23 февраль куни «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров ва Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жаҳонгир Алам (Zahangir Alam) билан учрашув чоғида Бангладеш ҳукумати тўқимачилик саноатида лойиҳаларни молиялаштириши мумкинлиги тўғрисида маълум қилинди.
Учрашувдан кўзда тутилган мақсад эҳтиром ташрифи бўлиб, бундан ташқари Бангладешнинг тўқимачилик саноати ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳамда истиқболли лойиҳалар амалга ошириш бўйича муҳокамалар олиб боришдан иборат бўлди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илхом Ҳайдаров томонидан Республикамиз тўқимачилик соҳасининг салоҳияти борасида тақдимот ўтказилди, шу жумладан, тўқимачилик ва тикув – трикотаж маҳсулотлари экспортини амалга оширувчи давлатлар орасида Ўзбекистон юқори рейтингга эга бўлиб турганлиги ва экспорт товарлар номенклатурасида йигирилган ип – калавадан тортиб тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни ўз ичига олганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, бир қанча масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди, яъни бугунги кунда республикамизда инвесторларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар, ва тадбиркорлар учун тақдим қилинаётган имтиёзлар алоҳида муҳокама қилинди.
Жаноб Элчи суҳбат давомида Ўзбекистон Республикасининг тўқимачилик саноатида лойиҳалар амалга ошириш учун яратилган қулайликларга қизиқиш билдирди.
Жумладан:
- Бангладешлик инвестор ва тадбиркорларга Ўзбекистонда текстиль саноатида лойиҳалар амалга ошириш учун Бангладеш ҳукумати томонидан 50%гача харажатларини кредит маблағлари билан таъминлаб беришга тайёрлигини;
- Бангладеш билан тажриба алмашинувини амалга ошириш учун мутахассислар жалб қилишга тайёр эканлигини;
- Юртимизнинг географик жойлашуви қулай бўлганлиги сабабли, Ўзбекистон орқали юк ташиш имкониятларини кўриб чиқишга молиялаштириш мумкинлиги маълум қилди.
Ҳозирда, Ўзбекистоннинг турли тўқимачилик корхоналарида кўплаб бангладешлик мутахассис технологлар иш олиб бормоқда. Ўтган 2020 йил натижаларига кўра Ўзбекистондан Бангладешга 10.5 млн.долл. миқдорида маҳсулот экспорти амалга оширилган.
Бангладеш бугунги кунда дунёнинг йирик тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади.
Пахта толасини етиштириш йилига 28 минг тонна ташкил қилади. Соҳада 7 мингга яқин корхона мавжуд бўлиб, уларда 5,1 миллиондан ортиқ киши ишлайди (иш билан таъминланганларнинг 85 фоизини аёллар ташкил этади). Кийим ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасига қарашли 4500 фабрикада 4 миллион ишчи ишлайди, шундан 80% аёллардир.
Бангладеш тайёр кийим экспорти бўйича жаҳон бозорига Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. 2018 йилда кийим-кечак экспорти ҳажми 33 миллиард долларни ташкил этди ва жаҳон кийим-кечак экспортидаги улуши 6,4 фоизни, Бангладешнинг умумий экспортида кийим-кечак экспорти 81% ни ташкил қилади. Тайёр кийимларнинг асосий бозорлари АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш