экспорт қилинишини ҳисобга олинса, масаланинг нақадар муҳимлиги намоён бўлади. Мева-сабзавотчилик маҳсулотлари экспорт ҳажмининг ошишига барра ва қайта ишланган сабзавотларнинг 2018 йилга нисбатан мос равишда 1,8 ва 1,6 баробарга ошгани ҳамда жами мева-сабзавот таркибида 46,5 % ни ташкил этиши билан сезиларли таъсир ўтказган. Мамлакатимизда апрель-май ойларида кўкат, помидор, бодринг, гилос ва ўрик маҳсулотлари экспортининг 60 фоизидан ортиғи ушбу маҳсулотларга тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йил умумий экспортдаги мева ва сабзавотларнинг улуши 6,7% ни ташкил этди. Мева-сабзавот экспорти қийматда энг кўп Қирғизистон Республикаси ҳиссасига (жами мева-сабзавот экспортидан 26,7%), натура кўринишида эса Қозоғистонга экспорт ҳажми 556,5 минг тоннани ташкил этиб Қирғизистон Республикасига нисбатан 4,4 баробар кўпни ташкил этди (3).
Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт географияси
№ | Давлатлар | 2018 йил | 2019 йил | ||||
минг тонна | млн. АҚШ доллари | улуши* % | минг тонна | млн. АҚШ доллари | улуши* % | ||
1. | Қирғизистон | 89,9 | 80,3 | 9,1 | 127,0 | 320,0 | 26,7 |
2. | Қозоғистон | 598,1 | 392,3 | 44,3 | 556,5 | 283,0 | 23,6 |
3. | Россия Федерацияси | 238,9 | 166,3 | 18,8 | 245,1 | 160,6 | 13,4 |
4. | Туркия | 23,5 | 25,1 | 2,8 | 65,1 | 99,3 | 8,3 |
5. | Покистон | 29,8 | 22,2 | 2,5 | 76,2 | 78,8 | 6,6 |
6. | Афғонистон | 73,4 | 53,2 | 6,0 | 45,5 | 57,5 | 4,8 |
7. | Хитой Халқ Республикаси | 66,9 | 46,2 | 5,2 | 55,3 | 48,5 | 4,0 |
8. | Украина | 15,1 | 9,0 | 1,0 | 55,2 | 32,4 | 2,7 |
9. | Тожикистон | 5,8 | 3,6 | 0,4 | 21,0 | 13,5 | 1,1 |
10. | Эрон | 13,0 | 10,0 | 1,1 | 16,2 | 12,4 | 1,0 |
11. | Ироқ | 6,1 | 6,2 | 0,7 | 20,5 | 12,3 | 1,0 |
12. | Беларусь | 8,5 | 7,7 | 0,9 | 14,3 | 10,6 | 0,9 |
13. | БАА | 11,6 | 5,7 | 0,6 | 27,5 | 9,7 | 0,8 |
14. | Туркманистон | 9,5 | 7,5 | 0,8 | 8,5 | 9,5 | 0,8 |
15. | Озарбайжон | 4,3 | 4,9 | 0,6 | 6,5 | 7,3 | 0,6 |
16. | Германия | 2,7 | 5,6 | 0,6 | 2,9 | 6,6 | 0,6 |
17. | Бошқа мамлакатлар | 51,8 | 40,0 | 4,5 | 64,1 | 38,3 | 3,2 |
*қиймат ифодасидан. Давлат статистика қўмитаси манбаси
Маълумот тариқасида:
Дунёда органик маҳсулотларга талаб ўсиб бормоқда. Европа ва Осиё мамлакатларида харидор тайёр сертификатланган органик маҳсулотлар учун кўпроқ пул тўлайди. Бизнинг мева-сабзавот маҳсулотлари табиий равишда органик ҳисобланади, бироқ аксарияти тегишли сертификатлаш ташкилоти томонидан сертификатланмаган. Шуни ҳисобига Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учинчи давлатлар орқали белгиланган халқаро талаблар асосида тайёр ёки қайта ишланган ҳолда реэкспорт қилинмоқда.
Халқаро тажриба
Ривожланган мамлакатларда меҳнат ресурсларининг 2-5 фоизи, кам тараққий этган аксарият мамлакатларда эса 90 фоизгача қишлоқ хўжалиги тармоғида меҳнат қилади. Ривожланаётган мамлакатларда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши ривожланган мамлакатлардагига нисбатан анча катта роль ўйнайди. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалигининг салмоғи ривожланаётган мамлакатларда ўртача 22 фоизни, ривожланган мамлакатларда 4 фоизни ташкил этади. Ривожланаётган мамлакатларда ривожланган мамлакатларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ярмидан кўпроғи етиштирилмоқда. БМТ экспертлари фикрларича, ҳар йили озиқ-овқат муаммосини ечиш учун унинг ҳажми 6 фоиз ошириб борилиши талаб этилади.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилотининг (ФАО) маълумотига кўра, Европада қуритилган ёнғоқ ва мевалар савдоси 11 миллиард еврони, қуритилган сабзавотлар эса 8 миллиард евродан зиёдни ташкил этди. Вьетнам каби янги иштирокчиларнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, тўғри стратегия асосида иш юритилса, йилига 1 миллиард евродан ошиқ ҳажмдаги маҳсулотни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Таҳлилларга қараганда, юртимизда боғ ва токзорларда ҳосилдорлик жуда паст. Масалан, қишлоқ хўжалиги ривожланган АҚШ, Хитой, Италия, Франция каби давлатларда бир гектар интенсив боғдан 80-120 тонна, айрим мевалардан 140 тоннагача ҳосил олинса, юртимизда бир гектардан 10-30 тонна, анъанавий боғ-токзорлардан эса 4-5 тонна маҳсулот олинади. Бу албатта иқтисодий жиҳатдан самарасиз қишлоқ хўжалигидир.
Мева-сабзавотчилик тармоғини барқарор ривожлантириш учун тавсия этилаётган чора-тадбирлар
биринчидан, мева-сабзавотчилик соҳасини модернизация қилиш, янгилаш, соҳани барқарор ривожланишида кучли туртки берадиган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
иккинчидан, дунё мамлакатлари истеъмол бозорини импортга боғлиқлигининг кучайганлиги натижасида озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, аграр секторни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва бошқариш механизмини такомиллаштириш;
учинчидан, йилдан йилга сув ресурсларининг танқислиги юзага келаётганлиги туфайли, суғориладиган ерлардан унумли фойдаланиш имкониятининг чекланганлиги суғоришнинг инновацион технологияларга асосланган илғор усулларидан фойдаланиш, хусусан, томчилатиб суғоришни кенг жорий этиш масаласига алоҳида аҳамият қаратиш;
тўртинчидан, мева-сабзавотчиликнинг барқарор ривожланишига таъсир қилувчи омиллар ичида фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг иқтисодий, технологик, ҳуқуқий ва бошқа соҳалардаги имкониятлари ва эришган натижаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш орқали мавжуд илмий ва инновацион имкониятларни ишга солиш;
бешинчидан, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида мамлакатга импорт қилинаётган мева-сабзавотчилик маҳсулотлари ўрнини ички имкониятларимиздан тўла ва самарали фойдаланиш ҳисобига тўлдиришни назарда тутувчи дастурларни қабул қилиш ва бошқалар.
Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ривожланган давлатлар тажрибаларининг таҳлиллари ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг кооперацияси ва кластерларини ривожлантириш зарурати борлигини кўрсатмоқда.
Мева-сабзавотчилик соҳасини иқтисодий томондан ўсиши мавжуд ички ресурслардан фойдаланишни янада кенгайтириш ҳисобига бўлиши керак эмас, балки маҳсулотларни сифат жиҳатидан замон талабларига жавоб берадиган рақобатбардош ишлаб чиқариш кооперацияси ва кластерлар тизимини жорий этиш ҳисобига эришиш мумкин.
Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар
Юқоридаги таҳлилдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон шароитида соҳани барқарор ривожлантиришда қуйидагиларга аҳамият бериш мақсадга мувофиқ саналади:
- қишлоқ жойларида фаолият кўрсатиб, бевосита қишлоқ хўжалик маҳсулотларини инновацион ресурс тежайдиган усулда сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослашган намунавий корхоналар фаолиятини молиявий рағбатлантиришни янада кучайтириш, уларга солиқ, божхона ва бошқа имтиёзларни жорий этиш;
- республиканинг ҳар бир қишлоқ ҳудудида саноат корхоналарининг ихчам ва кичик шохобчаларини ривожлантириш асосида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик хом ашё маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлашни кўпайтириш, шунингдек, ички ва ташқи бозорга харидоргир, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган тадбирларни иқтисодий рағбатлантириш (валюта ажратиш, имтиёзли солиқ белгилаш, кредитлар ажратиш ва бошқалар) мақсадга мувофиқ;
- тадбиркорга экспорт жараёнидан олдин кредит ажратиш, суғурталаш, ташқи бозорларда ўрин эгаллаш, “географик, иқтисодий, молиявий ва сифат хавфлари”, транспорт-логистика, тегишли сертификатлар олиш, озиқ-овқат хавфсизлиги (ХАССП) ва стандарт масалаларида ҳар томонлама амалий ёрдам бериш, халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирокини таъминлашга кўмак бериш мақсадида экспорт-кредит ташкилотларини ташкил этиш ёки ушбу масалаларни ҳал этишни масъул вазирлик ва идорага юклаш;
- рақамли инновацион технологияларга асосланган “Агропарк” ва “Агросаноат” кўп тармоқли агрологистика мажмуаларини ҳар томонлама қулай жойларда ташкил этиш. Ушбу мажмуада барча шароитлар яратилган бўлиб, яъни маҳсулот сотиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, биолаборатория хизмати, стандартлаштириш ва экспортгача бўлган барча жараёнлар тизимини яратиш;
- “Мева-сабзавотчилик клиникаси” хизматини жорий этиш;
- мева-сабзавот ва қайта ишланган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигига қўйиладиган талабларни тартибга солувчи ҳуқуқий меъёрий-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш.
Хулоса
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш, мева-сабзавотчиликни узоқ муддат барқарор ривожланишини таъминлаб, тармоқ самарадорлигини ошириш орқали озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондириш, унинг хавфсизлигини таъминлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда халқимизнинг турмуш шароитини ошириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
етакчи илмий ходими мустақил изланувчи
Собир Хасанов
"Экономическое обозрение" журнали 6 (246)-сон
Изоҳ қолдириш