Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилган эдик.
Давлат раҳбари ушбу йиғилишда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Бу йил вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 483 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 1,6 триллион сўм маблағ ажратилган.
Таъкидланганидек, вилоятда 1 минг 230 километр йўллар таъмирланиб, яна минг километр электр тармоғи тортилади.
Президент яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик суви муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш, бунинг учун “Тўпаланг” сув омборидан 400 километр магистрал тармоқлар тортиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Молия вазирлигига вилоятда ижтимоий, коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йил учун қўшимча 200 миллиард сўм ажратиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан очиқ мулоқот бўлди.
Изоҳ қолдириш