— Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими, унинг ортидан барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “маҳаллабай” иш тизими ва ҳоким ёрдамчиси лавозими маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш, тадбиркорликка кенг йўл бериш, шу орқали камбағалликни қисқартириш йўлида катта қадам бўлди.
Бир сўз билан айтганда, ҳоким ёрдамчиси давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни маҳалла даражасида ҳаётга татбиқ қилиш, шунингдек, аҳолининг муаммоларини бевосита жойида ҳал қилиб бериш билан шуғулланади. Бу масъулиятли тизим доирасидаги ишларга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман.
— Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
— Мен ўзим Самарқанд шаҳрида туғилиб ўсганман. Ёшлигим ҳам шу ерларда ўтган. Маълумотим – олий. Иш фаолиятимнинг асосий қисми ички ишлар органларида турли лавозимларда кечган. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтгунга қадар эса шу маҳалланинг ўзида маҳалла раиси бўлиб ишлаганман. Маҳалла раиси бўлиб ишгаганим сабабли халқнинг кундалик ҳаёти, дарду-ташвишлари билан яқиндан таниш эдим ва бу менга ишимда жуда қўл келди.
— Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
— Қир маҳалласи шаҳарнинг қадимий маҳаллаларидан бўлиб, 2012 йилда Самарқанд шаҳри таркибига кирган. Маҳалла, асосан, якка тартибдаги уйлар — ҳовлилардан иборат, шунингдек, бу ерда кўп хонадонли уйлар ҳам бор. Ҳудудда жами 523 та хонадон жойлашган. Ҳудудимиз катта, ишлаб чиқариш корхоналаримиз кўп. Аҳоли, одатда, савдо сотиқ ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Учта лидер тадбиркорлик субъектлари бор. Булар SAM ANTEP GILAM қўшма корхонаси, Bionur medservis клиникаси ва “Самарқанд Афросиёб парранда” корхонаси. Маҳалла ҳудудида 60 дан зиёд гранит ва тратуар плиткалари ишлаб чиқариш корхоналари ҳам мавжуд. Жаҳонга машҳур Улуғбек обсерваторияси, шунингдек, автомобиллар эҳтиёт қисмлари сотиладиган йирик бозор ҳам бизнинг маҳалла ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ҳам тадбиркорлик учун катта имкониятлар яратади. Масалан, кўплаб хонадонларда машҳур Самарқанд нонлари ёпилиб, сотувга чиқарилади.
— Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
— Маҳалла аҳолисининг аксариятини шу ерда туғилиб ўсган кишилар ташкил этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, маҳаллада яшовчиларнинг кўпчилигини доимий иши бор ёки тадбиркорликнинг бирон-бир тури билан шуғулланувчи фуқаролар ташкил этади. Ўз навбатида, ҳудудда бировнинг қўлига қараб қолган камбағал оилалар йўқ ҳисоби. Бошида маҳаллада истиқомат қилиб, ёрдамга муҳтож бўлганлар рўйхатига 23 киши киритилган эди. Тизимли равишда олиб борилган ишлар натижасида бугунга келиб уларнинг ҳаммаси доимий ишларга жойлаштирилди. Зарур ҳолларда бозорда талабгир бўлган янги касбларга ўқитилди. Бугунгт кунда маҳаллада ишсизлар йўқ. Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчилар орасида бошқа мамлакатларда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ҳам бор. Улар билан ҳам доимий алоқа йўлга қўйилган бўлиб, маҳаллани обод қилиш ишларига жалб этиб турамиз.
— Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз, улар билан яқиндан танишиш қийин кечмадими?
— Бунда менга олдинги амалий тажрибам катта иш берди. Ўзим шу ерда истиқомат қилганлигим сабабли ҳаммани яхши биламан. Шунинг учун бу масалада қийинчилик туғилмади. Фаолиятимнинг биринчи куниданоқ маҳалла раиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва участка нозири билан биргаликда бир жамоа бўлиб ишламоқдамиз. Эрталаб маҳалладаги 7 масъул бир жойга йиғилиб, кундалик амалга ошириладиган ишларни келишиб оламиз. Яъни баҳамжиҳатликда ишлаймиз. Бу ҳам ишимизнинг самарасига ижобий таъсир қилмоқда. Шунингдек, аҳоли маҳалланинг Telegram канали орқали ҳам ўз муаммоларини мутасаддиларга етказишлари мумкин.
— Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қайси ёндашувларни ишлаб чиқдингиз?
— Ўз тажрибамдан келиб чиқиб битта нарсани ишонч билан айтишим мумкин. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда ҳаракат қилган, ишлаган одам даромад топиши учун барча шароитлар мавжуд. Ҳаракат қилган одам кам бўлмайди. Масалан, оддий нон ёпиб ҳам оила тебратиш учун етарли даромад олиш мумкин. Ўзим ҳам бир неча фуқароларга нонвойлик фаолиятини йўлга қўйишда ёрдам бердим. Маҳалла орқали уларга савдо расталарида жой ҳам ажратиб берилди. Масалан, субсидия асосида Воҳидназар Бозоров, Асад Ботировларга мотокультиватор, Зулайҳо Бойматовага косметология салони очиш учун кредит ажратилди. Шунингдек, кредит асосида тикувчилик цехи, хусусий болалар боғчаси очиш истагини билдирган ва касаначилик билан шуғулланишни истаган фуқароларга ҳам кредит маблағлари берилиб, улар фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда бу корхоналар муваффақиятли бизнес юритмоқда. Мазкур корхоналарнинг ҳар бирида 5-10 киши доимий иш жойига эга бўлди. Бундан ташқари, маҳалладаги ишсизликни бартараф этишда маҳалламиздаги лидер тадбиркорларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлаяпти. Маҳаллада дарвоза ясовчи корхоналар, тунукага ишлов берувчи корхоналар ҳам бир нечтани ташкил этади. Маҳалла “драйвери” савдо-сотиқ соҳаси ҳисобланади.
Бугунга келиб маҳаллада ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 53 кишини ташкил этди, 6 кишига мотороллер олиб берилди. Улар фойдали иш билан шуғулланиб, ўз оиласини моддий жиҳатдан таъминламоқда.
— Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қандай ишлар олиб боряпсиз?
— Маҳалламиз Самарқанд шаҳрига тааллуқли бўлгани учун бу ерда инфраструктура бўйича муаммолар мавжуд эмас. Чунки ҳудуд аҳолиси электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. Бир неча йиллик саъй-ҳаракатларимиз натижасида маҳалладаги барча йўллар, ҳатто ички кўчалар ҳам 100 фоиз асфальт қилинди. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги ҳовлилар ҳам марказлашган канализация тизимига уланди. Маҳалла кўчаларига тунги ёритгичлар ўрнатилди, тиббиёт пунктининг эскириб қолган биноси қайта таъмирланди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркорлар кўмаги билан кўчаларимизга 30 та видеокузатув камералари ўрнатилди. Шу маҳалладан чиққан тадбиркор Рустам Муродов томонидан маҳалладаги 5 хонадон қайтадан қуриб, обод қилинди.
Энди навбат аҳоли ва ёшларга бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратишга келди. Масалан, яқинда маҳалла болалари учун бокс ва волейбол спорт мактаблари очдик. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида янги касб эгаллашни истаган фуқаролар учун автомобиль таъмирлашга ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этдик. Бу ерда қўшни маҳалла ёшлари ҳам янги касбларни эгаллашлари мумкин.
— Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
— Фаолиятимизда коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида фаолиятимизни шаффофлик ва очиқлик принциплари асосида ташкил этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бунда, аввало маҳалла фаоллари, аҳолининг ўзига таянаман. Қилинаётган ҳар бир иш бўйича халқ, депутатлар, масъул маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари олдида ҳисобот берилади. Ҳар бир ишни халқ билан баҳамжиҳатликда, маслаҳатлашган ҳолда амалга оширамиз. Бунда ҳам гап кўп.
— Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
— Албатта, халқнинг турмуш даражаси, маҳалла ободонлиги, халқ фаровонлиги ошгани сайин фуқароларнинг давлатга, ундаги ислоҳотларга бўлган ишончи ҳам оша боради. Маҳалламиз фуқаролари шу ернинг ўзида иш билан таъминланган, деярли бошқа жойларга бориб ишламайди. Бу ҳам кўп нарсани билдиради. Ҳамма ўз иши билан банд. Одамлар ҳаётидан рози.
Ҳоким ёрдамчиси лавозимининг ташкил этилганлиги маҳаллаларни ҳар тарафлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, даромадини ошириш ишига салмоқли ҳисса қўша бошлади, деб ишонч билан айтиш мумкин. Бироқ ҳали қиладиган ишларимиз бисёр. Асосий мақсад – одамларни рози қилиш, халқнинг дуосини олиш. Токи биздан яхши ном қолсин.
Жамолиддин Турдимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш