Пневмонияни аниқлаш ҳамда кўкрак бези саратонига ташхис қўйишда сунъий интеллект технологиялари қўлланилади

Пневмонияни аниқлаш ҳамда кўкрак бези саратонига ташхис қўйишда сунъий интеллект технологиялари қўлланилади

“Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этишучун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4996-сон, 17.02.2021 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2021–2022 йилларда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалар рўйхати тасдиқланди. Жумладан, қуйидаги соҳаларда сунъий интеллект технологиялари қўлланилади:

- қишлоқ хўжалиги соҳасида: ерни масофадан зондлаш маълумотлари асосида тупроқ ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси, шу жумладан комбайнлар ишини мониторинг қилиш;

- банк соҳасида: тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва улар томонидан тартибга солиш талаблари (SubTech ва RegTech) бажарилишини соддалаштириш, шунингдек, банк хизматлари кўрсатиш сифатини таҳлил қилиш, фойдаланувчиларни масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) ва кредит таваккалчиликларини баҳолаш учун;

- молия соҳасида: бюджет харажатлари, пенсия, ижтимоий ва суғурта тўловлари, шунингдек, нафақа тўловларини таҳлил қилиш ва самарадорлигини ошириш учун;

- транспорт соҳасида: локомотивларни бошқариш жараёнида уларнинг ҳаракатини кузатиб бориш ва хавфли вазиятларда машинистларни огоҳлантиришда, жамоат транспорти ҳаракатини таҳлил қилиш ва уларнинг оптимал йўналишларини аниқлашда, шунингдек, автомобиль ҳаракатини ва транспортдаги тирбандликларни мониторинг қилишда;

- соғлиқни сақлаш соҳасида: инсон ўпкасининг компьютер томографияси таҳлили асосида пневмонияни аниқлаш ҳамда маммография таҳлили асосида кўкрак бези саратонига илк босқичда ташхис қўйиш учун;

- электрон ҳукумат соҳасида: электрон давлат ва молия хизматларини кўрсатишда фойдаланувчиларни масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) учун.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар