Ўзбекистондаги чўл ҳудудлар сув танқислигининг олдини олиш учун олиб борилган тадқиқотлар

Ўзбекистондаги чўл ҳудудлар сув танқислигининг олдини олиш учун олиб борилган тадқиқотлар

Қоракўл туманиннинг Дўрмон қишлоғида сув танқислиги муаммоси жуда жиддий тус олган. Агар бу муаммо ўз вақтида бартараф қилинмаса, ҳудудда тупроқ деградацияси, озиқ-овқат хавфсизлиги, иммиграция, сув таъминоти билан боғиқ зиддиятлар ва бошқа иқтисодий, ижтимоий ва экологик муаммоларнинг янада кўпайиб кетишига олиб келиши мумкин, дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Ҳасан Бобоев.

Ўзбекистонда суғориш тармоқларида сув етказиб бериш ва таъминлашдаги йўқотишлар 40 фоиз деб баҳоланмоқда, чунки суғориш тармоқларининг 70 фоизи антиинфилтрацион ва бетон қопламага эга эмас (Хўжаев, 2019). Бу муаммо мамлакатда мавжуд ирригация тизимларини қайта таъмирлаш ва модернизация қилиш, бу соҳада илмий изланишларни янада кучайтириш, халқаро экспертларни жалб қилиш ҳамда улар ёрдамида инновацион технологияларни жорий этиш ва уларни амалда қўллаш заруратини туғдирмоқда.

Таҳлилларга назар соладиган бўлсак, 1960-2014 йиллардаги чучук сув истеъмолини баҳолаш кўрсаткичларига кўра, жами чучук сув сарфининг 70% қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик секторлари ҳиссасига тўғри келган. Шундан қишлоқ хўжалиги ерларининг 20% суғориладиган ерлар бўлиб, бу ерларда жами озиқ-овқат маҳсулоти ҳажмининг 40% ишлаб чиқарилган. [Nicoleta, 2020].

Бутун жаҳон сув институти ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилга келиб дунёда тахминан 3,5 млрд. аҳоли сув танқислиги муаммосига дуч келиши мумкин.Хусусан, ривожланаётган давлатларда табиий ресурсларни бошқаришнинг мукаммал стратегияси ва сиёсатининг амалда ишламаслиги ҳисобига бу кўрсаткич 1,2-1,8 млн. кишига етади. 2080 йилга бориб эса экинларни суғориш самарадорлигини ошишига қарамасдан, глобал иқлим, об-ҳаво, ёғингарчилик ва ўсимликлар вегетация даврининг ўзгариб кетиши сабабли чучук сувга бўлган талаб 25%га ортиши прогноз қилинмоқда [Gorgios, 2020].

Сув оқимининг пасайиши Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатади?

Ҳозирги кунда бутун дунёда 17 та давлат “ўта юқори” даражада сув танқислигига учраган мамлакатларҳисобланади. Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича 164 та давлат орасида 25 – ўринда туради (бешлик шкалада 2-даражада), яъни “юқори” даражада сув танқислигига учраган давлатлар қаторига киради. [Hofste, 2019; Nicoleta, 2020].

Шўрланиш сабабли ҳар йили 10 млн. гектар ерлар ташландиқ ерга айланиб бормоқда. 2050 йилга келиб, бутун дунёдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг 50%дан кўпроғи тупроқ сифати ва деградация (таназзулга учраши) билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши тахмин қилинмоқда[Gorgios, 2020]. Айниқса, ерларнинг деградацияси Марказий Осиёда (асосан, Ўзбекистонда) қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишига ва озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатадиган асосий муаммо бўлиб, бу асосан сув танқислиги билан боғлиқ.

Ўзбекистон аҳолисининг 2030 йилга келиб, қарийб 40 млн. кишига етиши мавжуд сув ресурсларининг 7-8 км. кубга қисқаришини келтириб чиқаради. Бундай шароитда сув танқислиги даражаси 13-14%дан 44-46%гача ошиши мумкин, бу эса қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг ривожланишига салбий таъсир қилади (Алимджанов, 2020).

Сув танқислиги, ўрмонларнинг кесилиши ва кескин қисқариб кетиши, табиий экотизимнинг бузилиши ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар – яқин келажакда ўз ечимини кутаётган жиддий масалалардан бирига айланади.Жаҳон банки 2050 йилга келиб сув оқимининг пасайиши Сирдарё ҳавзасида 2-5%ни, Амударё ҳавзасида 10-15%ни ташкил қилиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Бунинг натижасида сув танқислиги янада кучаяди[Economic Review, 2019; Алимджанов, 2020].

Чўл зоналарида сув танқислигини олдини олиш учун амалга ошириладиган чоралар

Мамлакатимизда экологик ҳолати ёмон бўлган чўл зоналарида табиий ресурслардан тўғри фойдаланиш ва унга таҳдид солаётган сув танқислиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби муаммоларни ўз вақтида бартараф қилиш ҳозирги даврнинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Қизилқум чўли ҳудудида замонавий иссиқхоналарни кўпайтириш, тажриба майдонларида дарахтлар ва экинларнинг янги навларини экиш ва бозор ўринларини яратиш каби бир қатор халқаро лойиҳалар амалга ошириб келмоқда. Шундай лойиҳалардан бири “Табиий ресурслар ва экотизим хизматларини баҳолаш” лойиҳасидир. Ушбу халқаро лойиҳа Марказий Осиё давлатларининг чўллар бўйича ташаббуси (CАDI) доирасида Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) молиявий кўмаги остида Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази (ИКАРДА) томонидан амалга оширилди. Лойиҳанинг асосий мақсади – сув ресурсларини ва табиий ресурслар ҳамда экотизим хизматларини баҳолаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Мазкур илмий тадқиқот Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Дўрмон қишлоғи тажриба участкасида олиб борилди ва унинг асосий мақсадларидан бири айнан томорқа ер эгаларининг сув таъминоти хизматлари учун ҳақ тўлаш имкониятларини баҳолаш ҳисобланади.

Тажриба майдони - Қоракўл туманидаги Дўрмон қишлоғи

Дўрмон қишлоғи деҳқончилик томорқа ер эгаларининг асосий даромад манбаси ҳисобланади. Қишлоқнинг умумий ер майдони 517 гектар бўлиб, жами ер майдонининг атига 10 фоизи (52 гектар) суғориладиган ерлар ҳисобланади ва қолган ерлар чўл зонаси ерлари бўлиб, асосан яйлов сифатида фойдаланилади. Уй хўжаликлари томонидан фойдаланиб келинаётган жами ер майдонлари ўртача 0,15 гектарни ташкил этади. Томорқа ерлари асосан ўз истеъмолларини қондириш учун деҳқончилик ва чорвачилик мақсадида фойдаланилади. Бу ҳудудда асосан сабзавот (картошка, помидор, сабзи, пиёз ва тарвуз), донли экинлар (буғдой, арпа, ловия ва мош), мевали дарахталр (ўрик, олма, узум ва жийда) ва чорва моллари учун ем-хашак мақсадида беда етиштирилади.

Бу ҳудудда ўртача ёғингарчилик миқдори жуда паст (108 мм) ва асосий қисми (30 мм) баҳор ойларига тўғри келади. Шунинг учун ҳам бу ҳудудда суғориш сувига талаб жуда юқори. Қизилқум чўлининг ўзига хослиги, ҳудуднинг географик жойлашуви сабабли иқлим тез ўзгариб туради. Натижада доимий шамол ҳаракати, қумнинг атрофга тез-тез тарқалиши, ёғингарчилик миқдори ва ҳавонинг намлиги жуда пастлиги, релефи ва минтақанинг қуруқлиги каби ўзига хос хусусиятлари табиий ресурсларнинг деградациясига олиб келади. Ёз ойига келиб ҳавонинг нисбий намлиги ва ёғингарчилик миқдори кескин пасайиб кетади (деярли бўлмайди). Ҳавонинг йиллик ўртача ҳарорати 14,8°C (максимал - 47,1°C ва минимал - 22°C) ни ташкил қилади. Тажриба учун танланган ҳудуднинг ёзи ниҳоятда иссиқ ва қиши эса ўта совуқ. Шунинг учун ҳам ушбу минтақада қуруқ ва иссиқ ҳаво билан доимий шамол ҳаракати мавжуд бўлиб, кучли шамоллар (маҳаллий тилда гармсел) тез-тез бўлиб туради. Қиш ва баҳорда шамолнинг ўртача тезлиги секундига 3,2-3,3 метрга етади.

Минерализациялашган ер ости сувлари жуда саёз қатламда жойлашганлиги туфайли бу ҳудуд тупроқлари ҳар хил даражада шўрланган ва шу сабабли, шўр ювиш учун кўп миқдорда сув талаб этилади. Ер усти сувларининг етишмаслиги ва ундан фойдаланиш самарадорлиги пастлиги туфайли вегетация даврида сув танқислиги ва тупроқ шўрланиш даражасининг ошиб кетишига олиб келмоқда. Натижада, ҳосилдорлик даражасининг кескин пасайишига ва маҳаллалараро сув таъминоти билан боғлиқ турли зиддиятларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Канал суви сифати етарли даражада эмаслиги сабабли, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Маҳаллий аҳоли қўшни туманлардан ичимлик суви сотиб олади. Ушбу сув фақат уй шароитида фойдаланиш мақсадида сув сақлаш учун қурилган махсус қудуқларда эҳтиёждан келиб чиқиб ҳар икки ойда тўлдирилиб сақланади. Уй хўжалликларида сув танқислиги ва сув таъминоти яхши бошқарилмаганлиги айрим томорқа ер эгалари томонидан экин қуйи экилишига тўсқинлик қилмоқда. Иқлим ўзгариши ва аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабининг ортиши туфайли сув танқислиги муаммоси йилдан-йилга кучайиб бормоқда ва маҳаллаларда номутаносибликларни келтириб чиқармоқда. Охирги 10 йилликда сув танқислиги сабабли сабзавот ва полиз экинлари мевали дарахтлар ва ем-хашак экинлари билан алмаштирилди ва кўпгина унумдор ерларда сув танқислиги туфайли экин экилмаяпти. Фермер хўжаликларида ҳам пахта майдонлари қисқартирилиб, унинг ўрнига бўғдой ва кам сув талаб қиладиган, ер унумдорлигини оширадиган экинлар билан алмаштириш сиёсати илгари сурилмоқда.

Фермерлар ўз ерларига асосан пахта ва буғдой экадилар. Пахта ва буғдой - бу барча харажатларни фермерлар учун ҳукумат томонидан қисман субсидия қилиниб келинаётган стратегик экинлар бўлиб, давлат ва фермер ўртасида узоқ муддатли шартнома имзоланади. Суғориш сувидан фойдаланишда устувор аҳамиятга эга бўлган фермер хўжаликлари, суғориш мавсумида мавжуд сув манбаларидан фойдаланишда томорқа ер эгалари билан муроса қилишга тўғри келади. Уй хўжаликлари ўзларининг томорқа экинларини суғориш учун умумий канал сувидан фермерлар билан келишиб фойдаланишдан бошқа чоралари йўқ. Мукаммал ташкил этилмаган, ҳозирги сувдан фойдаланиш тизимида, суғориш мавсумида фермерлар ва томорқа ер эгалари ўртасида кўплаб зиддиятлар ва келишмовчиликлар юзага келмоқда. Томорқа ер эгалари суғориш мавсумида ойлаб сув келишини кутишлари, қурғоқчилик йилларида сув танқислиги туфайли экинлари нобуд бўлганлиги ва анчагина иқтисодий зарар кўрганликлари ҳақида айтишмоқда.

Чорвачилик йўналиши маҳаллий аҳолининг аксарият қисми шуғулланиб келаётган, деҳқончиликдан кейинги ўринда турадиган асосий даромад манбаи ҳисобланади. Лекин мавжуд ресурслариниг чекланганлиги ҳисобига қорамолларнинг сони уй хўжаликларида 15 бошгача етади. Чорвачиликни ривожлантириш ва қорамоллар сонини кўпайтириш, айниқса, қишда озуқа захирасининг етишмаслиги сабабли, кутилгандек самара бермайди.

Маҳаллий аҳоли чорвачилик билан бир қаторда паррандачилик, асаларичилик ва қуёнчилик билан шуғулланиб келмоқда. Шунингдек, маҳаллий бозорларни сут ва гўшт маҳсулотлари билан ҳам таъминлашмоқда.

Тарихдан бизга маълумки, Қоракўл қўйлари маҳсулдорлиги, минтақада сифатли жун, тери ва гўшт маҳсулотларини етиштириши билан машҳур бўлиб келган. Аммо, ҳозирги кунга келиб чорвачиликнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб келаётган асосий мауммо ҳам суғориш сувининг танқислигига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам қиш ва эрта баҳор мавсумига келиб бозорларда ем-хашак танқислиги ва нарх-навонинг кескин ошиб кетиши кузатилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан озиқ-овқат маҳсулотларидан гўшт ва сут маҳсулотларининг нархига таъсир кўрсатади.

Уй хўжаликларини ўрганиш, маълумотлар йиғиш ва таҳлил қилиш

Узоқ йиллар мобайнида маҳаллий аҳоли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик ва ўрмончилик каби бир қатор қишлоқ хўжалиги фаолиятлари билан шуғулланиб келади.Аммо барча қишлоқ хўжалиги йўналишларини ривожланишига тўсқинлик қилаётган ва йилдан-йилга жиддий тус олиб келаётган ягона муаммо сув ресурслари таъминоти ва унинг танқислиги муаммоси деб топилди.

Таҳлилларга кўра, шу кунга қадар ушбу ҳудудда сув танқислиги муаммолари, сув таъминоти хизматлари ва бу хизматларга маҳаллий аҳолининг муносабатлари ҳамда яхшиланган сув таъминоти хизматлари учун уларнинг ҳақ тўлаш имкониятлари ҳақида атрофлича изланишлар олиб борилмаган. Бу каби муаммоларни янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида ҳудудда махсус сўров ўтказилди. Тўпланган маълумотлар асосида маҳаллий аҳолини суғориш суви билан таъминлаш хизмати учун қанча миқдоргача ҳақ тўлай олиш имкониятлари ўрганилди. Тасодифий равишда танлаб олинган маҳаллий аҳолидан 200 нафарининг бу турдаги хизматга тўлов тўлаш истаги даражаси таҳлил қилиниб, асосий таъсир омилларидан 23 тури аниқланди ва уларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилди. Бу таъсир омиллари ижтимоий ва иқтисодий омилларга бўлинади. Ижтимоий омилларга уй хўжаликларининг жинси, ёши, маълумоти, оила аъзолари сони, шуғулланадиган фаолият турлари, деҳқончилик тажрибаси киради. Иқтисодий омилларига эса томорқа ер майдони, шундан экин майдони, чорва моллари (қўй, эчки ва паррандалар) сони, томорқа ерларини суғориш манбалари ва уларгача бўлган масофа, сув танқислиги даражалари ва ойлари, сувнинг сифати, суғориш харажатлари ҳамда томорқа ерларидан олинадиган йиллик даромад ва бошқа тушумлар киради.

Суғорма деҳқончиликка асосланга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳосилдорлик нафақат суғориш сувининг миқдорига, балки сув сифатига ҳам боғлиқ. Суғориш мавсумида сув танқислиги туфайли томорқа ер эгалари турли суғориш манбаларидан фойдаланишга мажбур. “Сайёд” насос станциясидан келадиган сувнинг сифати ичиш учун яроқсиз бўлсада, суғориш учун “ўрта” даражада деб баҳоланади. Аммо томорқа ер эгалари асосий каналнинг қуйи қисмида, суғориш мавсумида, сув танқислиги даврида қўшимча сув манбалари сифатида насос орқали ер ости сувларидан фойдаланишга мажбур. Ер ости сувлариниг сифати кўп ҳолларда жуда паст бўлиб, аксарият ҳолларда экиннинг нобуд бўлишига ва тупроқ сифатини ёмонлашишига (шўрланишни ортишига) сабаб бўлади. Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 5%да сувнинг сифати “ёмон” бўлиб, шу каби муаммоларга дуч келган. Сув билан боғлиқ муаммолар ҳисобига томорқа ерларидан кутилган даражада ҳосил олинмаяпти.

Томорқа ерларидан деҳқончилик ҳисобига олинадиган йиллик даромад ўртача қийматда 2 млн. сўмни (0,3-6,0 млн. сўмгача) ташкил этади. Асосий муаммо - суғориш мавсумида томорқа ер эгаларига суғориш суви керакли миқдорда, керакли вақтда етиб бормаётганидадир. Асосан сув манбаларидан узоқда бўлган ҳудудларда, асосий каналнинг қуйи қисмида суғориш мавсудмида сув таъминоти муаммоси жиддий тус олмоқда. Масалан, каналниниг юқори ва қуйи қисмларидаги деҳқончиликдан даромадлар улуши фоизда 78:22 нисбатда (3,5 баробарга фарқ қилади). Асосий сабаблардан бири суғориш харажатлари ўртасидаги тафовут бўлса, иккинчиси, суғориш мавсумидаги сув таъминоти ўта ёмонлиги туфайли ҳосилдорлик даражаси кескин тушиб кетганлигини хулоса қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам асосий каналнинг қуйи қисмида яшовчи деҳқонларда суғориш суви таъминоти хизматига тўлов истаги анча юқори.

Ҳасан Бобоев,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Батафсил таҳлил «Экономическое обозрение» журналининг 2021йил №3 (255) – сонида чоп этилади.

Адабиётлар

  1. Nicoleta, 2020 https://www.mdpi.com/2071-1050/12/21/9055
  2. Gorgios, 2020 https://www.mdpi.com/2073-4395/10/8/1120/htm
  3. Hofste, R.; Reig, P.; Schleifer, L. 17 Countries, Home to One-Quarter of the World’s Population, Face Extremely High Water Stress; WRI: Washington, DC, USA, 2019. Available online: https://www.wri.org/blog/ 2019/08/17-countries-home-one-quarter-world-population-face-extremely-high-water-stress (accessed on 17 September 2020).https://www.wri.org/blog/2019/08/17-countries-home-one-quarter-world-population-face-extremely-high-water-stress

World Resources Institute. Water. Mapping, Measuring, and Mitigating Global Water Challenge. 2020. Available online: https://www.wri.org/our-work/topics/water (accessed on 3 September 2020).

Мирзабаев А. 2015

  1. https://link.springer.com/chapter/10.1007/978-3-319-19168-3_10
  2. 5.1(Alimdjanov 2020) Uzbekistan’s Water Sector: Environmental and Managerial Issues - CABAR.asia5.2Economic Review. No. 10 (238). 2019. p. 21.
  3. (Хўжаев, 2019) https://daryo.uz/k/2019/09/15/qishloq-xojaligi-vaziri-jamshid-xojayev-arzon-bolgani-uchun-suvni-kop-ishlatyapmiz-va-isrof-qilyapmiz/
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар