Ўзбекистонда расман қўш фамилияликка рухсат берилди

Ўзбекистонда расман қўш фамилияликка рухсат берилди

Давлат хизматлари агентлигининг хабар қилишича, эндиликда никоҳланувчиларга қўшфамилияликка рухсат этилади.

«Масалан, куёв Аҳмедов келин Шуҳратова бўлса, шунда куёв Аҳмедов-Шуҳратов, келин эса Аҳмедова-Шуҳратова бўлиши мумкин», дейилади хабарда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан ФҲДЁ соҳасига оид бир қатор ишлар амалга оширилиши белгиланган қарор тасдиқланди. Жумладан, бола туғилганда бериладиган суюнчи пули, дафн маросими учун бир маротабалик нафақа пулларини олиш учун маълумотлар энди қўлма-қўл фуқароларга берилмасдан, Пенсия жамғармасига махсус электрон тизим орқали тўғридан-тўғри юборилади.

«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилаётган маълумотларнинг тўғри ва актуаллиги доимий равишда текшириб борилади. Бунинг учун ФҲДЁ органлари ходимлари архивдаги мавжуд ҳужжатларни электрон тизимга киритилган маълумотлар билан солиштириш орқали назорат қилади.

Шунингдек, хабарда келтирилишича, ФҲДЁ ходимлари ойлик иш ҳақлари ўрта ҳисобда 3 бараварга ошиши, ФҲДЁ органи мудираси иш ҳақи 5,0 млн. сўмга (1,5 млн. сўм бўлган), 1 ва 2-тоифали инспекторлар иш ҳақи 3,2−3,5 млн. сўмга етиши (1,2−1,3 млн. сўм бўлган) кўзда тутилмоқда.

«Адолатни таъминлаш учун ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари мудирлари, инспекторлари ҳокимликлар тизимидаги ишлаган даври кўп йил ишлаганлиги учун устамалар тўлаш ҳамда мартаба даражалари олишга зарур бўлган иш стажига қўшилади. Шу билан бирга, уларга қўйиладиган талаблар ҳам шунга яраша бўлади», дейилади Давлат хизматлари агентлиги хабарида.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар