Ташқи миграция - бугун ва эрта: таҳлил ва муносабат

Ташқи миграция - бугун ва эрта: таҳлил ва муносабат

Бугунги кунда дунё мамлакатлари томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ислоҳатлар замирида ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш борасидаги ишларни такомиллаштириш жаҳон ҳамжихатлигининг олдида турган асосий вазифаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Асосий эътиборли жиҳатлардан бири шундаки ташқи меҳнат миграциясида иштирокчи давлатлар сонининг сўнги йилларга нисбатан ортиши бугунги кунда ушбу масалага янада кўпроқ эътибор бериш зарурлигини талаб қилмоқда.

Ташқи миграция ва ислоҳатлар

Таҳлилий маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, миграция жараёни муайян вақтларда кучайиб-пасайиш тенденциясига эга бўлиб, маълум ҳудуд, мамлакат, минтақалар ижтимоий ҳаётида ўзининг ижобий, салбий, керак бўлса, сиёсий таъсирини ўтказиш хусусиятига эга.

Мазкур масалани таҳлил қилишда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларга кўплаб имконият ва шароитлар яратишга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги “Ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3839-сонли қарорининг қабул қилиниши ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун халқаро шартномалар тузиш, уларнинг республика ташқарисида иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан ташқи меҳнат миграция сиёсатини такомиллаштириш ва тартибга солиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар замирида хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилмоқда, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янгича тизимда ишлаш жорий қилинган. Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ташқи меҳнат миграциясида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон фуқороларига амалий ёрдам бериш мақсадида хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Бугунги кунда ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан мингдан ортиқ фуқароларга ёрдам кўрсатилиб, хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларини ватанга қайтариш, уларга юридик ёрдам бериш, жумладан, иш берувчилар томонидан тўланмаган иш ҳақларини ундириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу ишлар замирида меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларнинг транспорт харажатларини субсидиялаш, шунингдек, хорижда ишламоқчи бўлган шахсларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш мақсадида банд бўлмаган ёшлар ва аёлларнинг касбга ўқитиш харажатларини қоплаш учун иш берувчиларга субсидия тақдим этиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, ишсиз аҳолини касбга тайёрлашда Корея халқаро ҳамкорлик агентиги (KOICA) тажрибаси асосида «Ишга марҳамат» мономаркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ёрдамида ташқи меҳнат мигрантларини хорижий тилларга, касбга ва хорижий мамлакатлар қонунчилигини ўргатиш бўйича амалий тизим яратилган.

Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ишга жойлаштирган иш берувчиларга ҳам субсидиялар бериш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишсизларга, шунингдек, шахсий томорқаларини ривожлантираётганларга субсидиялар ажратиш ва ташқи меҳнат миграцияда фаолиятини тўхтатган ўз-ўзини банд қилган шахсларга уларнинг меҳнат стажларини ҳисоблаш ва пенсия ҳуқуқини бериш, Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари кўп қатнайдиган Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаларининг йирик шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали меҳнат мигрантларимизни хориждаги фаолиятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш замирида сўнгги йилларда Республикада ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг натижалари, муаммолари, ташқи меҳнат миграцияда иштирокчи мигрантларнинг бошқа давлатларга меҳнат қилиш сабаблари ва келгусида кутиладиган ҳолатларга оид таҳлилий маълумотлар ўрганилиб борилмоқда.

Ушбу таҳлилий маълумотлар, соҳадаги муаммони ечимини топишда республикамиз ташқи меҳнат миграцияси жарёнида иштирокчи мамлакатлар роли, меҳнат мигрантларнинг чет элга бориб ишлашнинг асосий сабаблари, ижтимоий-демографик таркиби, меҳнат шароитлари, миграция иштирокчиларининг келгуси режалари, доимий яшаш жойларида иш топиш имкониятларини аниқлаш ва таҳлил қилиш заруратини талаб қилмоқда.

Миграция харитаси

Ўрганишлар доирасида амалга оширилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ташқи меҳнат миграция оқимининг харакатланиш жараёнларини ўрганишда республикамиз мисолида сўнгги уч (2018-2020) йил мобайнида олинган маълумотлар таҳлилига кўра Россия Федерацияси мамлакатимиз ташқи меҳнат бозорида ташқи меҳнат миграциясини қабул қилувчи мамлакатлар рейтингида асосий донор эканлиги кузатилган (70%).

Таҳлиллар жараёни шуни кўрсатмоқдаки, жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалиши натижасида ташқи меҳнат бозорига салбий таъсир ўтказишига қарамасдан 2020 йилда мигрантлар меҳнат қилган мамлакатлар кесимидаги таҳлилий динамика ўзгаришсиз қолмоқда.

Хусусун, 2018-2020 йиллар таҳлилига кўра Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб борувчилар кўрсатгичи 2019 йилга нисбатдан 2020 йилда 4,5 фоизга кўпайганлиги билан деярли сақлаб қолинган. Бу сўнгги ўрганилган маълумотларга асосан жами мигрантларнинг ¾ қисмига тўғри келган. Бунга асосий сабаб пандемия даврида аҳолини иш билан таъминлашлашда ҳукумат томонидан кечиктириб бўлмас чора-тадбирларини ишлаб чиқиш қаторида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан асосий донор давлатларнинг ташқи меҳнат бозоридаги эҳтиёжини қондириш бўйича хамкорликда олиб борилган амалий ишлар натижаларининг таъсири кузатилган. Шу ўринда маълумот сифатида айтиш мумкинки, Россия Федерациясида 2000 йиллардан бошлаб мамлакат аҳолиси орасида меҳнатга лаёқатли аҳолининг кескин камайиб бориши кузатилган бўлиб, ушбу камайиш жараёни 2024 йилда 2020 йилга нисбатдан 1,7 млн кишига қисқариши кузатилган. Ушбу таҳлилий хулосаларга кўра Россия Федерацияси меҳнатга лаёқатли аҳоли балансини ташқи миграция ҳисобидан мўътадиллаштириб туришни режалаштирганлиги аниқланган.

Шунингдек, таҳлилларга кўра сўнги уч йилда Россия Федерациясидан депорт бўлган мигрантлар оқими Туркия ва Қозоғистон давлатига бориб меҳнат фаолиятини юритаётганлиги аниқланган. Масалан, 2012 йилда Туркиядаги меҳнат мигрантлари ўрганилган мигрантларнинг 0,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсатгич деярли 10 баробарга ортган ва 7,9 фоизни ташкил этган. 2020 йилда келиб эса бу кўрсатгич 8,0 фоизга етган.

Сўнгги йилларда мигрантлар сони кескин ортиб бораётган Туркия давлатида меҳнат қилувчилар асосан Тошкент шаҳри (18,0%), Тошкент вилояти (15,0%) ва Самарқанд (12,8%) вилоятлари фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.

Урф-одатлари ва сўзлашув тили ўхшаш бўлганлиги туфайли Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси одатда Қозоғистон Республикасида меҳнат қилганлиги кузатилган ва бу борада ушбу давлатда меҳнат қилганлар жами ушбу республикада ўрганилган мигрантларнинг 55,0% ташкил этган.

Демак 2018-2020 йиллар таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ташқи миграция оқимининг харакатланишида қабул қилувчи давлатлар маҳаллий аҳолисининг тили, характери ва урф-одатларининг яқинлиги алоҳида аҳамият касб этиши кузатилган.

Жанубий Кореяга бориб меҳнат қилганларнинг аксарият қисми, яъни 16,0% Тошкент шаҳри аҳолиси бўлганлиги аниқланди. Ўрганишлар давомида узоқ хорижга борган мигрантларнинг ярмидан ортиғи катта фарқ билан (25,2%) Самарқанд вилояти улушига тўғри келган.

Ташқи меҳнат миграция – сабаб ва омиллар

Аниқланган таҳлилий хулосаларга кўра бугунги кунда аҳоли орасида чет элга бориб ишлашнинг асосий сабаблари мисолида доимий яшаш ҳудудларида иқтисодий ўсиш даражасининг паслиги, жойларда ишга кириш имкониятларининг етишмаслиги, келажакда уй-хўжаликларининг оилавий режалаштирган мақсадлари учун даромадларнинг етмаётганлиги сабаб бўлмоқда. Масалан, ОБСЕ/ЮНЕСКО томонидан МДҲ давлатлари мисолида ташқи миграция жараёнлари ўрганилганда чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мигрантларнинг доимий яшаш ҳудудлариларида ўртача ойлик иш ҳақи 61,1 АҚШ долларини ташкил этганлиги қайд қилинган. Қозоғистонда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мигрантларнинг ўртача ойлик иш ҳақи эса 213,6 АҚШ доллари билан фарқланганлиги кузатилган.

Хусусан, Республикамиз шароитида ушбу маълумотларни таҳлил қилишда мигрантларнинг яшаш жойида юқори ҳақ тўланадиган ишнинг йўқлиги сабабли чет элга меҳнат қилиш учун кетаётганлар сони 2017 йилга нисбатдан 2018 йилда 22,1 %га ортган бўлса, 2019 йил давомида бу тенденция республика бўйича деярли ўзгармаган ҳолда 55,5%ни ташкил этганлигини кузатиш мумкин.

Аниқланган даврий динамиканинг ўзгариш натижаларига кўра бу кўрсатгич 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 3,6 фоизга ортган ва 59,1 фоизга етганлиги кузатилган. Шунингдек, ишлаб чиқариш соҳаларидаги истеъмол товарлари, коммунал, транспорт, маиший ва бошқа хизматларнинг нархларини аҳоли даромадларига нисбатан тез суръатларда ошиши ҳам бугунги кунда мигрантлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга ўрганилган натижаларга кўра мигрантлар орасида тўй ўтказиш, ўй-жой ёки автомобил сотиб олишга пул топиш учун сармоя тўплаш мақсадида хорижга борувчилар сони 2018 йилга нисбатан ортиши кузатилган. Бу кўрсатгич 2018 йил таҳлилига нисбатдан 2020 йилда 13,5 фоизга ортганлигини аниқланган.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлашга сармоя тўплаш мақсадида хорижда меҳнат қилувчилар ўтган йилга нисбатдан 7,1 фоизга камайганлиги аниқланган. Бунинг асосий сабаблари сўнги йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз томонидан турли имтиёзли кредит ва субсидияларнинг ажратилиши сабаб қилиб кўрсатилган.

Республика давлат статистика қўмитаси томонидан берилган ахборотга кўра иқтисодиёт тармоқлардаги республика кесимида қурилиш соҳасида меҳнатга ҳақ тўлаш критерияси бўйича вилоятларда энг кам ҳисобда ҳақ тўланиши аниқланган. Бундай иқтисодий тармоқларда меҳнатга ҳақ тўлашдаги ўзгаришлар тенденцияси миграция оқимининг вилоят ҳудудлар кесимида ҳам чет элга меҳнат қилиш учун борувчилар сонини кўпайишига сабаб бўлмоқда. Таҳлилларга асосланган жаҳон тажрибасига кўра миграция оқимининг ҳаракатланиш сабаблари сифатида мамлакатлар ичкарисидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларининг ўзгаришилари сабаб қилиб кўрсатилган.

Ишчи мигрантлар мобиллиги

Маълумки миграция жараёнида муайян тармоқлардаги ишларнинг танқислиги шунингдек, қабул қилувчи давлатлар меҳнат бозоридаги турли сегментлар ва талабларига жавоб бера олиш каби қийинчиликларнинг мавжудлиги, меҳнат мигрантларини иш топишида табиий равишда этник гуруҳларга бўлинишларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, мазкур масалага аниқлиқ киритиш мақсадида ўрганилган мигрантларнинг чет элда иш топишида асосий иштирокчи каналлар ва бунга сабаб бўлувчи омилларни аниқлаш ва таҳлил қилиш мигрантлар фаолиятини ўрганишнинг асосий босқичларидан бири ҳисобланади.

Ўрганилган таҳлилга кўра мигрантларни хорижда иш топиш мобиллигини аниқлашда маълумотлар базаси сифатида 2016-2020 йиллар таҳлили кўриб чиқилган. Унга кўра хорижда иш топишда қариндош ва танишлар ёрдамидан фойдаланиш ҳолати 2016 йилга нисбатдан 2020 йилда 6,8 фоизга ошганлиги кузатилган. Мустақил ўзи иш топганлар даражасининг таҳлили 2020 йилда 2017 йилда нисбатдан 21,2 фоизга камайган. 2020 йил кесимида мигрантларни хорижда иш топиш каналларини ўрганилганда қуйидаги аспектлар аниқланди. Ушбу динамикага мувофиқ хорижда иш топишда қариндош ва танишлар орқали иш топганлар 56,7 фоиз, мустақил ўзи иш топган мигрантлар 24,8 фоизни ташкил қилган.

Айтиш жоизки, мустақил ўзи иш топганлар критериясига кирувчилар асосан умумий мигрантларнинг тўлиқ ўрта маълумотлилар тоифасига тўғри келмоқда. Бу тоифадаги мигрантлар асосан ташқи миграцияда индивидуал ҳаракатланиш хусусиятига эга эканлиги кузатилган ҳолда маълумотлилар тоифаси орасида юқори 27,7 фоизни ташкил қилди. Ушбу тоифадаги мигрантлар мутахассисликларидан ташқари мослашув мобиллиги юқори даражада эканлиги аниқланди.

Мигрантларнинг иш топишдаги мобиллигини аниқлаш мисолида 2016 йилга қадар турли иқтисодий соҳаларда ишлаш учун тажрибанининг етишмаслиги сабабли тарқоқ харакатланиб келганлиги аниқланган. 2017 йилдан мигрантларда иқтисодий соҳаларга нисбатдан тажриба, билим ва кўникмаларни ортиши туфайли уюшган гуруҳ бўлиб меҳнат қилиш, яъни миграция иштирокчиларининг этник концентрациялашувига олиб келганлигини кузатишимиз мумкин. Оқибатда бу концентрациялашув мигрантларнинг беихтиёр мобил тизимда ишлашларини таъминлаб хорижий меҳнат бозорида иш топишда ва турли қийинчиликлар рискини олдини олишга сабаб бўлмоқда.

Ишчи мигрантлар бандлиги

Ўрганилган 2020 йил якуни таҳлилига кўра, хорижда меҳнат фаолиятини олиб борган фуқароларнинг (45,4%) энг катта қисми кичик ва хусусий корхоналарда меҳнат фаолиятини юритган. Шунингдек, аксарияти хусусий тадбиркорликда (19,3%) ва йирик корхона-ташкилотларда (16,7%) фаолият юритаётганликлари маълум бўлган.

Ушбу тур бўйича иш берувчилар одатда, юқори малака талаб этадиган хизмат кўрсатиш ва ишлаб-чиқариш фаолияти билан шуғулланган. Қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд мигрантлар улуши 2,8 фоизни ташкил этди.

Республикамизда реинтеграция жараёнларида ва иш ўринлари яратишда мигрантларнинг меҳнат фаолиятида ортирган тажриба ва кўникмаларини инобатга олиш мақсадга мувофиқлиги аниқланган. Ушбу маълумотлар бўйича мигрантларнинг маълум қисмигина жисмоний шахслар (11,3%) ва оилалар хизматида банд бўлганлар (3,2%) ташкил этган. Бу тоифадаги ишлар ташқи меҳнат бозорида энг кам малака талаб қилиниши билан характерланган.

Шунингдек, мигрантларининг меҳнат фаолияти давомида иқтисодий тармоқлар кесимида қурилиш тармоғларида бандлигига ортиб бораётганлигини кузатилган. Жумладан, савдо ва хизмат кўрсатишда банд бўлган мигрантлар улиши ҳам мунтазам ошганлиги кузатилган. Саноат тармоғида меҳнат қилган бандлар 12,8 фоизни ташкил қилмоқда. Кўп йиллар давомида меҳнат мигрантларининг ярмидан ортиғи билим ва касбий кўникма талаб қилимайдиган қурилиш соҳасида меҳнат қилиб келмоқда. Кузатув натижаларига кўра ушбу кўрсатгич жами мигрантларнинг 52,7 фоизини ташкил қилган.

Мигрантлар даромади

Аниқланган таҳлилий хулосаларга кўра, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган миграция иштирокчиларининг меҳнат қилган мамлакатларига ойига ўртача топган даромадини аниқлаш критерияси бўйича 2020 йил мисолида ўртача 709 АҚШ долларини ташкил қилган.

Шаҳар ва қишлоқ кесимида таҳлил қилинганда шаҳарлик мигрантлар 715 АҚШ доллари, қишлоқ мигрантлари 703 АҚШ долларигача даромад топганлиги кузатилган.

Сўнгги сафари давомидаги даромадининг трансферт қилинган маълумоти бўйича ўрганилганда бу кўрсатгич жами мигрантлар томонидан ойига ўртача 536 АҚШ доллари трансферт қилинганлиги кузатилган.

Мигрантлар хорижда ишлаб топган (жамғарма) даромадларининг 73,5 фоизи кундалик эҳтиёжлар учун сарфлаганликлари аниқланган ва 2020 йилги кўрсаткичдан 2021 йил биринчи чоракида 12,3 фоизга ошган.

Мигрантларнинг асосий қисми катта даромадга эга бўлмаганлиги учун улар ишлаб топган пул асосан оиланинг кундалик эҳтиёжлари учун сарфланган. Шунингдек, уй-жой қуриш, таъмирлаш ёки сотиб олиш учун ҳам 33,6% даромадлар йўналтирилганлиги аниқланган. Тўй ва шу билан боғлиқ харажатлар 2017 йилга нисбатан деярли 16,2 фоизга ортган ва 24,7%га етган. Бироқ автомобил сотиб олишга пул сарфлаган мигрантлар сони ўтган йилга нисбатан 2,4 пунктга камайганлигини кузатилган.

Миграция ва касбий кўникма

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларидаги ташқи меҳнат миграцияси иштирокчиларининг эгаллаган мутахассислиги ва касбий кўникмаларига нисбатдан яшаш ҳудудларида талаб даражаси ўрганилганда жами мигрантларнинг 59,0 фоизи ўз касбларига нисбатдан талабнинг мавжудлиги лекин иш ҳақининг камлигини эътироф этишган. Айниқса, қурилиш соҳадаги касб эгаларининг мамлакат ичкарисидаги турли ҳудудларда кўчиб юришлари топган даромадларидан кўра харажатларининг ошиб кетиши аниқланган. Бу даромадга нисбатдан режалаштирган шахсий, оилавий муоммоларни ҳал қилиб бўлмаслигини асосий сабаблари сифатида келтирганлар.

Хорижда ортирилган касб ва ҳунарга нисбатдан талаб ва иш ҳақи юқори деган вариантда қолганлар жами мигрантларнинг 23,1 фоизини ташкил қилган ҳолда асосан касб-ҳунарни тўлиқ эгаллаганлар улушига тўғри келган. Худди шу кўрсатгич бўйича жами мигрантлар эркак ва аёллар кесимида таҳлил қилинганда 60,1 фоиз аёллар, эркаклар 58,8 фоизни ташкил қилган.

Амалий зарурат

Ўрганишлар давомида ҳукуматимиз томонидан сўнгги йилларда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солишни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар замирида жойлардаги ижросини ўрганиш мақсадида жами мигрантлардан эгаллаган касбий кўникмаларидан келиб чиқган ҳолда ёрдам кўрсатиш мазмунидаги вариантларга кўра мигрантларнинг 30,8 фоизи хорижга кетишга амалий ёрдам беришда хориждаги иш ўринлари ҳақида маълумот бериш муаммоларга тўхталганлар. Касбий маҳорати бўйича ишга жойлаштириш (23,4%) ва касбий билимни янада ошириш мақсадида ўқув марказларида ўқишга кўмаклашишга (23,0%) зарурат борлигига кузатилган. Жумладан, фуқаролар давлат томонидан чет элда ишлаши учун яратилаётган иш ўринлари ҳақида ўз яшаш ҳудудларида маълумотларни йўқлиги ёки етарли эмасли аниқланган. Натижага кўра эгаллаган касбий кўникмаларидан келиб чиқган ҳолда давлат томонидан амалий ёрдам кўрсатишда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ҳуқуқий маслаҳатлар, кредит ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш (18,4%) механизмини такомиллаштириш мақсадга муофиқлиги аниқланган.

Миграция даврийлиги

Кузатув жараёнида чет элга сўнги 3 (2018-2020) йилда борган мигрантлар меҳнат фаолиятининг даврийлик даражаси таҳлил қилинганда жами ўрганилган мигрантларнинг 37,8 фоизи 6-12 ой давомида, 19,9 фоизи 3-6 ой давомида узоқ муддатли меҳнат фаолияти юритганликлари кузатилган. Мигрантларни узоқ муддатда меҳнат фаолиятини олиб боришига асосий сабаблар сифатида патент, йўл транспорт харажатларининг қимматлиги қисқа муддатдаги меҳнат фаолияти мигрантларнинг харажатларини қопламаслиги аниқланган. Жумладан ушбу сабаблар қаторига ишчи мигрантлар ўзларининг аниқ мақсадларини (тўй қилиш, уй қуриш, автомабил сотиб олиш, жамғариш кабилар) амалга ошириш учун қисқа вақт ичида қайтиш фойдасиз эканлиги эътироф этилган.

Таҳлилга кўра, жами мигрантларнинг 7,5 фоизи уч ойдан кам бўлган муддатда мавсумий меҳнат фаолиятини олиб боришган. Бу айнан Қозоғистон Республикасида меҳнат қилган ишчи мигрантлар оқимининг улишига тўғри келган. Шунингдек, таҳлилда аниқланган меҳнат фаолиятини олиб борувчи мигрантларнинг жинсига нисбатдан меҳнат қилиш муддатларидаги ўзгаришлар динамикаси асосан эркаклар улишининг юқорилиги билан фарқланган.

Шу ўринда айтиш мумкинки, ўрганилган жаҳон тажрибаси мисолида миграция оқимини таҳлил қилишда иштирокчиларни ҳаракатланиш харитаси асосан ёлғиз эркак ва аёлларда кўпроқ кузатилганлиги билан характерланса, Ўзбекистон шароитида эр-хотинлар ва оилавий меҳнат қилиш тушунчаси асосан ёш оилаларда кўпроқ кузатилган. Шунингдек, 2020 йилда хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширмаган мигрантлар бўйича таҳлил қилинганда шаҳар ва қишлоқ кесимида ҳам натижалар мос равишда шаҳарликлар 57,2%, қишлоқдаги мигрантлар 57,9% ташкил этган.

Режа ва мақсадлар

Шунингдек, ўрганиш асосида мигрантларнинг келажакда режалаштираётган мамлакатларига боришидаги асосий мақсад ва сабабларга кўра қуйидаги таҳлилий маълумотлар олинди. Унга кўра жами ўрганилган республика бўйича мигрантларнинг яшаш жойида иш хақларининг камлиги ва доимий ишнинг йўқлиги ва қониқарсиз меҳнат шароити туфайли режалаштираётганлар мос равишда 33,9 фоизни ташкил этган бўлса, қишлоқ кесимида бу кўрсатгич юқори даражада 38,5 фоизни ташкил қилган.

Уй-жой сотиб олиш мақсадида чет элга кетишни режалаштираётган жами иштирокчилар 16,0 фоиз, тўй ўтказиш ва автомобил сотиб олиш учун бормоқчи бўлганлар гуруҳи 8,3 фоизни ташкил қилган. Ушбу мигрантларнинг келгусида режалаштираётган мамлакатларига боришидаги асосий мақсад ва сабаблари очиқланган маълумот шуни кўрсатмоқдаки, миграция иштирокчиларининг 1/3 қисми асосан яшаш жойида иш хақларининг камлиги, доимий ишнинг йўқлиги, қониқарсиз меҳнат шароити ва уй-жой сотиб олиш мақсадида чет элга кетишни режалаштирганликлари аниқланган.

Мигрантлар томонидан меҳнат фаолиятини олиб бориши аниқ режалаштирилган мамлакатлар кесими қуйидаги асосий кўринишни акс этди.

Юқори кўрсатгич бўйича ҳудудлар кесимида Россия Федерациясига Қашқадарё (93,5 %), Бухоро (90,1%), Хоразм (84,7%) Наманган (79,9%), Жиззах (79,5%), вилоятлари ҳисобига тўғри келган. Қозоғистонга боришни режалаштирганлар ичида Қорақалпоғистон Республикаси (48,0%) яққол устунликга эга эканлигини кўриш мумкин. Туркия давлатига боришни режалаштирганлар ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳар (21,7%), Тошкент вилояти (13,1%) ташкил қилган.

Шунингдек даврий миграция иштирокчиларининг қандай шароитлар яратилган тақдирда чет элга ишлаш учун кетмаслик сабабларига кўра чет элга ишлаш учун кетишни режалаштираётган мигрантларнинг 84,1% ўз яшаш жойида юқори ҳақ тўланадиган иш топса, чет элга бормасликлари аниқланган. Меҳнат мигрантларининг чет элга боришига асосий сабаб бўлаётган омил, меҳнат бозорида яхши ҳақ тўланадиган иш топилмаётганлиги бўлиб қолмоқда. Таҳлил жараёнида кузатилган ҳар ўн нафар мигрантдан биттаси республиканинг турли шаҳарларида ишлаш имконияти яратиб берилса, хорижга ишлашга бормаслиги маълум бўлган.

Миграция оқимини камайтириш сабаблари

Жумладан, давлат томонидан қандай шароитлар яратилиб берилганда чет элга ишлашга бормаслик тўғрисидаги маълумотига илова сифатида меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ўрганилганда республика кесимида жами мигрантларнинг 59 фоизи иш ҳақи ўртача 3 000 000 сўм ва ундан ортиқ, 28 фоизи 2 000 001 - 3 000 000 сўмгача, 7 фоизи 1 500 001-2 000 000 сўмгача ва 6 фоиз респондентлар 1500 000 сўмдан кам бўлган миқдордаги иш ҳақига ўз ҳудудида қолиб ишлашлари аниқланган.

Мулоқат

Маълумки, мигрантларнинг муносиб иш ҳақи ва шароитларга мос иш топишларига уларнинг тил билиш даражаси катта таъсир ўтказиши табиий. Шу мақсадда хорижда меҳнат фаолиятини олиб борган фуқароларнинг иш берувчи давлат тилини билиш даражаси аниқланганда 2020 йилда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириб қайтган фуқароларнинг асосан кўпчилиги (33,8%) меҳнат қилган жойидаги давлат тилини тушуниши ва бироз гапира олиши маълум бўлган. Бемалол гаплаша олиш даражасида биладиганлар 40,1 фоизни ташкил этди.

Меҳнат миграциясига иштирокчи фуқароларнинг чет тилини яхши билмаслиги даражаси меҳнат фаолияти давомида кўплаб муаммоларга дуч келиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Эътибор қаратиш лозим бўлган шундай тоифадаги меҳнат мигрантлари ҳам борки, улар чет тилини умуман билмайди, ёки бироз тушуниб, гапира олмаслиги аниқланган. Ушбу мигрантлар улуши 19,6 фоизни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда миграцияга иштирокчи фуқароларнинг чет тилига ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самараси кўринмаяпти. Мигрантлар чет элга боришларидан олдин касб ва тил малакасини ўзлаштиришга катта эҳтиёж сезаётганликлари аниқланган. Бунга асосий сабаблардан бири чет элга ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг тил ва касбий кўникмаларини ўзлаштиришга боғлиқ муаммони ечимини топишда жойларда мутахасисларни етишмаслиги асос бўлиб қолмоқда. Айниқса, ушбу муаммо қишлоқ жойлардаги таълим соҳаларида кадрлар етишмовчилиги каби сабаблар мисолида яққол кўринмоқда.

Миграция омиллари

Хусусан, бугунги кунда ташқи миграция жараёнларини таҳлил қилиш мисолида аниқланган меҳнат мигрантларнинг чет элга меҳнат фаолиятини олиб боришинининг асосий сабаблари ва келгуси режалари бўйича таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, республика шароитида 2000 йиллардан бошлаб қишлоқ хўжалигидаги ширкатларни ва фермер хўжаликларининг қайта ташкил этилиши туфайли меҳнатга талабни қисқариши аниқланган. Натижада ушбу соҳаларда меҳнатга ҳақ тўлаш реал ойлик маошининг пасайганлиги кузатилган. Бошқа томондан эса, аграр тармоққа қараганда анчагина рентабел бўлган расмий сектор тармоқларидаги саноат, курилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнатга талабни ўсиши туфайли реал маошларнинг ошиши кузатилган бўлсада, солиққа тортиш тизимидаги кўп меҳнат талаб қиладиган корхоналарда солиқ юкининг катталиги натижасида меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш эҳтиёжи қондирилмаган. Масалан, 1995 йилда меҳнатга ҳақ тўлаш шкаласи бўйича солиқ юки даражаси 29,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилдан бошлаб давлат томонидан олиб борилган ислоҳатлар замирида солиқ сиёсатини такомиллаштириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланма даражасини қисқартириш натижасида иш ҳақига нисбатдан солиқ юки барча фуқаролар учун шахсий даромадларга 12% ҳисобида ягона солиқ ставкаси жорий этилган ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини бекор қилиш орқали 1995 йилга нисбатдан 2019 йилда 17,7 фоизга камайтирилган.

Натижада ушбу йиллар мобайнидаги меҳнатга ҳақ тўлаш шкаласидаги фарқли тенденциянинг таъсири ва қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги соҳаларда меҳнатга талабни қисқариши, доимий ишнинг йўқлиги каби ҳолатлар меҳнатга лаёқатли аҳоли орасида тўлиқ касбий таълим ва кўникмага эга бўлмаган аҳоли қатламини ташқи меҳнат миграция оқимига ва норасмий секторда фаолият юритишига сабаб бўлган.

Йиллар давомидаги ташқи миграцияда ортирилган даврий меҳнат фаолиятидаги тажриба бугунги кунда меҳнат мигрантларининг уй-хўжаликларидаги оилавий режалаштирган мақсадлари ва оилавий эҳтиёжларини чет элдаги меҳнат фаолияти асосида ортирилган даромад эвазига қондирилишига кўникма ҳосил қилган. Шу билан бирга ишлаб чиқариш соҳаларидаги истеъмол товарлари, коммунал, транспорт, маиший ва бошқа хизматларнинг нархларини аҳоли даромадларига нисбатан тез суръатларда ошиб борилаётганлиги ҳам бугунги кунда ишчи мигрантлар сонининг ўсиш динамикасига таъсир кўрсатишига сабаб бўлмоқда.

Эътиборлиси шундаки,бугунги кунда меҳнат фаолиятини олиб боришда эгаллаган касбий билим кўникмаларга қайта тайёрланишда жами мигрантларнинг 57,1 фоизи касбий билим ва касб–ҳунарни ўрганишга тайёр, лекин рўзғор муаммолари ва имкониятнинг етишмаслигини кўрсатмоқдаки, бу эса келажакда меҳнатга лаёқатли аҳоли демографиясига таъсир қилувчи бугунги ёшлар оқимини қамраб олиш ҳисобида янада кўпайишига олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ўрганилган мазкур таҳлиллардан келиб чиқган ҳолда хулоса қилишда ташқи меҳнат миграция жараёнларнинг ўзгариш динамикасига таъсир қилувчи асосий омил меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг ўзгариш тенденцияси ҳисобланади. Жумладан БМТ (ЮНИСЕФ) ташкилоти томонидан 2018 йилда Ўзбекистонда рўй бераётган туб демографик ўзгаришлар ва имкониятлар индексларини аниқлашда 2030 йилдан бошлаб республикада туғилиш даражасининг пасайиши кузатилади ва бу жараён 2048 йилгача максимал даражада меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг кўпайиши билан изоҳланган. Масалан ҳар йили Ўзбекистондаги меҳнат бозорига ярим миллионга яқин ёшлар кириб келмоқда.

Бу эса меҳнатга лаёқатли аҳоли сонини йилдан йилга кўпайиб бориши, келгуси ўн йилликда бўлажак ишчиларнинг меҳнат бозорида келажакини асраб қололмайди. Натижада ёшлар учун яратилган иш ўринларининг меҳнатга ҳақ тўлаш критериясининг талаб даражасидан пастлиги Ўзбекистонда ёшларнинг ишсизлик даражасини кўпайишига олиб келиш билан бир қаторда меҳнатга лаёқатли аҳоли таркибида ташқи меҳнат миграция ва норасмий бандлик улушини янада ошишига сабаб бўлади. Маълумки Ўзбекистонда норасмий бандлик даражаси юқорилигича қолмоқда.

Хулоса ўрнида

Бугунги кунда ташқи меҳнат миграцияси масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш замирида Республикада ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар кўламини тубдан ўзгартириш, касбга тайёрлаш ва ўқитишда янгича ёндашув, шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлашда келажакда кутиладиган турли хавф ва рискларни олдини олишга қаратилган инновацион чора-тадбирларни қўллашни тақоза этади. Шу ўринда меҳнат фаолиятини олиб боришда эгаллаган касбий кўникмаларга қайта тайёрланишда жами мигрантларнинг 57,1 фоизи касб–ҳунар ўрганишда тайёр эканликларини билдирганлар. Бу эса меҳнат муносабатларида асосий таъсир этувчи омил ҳисобланиб аҳолини бандлигини таъминлашда муҳум рол ўйновчи соҳа ва муассасалар фаолиятини ҳам такомиллаштириш кераклилигини кўрсатади.

Ушбу таҳлиллардан келиб чиқган ҳолда, бугунги кунда давлатимиз томонидан ташқи меҳнат миграция сиёсатини такомиллаштириш ва тартибга солиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар замирида республикамиз аҳолисини расмий меҳнатга жалб қилишда биринчи ўринда меҳнатда лаёқатли аҳоли сонини ўзгариш тенденциясидан келиб чиқган ҳолда ижтимоий-иқтисодий канал ва механизмлардан фойдаланиб болалар ва ёшларни дунё меҳнат бозори стандартлари ва талабларига муофиқ келажакда меҳнат бозорида ўз ўринларини топишлари мақсадида таълим ва касбий таълим соҳасига инвестиция киритиш орқали инсон капиталини ривожлантириш лозимлигини кўрсатмоқда. Бунга мисол сифатида кўпгина мамлакатлар, айниқса, Шарқий Осиёдаги "Осиё йўлбарслари"ларининг тез иқтисодий ўсишга эришишида инсон ресурсларини ривожлантиришда таълимга салмоқли инвестиция киритиш орқали меҳнатга лаёқатли аҳоли балансини тўғри тақсимланишига эришганликлари кузатилган.

Дарҳақиқат, тараққиёт йўлида изчил ривожланишда ҳал қилувчи муҳим мезон – бу, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган мутахассислар ҳисобланади. Ўзбекистонда аҳоли интеллектуал салоҳиятини оширишда таълим соҳасига сармоя киритишнинг аҳамияти меҳнатга лаёқатли аҳолининг касбий салоҳиятни шакллантириш ҳисобланади. Таълим қай даражада ривожланган бўлса, миллий иқтисодиётда шунга мос касбий тайёргарликка эга бўлган ходимлар фаолият кўрсатади ва шунга мос равишда иқтисодий ўсишга эришилади.

Таълим соҳаси иқтисодий ўсишга эришишнинг имконияти бўлиб ҳисобланади. Зеро, таълим тизимига ажратилган бугунги инвестиция келажакда меҳнатга лаёқатли аҳолининг нафақат ички меҳнат бозорида балки бугунги иқтисодий ривожланиш даврининг ўтиш жараёнида ташқи меҳнат бозорида ақлли мигрантлар платформасини яратилишини кафолатлашига асос бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатда/Меҳнат миграцияси

Шариф Кучаров, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази

«Экономическое обозрение» журнали №7 (259) 2021

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар