— Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими, унинг ортидан барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
— “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими, “маҳаллабай” иш тизими – Муҳтарам Президентимиз томонидан яратиб берилган шароитлар орқали маҳаллаларда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ва давлат ўртасида мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг фикри, муаммолари ва камчиликлари билан яқиндан танишиш ҳамда улар билан тўғридан-тўғри ишлаш имкониятини яратган тизим бўлди. Ушбу тизимни Юртбошимиз томонидан “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси деб биламан.
— Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
— Мен 1989 йилда Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида ишчилар оиласида туғилганман, мутахассислигим муҳандис – иқтисодчи. Ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий қилингунига қадар Бухоро вилоят Давлат активларини бошқариш бошқармасининг давлат активларини бошқариш бўлим бошлиғи ўринбосари, ички назорат ва комплаенс хизмати шўъба мудири лавозимларида фаолият юритганман. Муҳтарам Президентимиз томонидан ташкил этилган ушбу янги лавозим орқали юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўмакчиси бўлиш мақсадида ҳоким ёрдамчиси лавозими учун танловларда қатнашдим ва Бухоро вилояти, Бухоро тумани Работак МФЙда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаш насиб қилди. Аввал бошқа соҳада ишлаганим сабабли бу иш ва ҳудуд менга янгилик эди. Бироқ устозларимиздан ўрганган билим ва кўникмамиз ўзимизга юклатилган вазифаларни самарали бажариш имконини берди.
— Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
— Маҳалламиз туман марказига яқин жойда жойлашган қишлоқ бўлиб, жами 1 828 хонадонда 1 920 та оила истиқомат қилади, умумий аҳолимиз сони 6 665 нафарни ташкил қилади. Ҳудудимиз аҳолиси истиқомат қилаётган уй-жойларнинг асосий қисми қишлоқ-қурилиш лойиҳаси асосида қурилган замонавий кўп қаватли ҳамда якка тартибдаги уй-жойларга тўғри келади, ҳудудимиз катталиги бўйича туманда етакчи ўринларда туради. Фуқароларимизнинг асосий қисми идора ва ташкилотларда иш билан банд бўлса-да, улар қўшимча равишда иссиқхонада полиз маҳсулотлари етиштириш ва деҳқончилик билан ҳам шуғулланади. Шундан келиб чиқиб, маҳалламиз “драйвери”ни иссиқхона ва деҳқончилик йўналишида танлаб олганмиз. Ижтимоий инфраструктураларга тўхталадиган бўлсак ҳудудимизда 2 та мактаб, 1 та давлат ва 5 та давлат – хусусий шерикчиликда ташкил этилган мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, яқинда маҳаллада туман тиббиёт бирлашмаси, пиёдалар ер ости ўтиш туннели ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилди.
— Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож, тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
— Юқорида таъкидлаганимиздек ҳудудимиз аҳолисининг кўп қисмини ишчи-ходимлар ташкил қилганлиги боис, уларни ижтимоий гуруҳга ажратадиган бўлсак, аҳолининг асосий қисмини иш билан банд ва қўшимча иш билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар ташкил қилади. Ўз навбатида, ногиронлиги бор фуқаролар сони 65, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли 45, ишсиз фуқаролар сони эса 223 нафарни ташкил қилган. Муҳтарам Президентимиз яратиб берган имкониятлардан фойдаланиб, ушбу фуқароларимизнинг билим, малака ва кўникмасидан келиб чиққан ҳолда асаларичилик, иссиқхона, чорвачилик, тикувчилик ва хизмат кўрсатиш йўналишларини ривожлантиришга имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу орқали 68 нафар, деҳқон хўжаликлари учун мўлжалланган ерларни аукцион орқали ажратиб бериш йўли билан 78 нафар, бўш – вакант иш жойларига ишга жойлаштириш орқали 63 нафар, субсидия ажратиш туфайли 12 нафар, жамоат ишларига жалб қилиш орқали эса 2 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, 122 нафар фуқаро ўз-ўзини банд қилиш орқали рўйхатдан ўтказилди.
— Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз, улар билан яқиндан танишиш қийин кечмадими?
— Маҳалламиз аҳолиси билан алоқа ўрнатишда маҳаллага масъул “бешлик” билан биргаликда ишлашни хонадонбай ташкил қилганимиз ҳар бир оиланинг яшаш шароити билан яқиндан танишиш имконини берди. Улар томонидан билдирилган талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда Telegram каналида маҳалламиз гуруҳини очдик. Бу гуруҳ ҳам бизга аҳолини қийнаб келаётган муаммо ва таклифлардан тезкор хабардор бўлиш, улар билан тезкор ишларни ташкил қилиш имконини берди. Эндиликда ҳар бир фуқаро ўз уйидан чиқмаган ҳолда бизга мурожаат қилиши мумкин. Биз эса ушбу мурожаатда кўтарилган масалани ҳал қилиш чораларини кўрамиз.
— Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда бир қатор тадқиқ ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот беринг, нималарни аниқладингиз?
— Маҳалламизнинг ишсиз қатлами билан ишлаш жараёнида мен, аввало, уларнинг қизиқиши, истаги, орзуси билан яқиндан танишдим ва улар билан якка тартибда тренинглар ўтказдим. Унинг мазмун-моҳияти шундан иборатки – ҳар бир инсон ўз қизиқиши ортидан иш билан банд бўлиб, моддий манфаатдорлик кўра олади, бунинг учун эса асосий ҳаракат босқичма-босқич режалаштира олиш эканлигига улар ўз фаолияти давомида гувоҳ бўлишди.
— Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қайси ёндашувларни ишлаб чиқдингиз?
— Аҳоли билан мулоқот қилиш давомида яшаш шароити оғирлашиб қолган фуқароларнинг ўзлари, яқинлари ва уларни биладиганлар орқали ўзим учун шуни билдимки, камбағалликнинг келиб чиқиш сабаблари турлича ҳолатларда вужудга келиши мумкин экан. Булар, асосан:
- оиланинг бирор аъзосида даволаш давомийлиги узун бўлган оғир хасталикларнинг мавжудлиги ёки оила боқувчисининг йўқотилиши;
- пул ишлаб топиш ва уни сарфлаш муносабатининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги;
- фарзанд тарбиясига етарлича эътибор бермаслик кабилардир.
— Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
— Маҳалламизда ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли иш йўлга қўйилган бўлиб, ушбу хонадонлар сектор раҳбарларимиз томонидан ҳам алоҳида назоратга олинган. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлган фуқароларга доимий бепул дори-дармонлар, ногиронлиги бор фуқароларга махсус воситалар, сайёр тиббий кўриклар, озиқ-овқат маҳсулотлари бериб борилаётган бўлса, ишлаш имкониятига эга фуқароларимиз субсидия асосида иссиқхоналар, тикув машиналари билан таъминланиб, уларнинг даромад топишига кўмаклашилмоқда.
— Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Мисоллар келтиринг ва ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.
— Маҳалламизнинг камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлашда қўлланган усуллардан бирига тўхталадиган бўлсак, ҳудудимиз деҳқончилик йўналишида ўз мактабига эга. Шунга кўра, Президентимиз яратиб берган имкониятларидан фойдаланиб, 78 нафар фуқарога 9,3 га ер майдони ажратиш орқали уларнинг бандлиги таъминланди. Ушбу ажратилган ер майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида ажратилган ер майдонларига миришкор уста деҳқонларни бириктирдик. Мисол учун, 17 та 15-20 сотихдан ажратилган ерларга уста деҳқон сифатида Гулсара Қудратовани бириктирдик. Ажратилган ер майдонларига 25 та мавсумий кичик иссиқхоналар ўрнатилиб, остига Ҳиндистондан олиб келган сабзи нави экилди ва етиштирилган маҳсулотларни бозор қийматида сотиб олиш келишуви билан харидор топиб берилди.
— Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
— Юқорида камбағаллик ҳолатлари сабабларига тўхталиб ўтдик. Давлатимиз раҳбари томонидан маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун барча шароитлар яратиб берилган, шунга кўра чора-тадбирлар режа дастурини тасдиқлаб олганмиз. Аниқ ҳисоб-китоблар асосида белгиланган вазифаларни ўз муддатида бажариш чораларини кўряпмиз. Фарзандининг келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-она билан ёш авлодни улғайтириш давомида уларга пул билан боғлиқ бўладиган муносабатни тўғри ўргата олсак, яхши натижаларга албатта эриша оламиз. Айтишадику, кераксиз нарсаларни сотиб олаверарканмиз – яқинда керакли нарсаларни сотишга мажбур бўламиз, деб.
— Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш, маҳаллангизни ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?
— Маҳалламиз Бухоро шаҳри ва туман маркази билан ёндош ҳудудда жойлашгани ҳамда М-37 йўли ҳудудимиз орқали ўтгани аҳолимизнинг транспортга бўлган талабини тўлиқ қондиради. Мамлакатимизда олиб борилаётган қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш лойиҳаси асосида қўшимча даромад топиш имконияти аҳолига катта қизиқиш уйғотди ва натижада маҳалламиз қуёш панеллари ўрнатиш бўйича туманда биринчилар қаторидан жой олди. Бундан ташқари маҳалламиз аҳолиси томонидан билдирилган таклифлар асосида:
- Ø янги ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги қуриб фойдаланишга топширилди;
- Ø алоқа сифатини яхшилаш бўйича Beeline ва Ucell компанияларининг янги антенналари ўрнатилди,
- Ø маҳалламиз ички йўлларини шағаллаштириш, асфальтлаштириш, тунги кўча чироқлари ўрнатиш, иккита мактаб ва битта мактабгача таълим муассасини таъмирлаш бўйича “Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” лойиҳасига киритилди.
— Сиз маҳаллангизнинг иқтисодий ривожланишини энг яхши таъминлай оладиган асосий “ўсиш нуқталари” (драйверлари), тармоқ йўналишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказдингизми? Агар ўтказилган бўлса, ушбу сўров нимани кўрсатди? Бу ҳақда, шунингдек, аниқланган “ўсиш нуқталари”ни ривожлантириш учун нима қилаётганингиз ҳақида кўпроқ гапириб беринг.
— Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ривожланишини яхши таъминлай оладиган асосий “ўсиш нуқталари” бўлади, бизда бу борада иссиқхоналарда сабзавот, кўкатлар етиштириш жуда ривожланган. Бугунги кунга қадар маҳалламизда 3 нафар фуқарога субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилган бўлса, 42 та кичик ва катта иссиқхоналар кредит асосида ўз эгаларига етказилди. Бундан ташқари, ўз-ўзини иш билан банд қилиш борасида берилган тушунтиришларга кўра 68 нафар фуқаро ўз шахсий маблағлари ҳисобига иссиқхоналар қуриб, улардан фойдаланиб келмоқда. Юқоридагилардан ташқари, маҳалламизга яқин ҳудудда жойлашган деҳқон хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган “Milmaxtrade” МЧЖ томонидан ҳудудимизда етиштирилган маҳсулотларни бозор баҳосида харид қилиш таклифи олинди.
— “Маҳаллабай” тизими маҳаллий даражада ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни ҳал қилишда барча даражадаги бошқарув органларининг яқин ўзаро ҳамкорлигини кўзда тутади. Бу ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган? Амалиётингизда шундай ҳолатлар бўлганми? Қандай муаммога ёрдам берилгани, қайси ташкилотдан ва бу муаммо қандай ҳал қилинганига аниқ мисоллар келтиринг.
— Бугунги кунга қадар аҳоли муаммоларини бартараф этиш бўйича солиқ, кадастр, архитектура, давлат хизматлари, тижорат банклари, сувоқова, электр тармоқлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, барча масалалар юқоридаги ташкилотлар томонидан малакали мутахассислар ёрдамида ҳал қилинган. Мисол тариқасида, ҳудудимизда жойлашган кўп қаватли хонадонлар канализация тармоғида юзага келган муаммо бўйича вилоят “Сувоқава” ташкилотига мурожаат қилганимизда, тегишли муахассислар тезкор равишда ҳолат жойига юборилди ва муаммо бартараф этилди.
— Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
— Маҳалламиз “бешлиги” томонидан аҳоли ўртасида олиб бориладиган ўрганишлар, сўровлар ва тушунтиришлар билан бир қаторда Telegram каналида маҳалла гуруҳи очилган бўлиб, ушбу гуруҳга ҳукумат томонидан чиқарилаётган қарорлар, юристлар томонидан берилаётган ҳуқуқий ахборотлар билан бир қаторда, коррупцияга йўл қўймаслик бўйича тарғибот-ташвиқот материаллари жойлаштириб борилади. Бундан ташқари, фуқаролар билан учрашув давомида коррупция оқибатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилади.
— Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими? Келажак режаларингиз ҳақида сўзлаб беринг.
— Фаолиятим давомида шунинг гувоҳи бўляпманки, маҳалламиз аҳолисининг яшаш шароитлари яхшиланиб бормоқда, бу эса юртимизда олиб борилаётган “Инсон қадри” учун тамойилининг маҳсули десам, адашмайман. Чунки бизга билдирилган ишонч – маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратиш борасида кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятимизни олиб бориш билан бир қаторда эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оила қатлами билан ишлаш ҳамда Президентимиз томонидан берилаётган имтиёзларни тўғри ва шаффоф етказилишида ўз натижасини бермоқда. Эндиликда биз иш бозорига янги кириб келаётган ёшларимиз ва чет элдан қайтадиган мигрантларимизни иш билан банд қилиш учун улар билан биргаликда ишлаб, имтиёзли кредит, деҳқон хўжалиги йўналишида ижара асосида ер, субсидия асосида асбоб-ускуна ажратиш билан бандлигини таъминлаб, тадбиркорларимиз фаолиятини кенгайтириш ҳисобига қўшимча бўш иш ўринлари яратишни ўз олдимизга вазифа қилиб олганмиз. Хуллас, олдимизга қўйилган мақсадларимиз улкан. Қувонарлиси, барча ишларимда халқ қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб тураман.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №8/2023
Изоҳ қолдириш