Ўзбекистонлик ўқувчи илк бор Халқаро биология олимпиадасида олтин медални қўлга киритди

Ўзбекистонлик ўқувчи илк бор Халқаро биология олимпиадасида олтин медални қўлга киритди

Халқаро биология олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар олтин ва кумуш медалларни қўлга киритдилар. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Япония томонидан ташкил қилинган IBO2020 Challenge — Халқаро биология олимпиадасида 52 та давлатдан 262 нафар иштирокчи қатнашди. Масофавий тарзда ўтказилган ушбу олимпиада натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси мамлакат тарихида илк бор биология йўналишида олтин медални қўлга киритди.

Маълум бўлишича, ушбу натижани Тошкент педиатрия институти қошидаги академик лицей 2-босқич ўқувчиси Саида Валижонова қайд этди.

Шу билан бир қаторда, олимпиадада Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги БДУ академик лицейи ўқувчиси Равшанбек Каримов ҳамда Жиззах педагогика институти академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси Сардор Тожибоев кумуш медаль соҳибига айланди.

Маълумот учун, 1997 йилда Ўзбекистон учун халқаро олимпиададаги илк медални биологлар қўлга киритган, бу бронза эди. 1998 йилда ўзбекистонлик ўқувчилар иккита бронза, 1999 йилда битта бронза, 2000 йилда илк кумуш медални олиб келган. Узоқ танаффусдан сўнг 2019 йилда учта бронза қўлга киритилган.

2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига мувофиқ халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиши белгиланган:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдори (ҳозирда 223 минг сўм)нинг 500 баравар (111,5 млн сўм), ўқитувчисига — 450 баравар (100,35 млн сўм);
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (66,9 млн сўм), ўқитувчисига — 250 баравар (55,75 млн сўм);
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (44,6 млн сўм), ўқитувчисига -150 бараварида (33,45 млн сўм).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро кимё олимпиадаси кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар