Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида ("Чекхитой" маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (

– Мамлакатимизда “маҳаллабай” иш тизими кенг йўлга қўйилиб, барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?

Президентимизнинг ташаббуслари билан йўлга қўйилган “маҳаллабай” ишлаш тизими аҳоли муаммоларини ўрганиш ва жойида ҳал қилишга қаратилган бўлиб, у бугунги кунда том маънода раҳбарлар ва халқ ўртасида кўприк бўлмоқда. Натижада ҳар бир маҳалла кичик ҳудуд сифатида ривожланиб, бу ерда барча фуқароларнинг шахс сифатида жамиятда ўз ўрнини топиши учун ҳамма шароитлар яратилмоқда десам, адашмайман. Асосий мақсадимиз – маҳаллани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш орқали ҳалқимизнинг ишончини оширишдир. Ўзбекистон учун муҳим лойиҳанинг биринчи иштирокчиларидан бири сифатида иштирок этганимдан мамнунман.

– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?

– Ўзим шу ерда туғилганман, болалигим ҳам шу ерларда ўтган. Ҳозирда Фарғона давлат университетининг иқтисодиёт факультетида ҳам таҳсил олаяпман. Ушбу лавозимга келгунга қадар “Золотая долина” МЧЖ раҳбари сифатида ишлаганман. Албатта, тадбиркорлик билан шуғулланганим ҳам қайсидир маънода менга янги фаолиятимда кўмак берди ва қўл келди. Чунки тадбиркор кўпчилик билан учрашади, улар билан мулоқот қилади. Шу орқали одамларнинг ҳаёти билан танишади.

– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, аҳоли, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади?

– Мен масъул бўлган Чекхитой маҳалласи туман марказидан 20 км узоқликда жойлашган. Маҳаллада 503 та хонадон бўлиб, уларда 2 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда йирик саноат корхоналари мавжуд эмас. Маҳалла аҳолиси, асосан, деҳқончилик, чорвачилик, шунингдек, ҳунармандлик билан ҳам шуғулланади. Масалан, супурги ва мочалка етиштириш, ундан турли харидоргир буюмлар ясаш яхши йўлга қўйилган. Кўпчилик хонадонлар айнан шу иш билан шуғулланади.

– Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми? Ишни нимадан бошладингиз?

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида ишни маҳаллада бир қатор тадқиқ ва сўровлар ўтказишдан бошладик. Хатлов орқали ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи, томорқасидан фойдаланиш даражаси, тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқини аниқлаш йўнлишлари бўйича ўрганишлар ўтказилди. Натижада биринчи, иккинчи ва учинчи тоифага кирувчи 296 та хонадон билан ишлаш, уларнинг даромадини ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Саватчилик ва қалампирчилик маҳалла иқтисодиётининг “дравйверлари” сифатида белгилаб олинди. Хонадондаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни касб-ҳунар ёки тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ва шундан сўнг уларга даромад топишлари учун асбоб-ускуна ажратиш мақсад қилиб қўйилди. Маҳаллада 130 нафар фуқаронинг ишсиз экани аниқланди. Шунингдек, ҳудуддаги инфратузилма ҳолати ҳам ўрганилди ва бу йўналишларда қилиниши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди. 77 нафар “Аёллар дафтари” ва” Ёшлар дафтари”га кирган фуқароларга 12 сотихдан экин майдони ажратилиб, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди.

– Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Мисоллар келтиринг ва ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.

– Авваламбор, маҳалладаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга қарор қилинди. Анъанавий равишда ҳудуд аҳолиси супурги етиштириш ва ясаб, сотиш билан шуғулланади. Шундан келиб чиқиб, бу йўналишни кенгайтириш чоралари кўрилди. Лидер тадбиркорлар кўмагида хонадонларда супурги ишлаб чиқаришни кенгайтирган ҳолда, уни экспортга чиқариш йўлга қўйилди. Жорий йилда 1 млн долларлик супургини хорижга етказиб бериш режалаштирилган. Хусусан, Бағдод туманида жойлашган “Золотая долина” МЧЖда ҳунармандчилик маҳсулотлари, жумладан, сават ва челак экспорти йўлга қўйилди. Бу ишни янада кенгайтириш ниятидамиз.

Олдиндан иссиқхона билан шуғулланиб келган, ишини кенгайтириш истагида бўлган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, улар зарур кўчатлар, ўғитлар билан ҳам таъминланди.

Ҳоким ёрдамчисининг ташаббуси ўлароқ, маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга ҳам ҳар томонлама кўмак берилмоқда. Масалан, маҳаллада истиқомат қилувчи Лазизбек Ботиралиевга уй шароитида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун имтиёзли кредит олиб берилди. Бу орқали эса маҳаллада яшовчи бир неча аёллар ҳам иш билан таъминланди.

Шунингдек, маҳаллада яшовчи 7 нафар фуқарога тикувчилик, иссиқхона, чорвачилик йўналишлари учун 399,4 млн сўмлик кредит ажратилди. Ҳозирда 24 нафар фуқаро янги касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда. Бундан ташқари, 20 та оилага субсидия ажратилди.

– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?

– Фикримча, уч-тўрт маҳаллалар ўртасида касбга ўқитиш бўйича марказлар, мономарказларни тезроқ ташкил килиш жоиз. Бу ерда ҳоким ёрдамчилари тавсияси бўйича маҳаллада яшовчи касб ўрганишга муҳтож ёки янги касб-ҳунар эгаллашни истаган фуқаролар ўқитилиши зарур.

Яна бир таклиф – аҳолига берилган ерларда етиштирилаётган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда сотувларини йўлга қўйиш даркор. Экспортга йўналтиришда эса Инвестиции ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари тамонидан таклиф этилган истиқболли лойиҳалар алоҳида эътиборга олиниб, солиқ, кадастр, кредит масалаларида имтиёзлар берилиши зарур. Эндигина иш бошлаган янги тадбиркорларни, токи ўзи оёққа туриб кетмагунча, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим.

Бундан ташқари, кредитларни фуқароларнинг ўзига карта очган ҳолда банклар ташлаб бериши мумкин. Бу эса одамлар учун анча арзонга тушади, унинг назоратини ҳоким ёрдамчисига топширса бўлади.

Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қандай ишлар олиб боряпсиз?

– Албатта, халқнинг турмуш даражасини яхшилашда инфратузилманинг аҳамияти жуда катта. Туман мутасаддиларининг кўмаги билан маҳалланинг сув таъминоти яхшиланди. 2 та янги қудуқ қазилиб, сув тўплаш минораси барпо этилди, 3,5 км янги қувурлар тортилиб, сув хонадонларгача кириб борди.

Шунингдек, маҳалланинг бир қатор кўчаларига шағал ва асфальт (3000 метрдан зиёд) ётқизилди. Кўча чироқлари қўйилиб, янги трансформатор, симёғочлар ўрнатилди.

– Янги лойиҳалар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Ҳозирги пайтда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги савдо ҳамкорларига ҳар ойда 10 минг дона челак юборилмоқда. Ўзаро келишув асосида 500 дона сават ҳам тайёрлаб қўйилди. Шу билан бирга, 7 минг дона сават учун хориждан буюртма тушган. Саватсозликни ривожлантириш учун биринчи навбатда унинг хомашё базасини яратиш керак. Давлат томонидан маҳалламиз аҳолисига деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун жами 10 гектар ер тақсимлаб берилиши кутилмоқда. Ана шу ерларга Америка ва Хитой толи қаламчаларини экишни ният қилиб турибмиз. Шу тариқа маҳаллада саватсозликни ривожлантириш орқали камида 100 та хонадон учун қўшимча даромад манбаини яратиш мумкин.

Мавжуд имкониятларни ишга солган ҳолда маҳалладан ўтувчи Андижон — Ўш катта магистраль йўли бўйида бўш турган ерда 90 та енгил конструкцияли савдо шохобчаси қуриш ишлари бошланди. Бу ерда бир йўла 180 нафардан зиёд аҳоли иш билан таъминланади. Мажмуада маҳалланинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан ҳам савдо қилинади. Бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.

Бағдод туманининг Чекхитой маҳалла фуқаролар йиғинида ишсизликни камайтириш ва норасмий бандлик улушини қисқартириш мақсадида асаларичилик кооперацияси ташкил этилди.

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Нурматжон Ғозиевнинг айтишича, мазкур кооперация орқали 20 та оилада иш билан банд бўлмаган аъзоларнинг бандлиги таъминланди ва хонадонларда касаначилик асосида етиштирилган маҳсулотни “Бағдод замин асали” МЧЖ келишилган нархда харид қилиб олади. Бир сўз билан айтганда, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим.

– “Маҳаллабай” иш тизими барча даражадаги давлат ҳокимияти органларининг ўзаро яқиндан ҳамкорлигига мўлжалланган. Ушбу алоқа қандай йўлга қўйилган? Маҳалладаги фаолиятингизда туман, вилоят ва республика томонидан қўллаб-қувватлашни сезяпсизми?

– Албатта, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини йўлга қўйишда туман сектор раҳбарлари, солиқ инспекцияси, “Маҳаллабай ишлаш маркази” ходимлари ҳамда вилоят, республика вакилларининг ҳар томонлама кўмаги катта аҳамиятга эга. Биз масъулларнинг ёрдамини ҳар доим ҳис қилиб турибмиз.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари ишлаши учун барча шароитлар яратиб берилган, иш жойи ва зарур мебель, компьютер жиҳозлари, маҳсус планшетлар ажратилган. Ҳоким ёрдамчилари учун ўтказиб борилаётган семинарларда бизлар нафақат билимимизни оширамиз, балки тажриба алмашамиз. Вилоят ҳокими томонидан ташкил этилган Тelegram гуруҳида бизнинг фаолиятимизга тўсиқ бўлаётган ҳар бир муаммо мутасаддилар томонидан тезкорлик билан ҳал этилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?

– Маҳалламизда коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир ишимда ошкоралик ва очиқликни таъминлашга ҳаракат қиламан. Маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари, депуталарни жалб этиб, аҳолини тоифаларга ажратиш, улар билан доимий мониторинглар олиб бориш, халқ олдида ҳисоботлар бериш тартибини ишлаб чиққанмиз. Маҳаллада сектор раҳбари, Халқ қабулхонаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда сайёр қабуллар, ҳуқуқий маслаҳатлар ўтказиб борилади. Айнан шу тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман, “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?

– Ишонч билан айтишим мумкинки, “маҳаллабай” иш тизими Янги Ўзбекистонни қуришга катта ҳасса қўшади. Ислоҳотлар мевасини маҳалла ҳаёти, кишилар турмуш шароитларининг яхшиланаётганида кўриш мумкин. Бунинг учун барча билим ва тажрибамни ишга солишга тайёрман. Албатта, ўз ҳаётида ижобий натижаларни кўрган фуқароларда келажакка ишонч пайдо бўлади.

Жамолиддин Турдимов
"Иқтисодий шарҳ" журнали №10/2023
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар