Прагматик савол: ЕОИИга аъзо бўлиш керакми ёки йўқ?

Прагматик савол: ЕОИИга аъзо бўлиш керакми ёки йўқ?

Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифаларни бажариш ҳукуматимиз, маҳаллий ҳокимиятлар ва жамоатчиликнинг доимий диққат марказида турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида белгиланган стратегик вазифалар нафақат жорий йил, балки узоқ муддатли ривожланиш учун, ундаги қайд этилган директив кўрсатмалар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади.

Мазкур Мурожаатномада 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб эълон қилинди. Мурожаатнома аҳолининг моддий фаровонлигини ошириш мақсадида демократик ислоҳотларни мантиқий ва изчил давом эттириш, иқтисодиётни либераллаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига тизимли ёндашувнинг ёрқин намунасидир.

Таъкидлаш жоизки, рақамли иқтисодиёт кўп қиррали фаолият бўлиб, унда илм-маърифат ва рақамли ахборот ишлаб чиқаришнинг асосий омилига айланади. Унда зарурий макон бўлиб замонавий электрон ахборот макони хизмат қилади, ахборот коммуникацион технологиялар эса меҳнат унумдорлигини ошириш ва иқтисодиётнинг таркибий тузилмасини оптималлаштириш учун қўлланилади. Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши иқтисодиётни бошқариш жараёнларини такомиллаштириш учун беқиёс имкониятлар яратади, мураккаб иқтисодий қарорлар қабул қилишни осонлаштиради.

Замонавий компьютер ва дастурий таъминотлар ҳамда имитацион эконометрик моделларни қўллаш натижасида шу тариқа ва ундан ҳам мураккаб бўлган муаммоларни самарали ечиш мумкин бўлади. Шунингдек, улар ёрдамида диалог тарзда иттифоқга кириш муддатлари, кириш шартлари ҳамда унинг қисқа ва узоқ муддатдаги мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига таъсирини ташқи муҳит, жаҳон иқтисодиётининг динамик риволанишини инобатга олган ҳолда таҳлил этиш мумкин.

Охирги пайтларда ОАВларда Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги хусусида мунозаралар ва фикрлар кўп баён этилмоқда. Айтиш жоизки, бу масалага қарашлар турлича: айрим олимлар ёки жамоат вакиллари иқтисодий манфаатлар асосида кириш тарафдори бўлса, айримлар эса бу масалага кўпроқ сиёсий урғу беришмоқда.

Бу каби жиддий масалалар бўйича жамият аъзоларининг турли позициялари бўлиши ва фикрларнинг эркин айтилиши ижобий ҳолат деб қаралиши, бир томондан, олим ва жамоатчилик вакилларининг мамлакат тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатса, иккинчи томондан эса, бундай чиқишлар демократик жараёнлар маҳсули, сўз эркинлиги ҳамда фуқароларнинг матбуотда фикрини баён қилиш ҳуқуқидан фойдаланишини кўрсатади.

Фуқаролик жамияти шаклланишида фикрлар плюрализми миллатимиз учун ҳар тарафлама фойдалидир. Шу муносабат билан муаллиф ҳам мамлакатимизнинг иқтисодий иттифоққа бўлиш хусусида фикрини баён этмоқда. Бу ўринда яна шуни таъкидлаш жоизки, эркин фикрни баён қилиш нафақат имконият балким ўз навбатида илгари сураётган фикрлар ва тавсияларга нисбатан жавобгарликни ҳам англатади. Чунки профессионал иқтисодчи қуруқ баландпарвоз жумлалар ва фикрлар ўрнига муайян ҳолатни барча омиллар таъсирини ҳисобга олиб ўрганади ва иқтисодий қарорнинг халқ манфаатига мослигини тасдиқлайди. Қолаверса, иқтисодчи сўзининг маъноси у хато қилишга ҳуқуқи йўқлигидан далолат беради. Шу нуқтаи назардан муаммони кўриб чиқишни лозим топдим.

Иқтисодий иттифоқлар нима учун керак?

Авваламбор, иқтисодий иттифоқларнинг нима учун кераклиги тўғрисида фикр юритайлик. Глобализация жараёнлари, ички ва ташқи рақобатнинг кучайиши, инновацияларни кенг масштабда жорий этилиши натижасида жаҳон иқтисодиёти ва минтақавий иқтисодиётларда кутилмаган тенденциялар вужудга келади ва уларнинг таъсири иқтисодий ўсишга хавф туғдириб риск даражасини оширади. Натижада мамлакатлар орасидаги товарлар, капитал, инвестициялар ва ишчи кучи оқимларида тўсиқлар вужудга келади, мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқ ва айирбошлаш жараёнлари самарали бўлмай қолади.

Бундай ҳолатда мамлакатлар иттифоққа бирлашса синергетик самара яратилади, рискларга қарши (risk pooling) чора тадбирлар ишлаб чиқилади ва натижада кутилаётган йўқотишлар миқдори пасаяди. Бундан ташқари, бирлашган мамлакатлар жаҳон бозорида рақобат стратегиясини биргаликда белгилашади. Иттифоқ доирасида мамлакатлар орасида ягона товарлар, капитал, инвестиция ва ишчи кучи иқтисодий макони яратилади. Иттифоқ доирасида бизнес, савдо ва тижоратни амалга ошириш, ихтисослашиш учун ягона “қоидалар” амал қилади.

Сиёсий омилларга келадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг иттифоқларга аъзо бўлиши халқимизнинг манфаатлари, хоҳиш ва иродасига биноан амалга оширилади. Бунинг учун иттифоққа аъзо бўлишнинг жорий ва узоқ муддатдаги таъсири чуқур таҳлил, синтез ва прогноз қилиниши, барча омилларни инобатга олган ҳолда унинг ижтимоий-иқтисодий нафи, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиши бўйича вариант ва ценарийларини ишлаб чиқиш керак бўлади.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизнинг иттифоққа аъзо бўлиши стратегик қарорлар жумласига кириб уни чуқур миқдор ва сифат кўрсаткичлари орқали тизимли ижтимоий-иқтисодий таҳлил этишни тақозо этади. Шунингдек, тизимли таҳлил натижаларини умумхалқ муҳокамасига олиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу илмий ёндашувнинг моҳиятини қисқача баён қилайлик. Кези келганда айтиш жоизки бу тизимли ёндашув ривожланган мамлакатларда йирик лойиҳаларни режалаштириш, йирик савдо битимларини амалга оширишда кенг қўлланилади.

Бундай стратегик қарорлар заминида замонавий тизимли иқтисодий парадигма ётади. Бу парадигма иқтисодиётда ҳозирги давргача ҳукмрон бўлган барча назариялар, жумладан, классик, неоклассик, институционал, эволюцион, билимлар иқтисодиёти назарияларнинг муаммоларни ҳал қилишдаги заифлигини таъкидлаб, барча омилларнинг таъсирини ҳисобга олган ҳолда таҳлил, синтез ва прогноз қилишни тавсия этади. Бошқача қилиб айтганда, иқтисодий жараёнларни статик ҳолатда эмас балки ривожланишда, динамик тарзда таҳлил этишни илгари суради.

Инновациялар шароитида бундай таҳлил этиш реалликни кузатиш ва шу асосда самарали қарорлар қабул қилишни англатади. Муҳокама қилинаётган жараён ёки ҳолат ташқи муҳит, иқтисодиётнинг жорий ва истиқболдаги ҳолати, жараёнлар ва инновациялар таъсирида тадқиқ этилади.

Йирик лойиҳани қабул қилиш мезони сифатида жами маржинал ижтимоий-иқтисодий ютуқлар (marginal social benefit) билан жами маржинал ижтимоий-иқтисодий харажатлар (marginal social cost) орасидаги фарқ қабул қилинади. Агар биринчи натижа иккинчисидан ортиқча бўлса лойиҳа қабул қилинади. Шу ёндашув нуқтаи назаридан матбуотда билдирилаётган айрим фикрларни таҳлил этайлик ва уларнинг тизимли таҳлилга мослигини кўриб чиқайлик.

Муаммо хусусида матбуотда баён этилган фикрларни оддий кузатиш шундан далолат берадики, бу муаллифлар иттифоққа аъзо бўлиш масаласига содда ёки фақат иқтисодий нуқтаи назаридан ёндашадилар. Тадқиқотда мамлакатлар ва жаҳон иқтисодиётининг жорий ҳолатини ва жорий жараёнларни тадқиқ этадилар, ҳолбуки биз келажакдаги ҳолатларни, инновацион ривожланиш таъсирини, мамлакатимизда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси натижаларини инобатга олган ҳолда тизимли таҳлил қилмоғимиз керак.

Жумладан, иттифоққа аъзо бўлиш тарафдорлари, масалан, асосий аргумент сифатида мигрантлар оқими ва улардан мамлакатимизга келиб тушаётган валюта миқдорини ижобий омил деб қарайдилар. Биз ҳам бу фикрга қўшиламиз, аммо битта истисно билан. Тизимли иқтисодчи бу ютуқлардан ижтимоий “харажатларни” олиб ташлашни тавсия қилади. Улар бу харажатларга ватанимиздаги мигрантларнинг оилаларидаги фарзандларига ота меҳри ва тарбиясининг етишмаслиги, оилаларда баъзан ажралишларнинг кўпайиши, мигрантларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеидаги дикриминация, олий маълумотлининг паст ишга қабул қилиниши, яшаш шароити, санитар-гигиена талабларининг пастлиги ва ҳ.з.

Бундан ташқари, бу олимлар жорий ҳолат билан жорий ҳолатни таққослайди, модомики гап истиқбол ҳақида бораяпти, яъни динамика, келгусида, муқаррар ҳукуматимиз у мигрантларни ватанимизга қайтаради. Бундай мисолларни бошқа фикрлар ва омиллар хусусида ҳам келтириш мумкин эди. Демак стратегик қарорлар қабул қилишимизда ота-боболаримиз айтганидек “етти ўлчаб” эмас балки юз марта ўлчаб битта қарор қабул қилишимиз даркор.

Жаҳон тажрибасида бундай қарор қабул қилиш амалиёти “ютуқлар ва харажатлар” (cost-benefit analysis) деб аталади ва компъютер дастурлари ёрдамида амалга оширилади. Республикамизда бундай тизимли таҳлилни амалга ошириш учун жорий илмий тадқиқот муассасалари доирасида депутатлар, иқтисодчилар, социологлар, юристлар, экологлар, эконометрика фани мутахассисларидан иборат гуруҳ ташкил қилган ҳолда лойиҳа асосида масала таҳлил этилса яхши бўларди. Тадқиқот натижаси, гуруҳ тақдимоти халқ ва Парламент муҳокамаларига олиб чиқиш мумкин бўлади. Хулоса тариқасида олимларнинг матбуотда чиқишларида фикр ва мулоҳазалари янада самарали, прагматик элементларга бой бўлади, деган ниятдамиз.

Турсун Шодиев

иқтисодиёт фанлари доктори,

Тошкент халқаро Вестминстер

университети профессори.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар