Президент иштирокида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказилди

Президент иштирокида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказилди

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида "Хавфсиз ва равон йўл" тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда тизимни тубдан ўзгартиришга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилиши режалаштирилган.

“Бугун ўта муҳим ва кечиктириб бўлмас масалани муҳокама қиламиз. Бу – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш.

Мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатланди. Энг ачинарлиси, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан, 263 нафар бола ҳалок бўлгани катта фожиадир”, деди давлатимиз раҳбари.

Ўлим билан боғлиқ авариялар Тошкент вилоятида ҳар 100 минг аҳолига 21 та, Жиззахда – 16 та, Сирдарёда – 15 та, Навоий ва Самарқандда – 14 тадан, Қашқадарё ва Наманганда– 13 тани ташкил этиб, бошқа ҳудудлардан анча юқори.

Масалан, Попдан Тўрақўрғонгача бўлган 4Р-112 йўлининг 88-километри, “Термиз-Душанбе” (М-41) халқаро йўлининг Жарқўрғон-Денов қисми (80-километри), А-373-йўлининг Ёзёвон туманидан ўтган 352-километри, Самарқанд-Ғузор йўлининг (А-378) 85-километрида ҳар йили ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда.

Айниқса, 2021 йилда Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та аварияда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Ушбу туман ва шаҳар ҳокимлари, ички ишлар бошлиқлари ва прокурорлари ишдан олиниб, уч ой синов муддати берилди. Агар улар ушбу муддатда ўзгариш қилмаса, жавобгарликка тортилади, деди Президент.

Шу билан бирга, бундай фавқулоддаги ҳолатга нисбатан Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар депутатларининг овози эшитилмаётгани, Сенат, Қонунчилик палатаси, кенгашлар йўл ҳаракати хавфсизлигини бирор марта муҳокама қилмагани қайд этилди.

“Нимага ҳокимлар, ички ишлар, “ГАИ”, транспорт соҳаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, масъулияти кўриб чиқилмаган? Шунинг учун бу муҳим масала билан шахсан ўзим шуғулланишга мажбур бўлдим”, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берилди. Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғига қатъий огоҳлантириш берилди.

Йиғилишда соҳадаги аянчли ҳолат статистик маълумотлар асосида танқидий таҳлил қилинди.

Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг:

- 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги;

- 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги;

- 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги;

- 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.

“Юқоридаги муаммоларнинг барчаси ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик масалаларига бевосита боғлиқ. Шу боис, 2022 йилда барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастурини амалга оширамиз”, деди Президент.

Мисол учун, 2021 йилда аниқланган 7,7 миллион ҳуқуқбузарликдан 46 фоизи қўпол қоидабузарликлар ҳисобланади. Айниқса:

- маст ҳолда бошқариш: Самарқанд (12 мингта), Тошкент вилояти (8,5 минг), Фарғона (7,5 минг) ва Тошкент шаҳрида (7 минг);

- қизил чироққа ўтиш: Тошкент вилояти (62 минг), Самарқанд (51 минг) ва Тошкент шаҳрида (47 минг) анча юқори.

"Қўпол қоидабузарларга жазо муқаррарлиги таъминланиши шарт" - Президент.

2021 йилда республика бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этган.

Юнусобод туманида яшовчи ҳайдовчи 2021 йилда 133 маротаба қоидабузарлик содир этган (230 миллион сўм жарима ҳисобланган). Юқоричирчиқ туманида яшовчи ҳайдовчи 2021 йил 11 ойида 37 маротаба қоидабузарлик содир қилиб, охир-оқибат жиддий авария содир этган.

Давлатимиз раҳбари бундан буён ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилишини маълум қилди.

Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса – 1 балл, қизил чироқда ўтса – 3 балл ҳисобланади.

Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Шунингдек, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида йўл безорилиги деган янги жавобгарлик тури киритилади.

Йиғилишда ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадалини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани, халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

"Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади", деди Президент.

Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаймоқда. Қонунларни кўриб чиқишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни имтиҳон қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади.

Йилдан йилга автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар сони кўпайгани билан уларнинг маданияти, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибаси пасайиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат, деди Президент йиғилишда.

Масалан, аварияларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этган. Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олади, лекин 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди.

“Қайси ҳоким ёки ички ишлар бошлиғи бирор марта автомактабларга борган, улардаги ўқиш жараёни билан қизиққан? Умуман, Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади”, деди давлатимиз раҳбари.

Энди ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилади. Бунда:

- Ички ишлар вазирлиги автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи беради;

- Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб беради;

- Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритади.

Бундан буён ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо берилади.

Вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш топширилди.

Рақамлаштириш – йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими, деди Президент.

“Афсуски, на пойтахтда, на ҳудудларда рақамлаштириш борасида бирорта намуна қилиб кўрсатадиган жой йўқ. Борини ҳам эплаб ишлата олмаяпти.”

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжуд. Бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқ.

“Ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида юзага келган муаммоларни ўзим қаттиқ назоратга олганимдан кейин ҳокимлар ва ички ишлар бошлиқлари ҳаракатни бошлади.

Ушбу ҳудудлар ички ишлар бошлиқлари 1 июлгача кескин ўзгариш қилмаса, уларга нисбатан қатъий чора кўраман. Бошқа ҳокимлар ҳам хулоса қилиб, батафсил ҳисобот беради”, деди Президент.

Энди Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини рақамли бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш тизими жорий этиш тўлиқ шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтказилади.

Йил якунига қадар пойтахтнинг 300 та чорраҳасини, келгуси йилда эса қолган 302 тасини рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди.

Соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ барча масалага шаҳар мутасаддилари жавоб беради ва сўров ҳам улардан бўлади. Ахборот технологиялари, Ички ишлар ва Транспорт вазирликларида ушбу тизимни такрорловчи ёки ишига аралашадиган бўлинмалар бўлиши мумкин эмас, деди давлатимиз раҳбари.

“Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимларининг йўл ҳаракатини рақамли бошқаришни жорий этиш бўйича “йўл хариталари” билан танишиб чиқдим. Уларда белгиланган тадбирлар фақат қоидабузарликнинг назорати билан чеклангани мени мутлақо қониқтирмайди”, деди Президент.

Бир ой муддатда вилоят марказларида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепцияларини ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда йўллар ҳолати ва инфратузилмаси кўп ҳолларда йўл ҳаракатидаги муаммолар, қоидабузарликлар ва аварияларга сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Жумладан, транспорт серқатнов бўлган 2 мингдан ортиқ чорраҳа ва 9,5 мингта пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаган.

Аҳоли пунктлари учун 15 минг километрга яқин пиёда ва велойўлаклар етишмайди.

"Кеча Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожизлар махсус мактабида овозли махсус светофорлар ўрнатилганини кўрдим. Бундай тажрибани барча ҳудудларда жорий этишимиз шарт. Шу боис 2021 йилда йўл инфратузилмасини яхшилаш, светофор, белгилар бўйича аҳолидан 10 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган", деди давлатимиз раҳбари.

Айниқса, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё Самарқанд, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида бу муаммо долзарб бўлиб, пиёда иштирокидаги авариялар қолган ҳудудлардан юқори.

Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида энг кўп авариялар содир бўлаётган 2,2 минг километр халқаро йўллар қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқ билан жиҳозланмагани таъкидланди.

Шунингдек, йўллардаги мавжуд 400 мингта йўл белгилари ва кўрсаткичларининг ярми талабга жавоб бермайди. Мисол учун, биргина Тошкент шаҳрида 15 мингта йўл белгилари етишмайди, 22 мингтасини янгилаш талаб этилади.

Ваҳоланки, республика бўйича йўл белгилари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқарадиган 1 дона корхона (“Автойўл”га қарашли “Автойўл белги” корхонаси) мавжуд бўлиб, унинг қувватлари эҳтиёжнинг 20 фоизини ҳам қопламайди.

Ҳар бир вилоят ҳокимлигида 1 тадан йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар ўрнатиш, йўл чизиқлари чизишга масъул корхона бўлгани билан уларнинг 80 фоиз техникаси эскирган ёки яроқсиз ҳолда.

“Қайси вилоят ҳокими ёки ички ишлар бошлиғи ушбу корхоналарни бориб, уларнинг муаммолари билан қизиққан? Афсуски, ҳеч ким”, деди Президент йиғилишда.

Республика бўйича мавжуд 3 мингга яқин чорраҳада светофорларнинг “ягона эгаси” йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида Катта ва Кичик халқа йўллари – “Автойўл”га, пойтахт ичидаги 74 та марказий кўча – шаҳар ободонлаштиришга, 5,2 мингта кўча – туман ҳокимликларига, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳудудидаги йўллар ширкатларга қарайди.

Энди вилоят ва туман марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритгичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, умуман йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади.

Соҳадаги корхоналар ҳокимликлардан ҳудудий ЙХҲБларга ўтказилади. Ўтказишдан олдин вилоят ҳокимларига корхоналарни техника билан таъминлаш топширилди.

Шунингдек, 2023 йил якунига қадар ушбу хизматлар учун аутсорсингга ҳам йўл очилади, яъни рақобат бўлади.

Бу борадаги ишларни молиялаштириш учун ЙХҲБ тизимида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши маълум қилинди.

Жамғармалар ҳар йили камида 400 миллиард сўм тушадиган аниқ манбаларга эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари мисол тариқасида Фарғона вилояти тажрибасини кўрсатиб ўтди. Вилоят бюджетидан 24 миллиард сўм ажратилиб, 125 километр йўлларга ёритгич ва нур қайтарувчи воситалар, 24 та пиёда йўлакларига светофор, 107 тасига “сунъий дўнгликлар” ўрнатилган.

Натижада вилоятда умумий авариялар 31 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 21 фоизга, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 37 фоизга камайган.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ички ишлар бошлиқлари билан бирга муаммоли жойлар, “авария ўчоқлари”дан келиб чиқиб, уларни бартараф этиш бўйича ойлик ва чораклик манзилли дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқишда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинади.

“Йўлларда қатновни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш илм билан ҳамоҳанг бўлиши керак” – Президент.

Йиғилишда Юнусободнинг Юнус-ота кўчасида 2020 йилда 4 та автоҳалокат содир бўлган бўлса, 1 дона светофор ўрнатиш орқали 2021 йилда бирорта авария бўлмагани, Кичик ҳалқа йўлининг Лак-бўёқ корхонаси қаршисида қарама-қарши йўлни ажратувчи тўсиқ ўрнатиш орқали аварияларга барҳам берилгани мисол қилиб келтирилди.

“Мана сизга илмий ёндашув ва оддий таҳлил билан ечим”, деди давлатимиз раҳбари.

Пойтахт ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини илмий асосланиб белгилаш лозимлиги қайд этилди.

Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати борлиги кўрсатиб ўтилди.

Соҳани илмий ёндашув асосида такомиллаштириш мақсадида Транспорт университети билан ҳамкорликда уч ой муддатда Илмий-амалий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Вилоятлардаги транспорт коллежларида худди шундай ҳудудий марказлар очилади, уларга ЙХҲБ бошлиқлари раҳбарлик қилади.

"Умуман олганда, масалани муҳимлигини инобатга олиб, Бош вазир раҳбарлигида Республика комиссияси ташкил этилади ва ички ишлар вазири унга ўринбосар бўлади", деди Президент.

Ҳудудий комиссияларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилади.

Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, содир этилган қоидабузарликлардан келиб чиқиб, ҳар ойда ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идора раҳбарларининг ҳисоботини танқидий эшитиб, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиб борадилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар