Президент озиқ-овқат захирасини ҳисоб-китоб қилишни буюрди

Президент озиқ-овқат захирасини ҳисоб-китоб қилишни буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиб, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси инсонлар ҳаётига хавф солиш билан бир қаторда бутун дунёни иқтисодий инқирозга олиб келаётгани тобора аниқ бўлиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар таҳлилларига кўра, пандемиянинг жаҳон иқтисодиётига зарари камида 5 триллион долларни ташкил қилади.

Хусусан, юқори даромад берадиган халқаро туризм, транспорт ва логистика соҳаларида тушумлар 2 баробаргача камайиши кутилмоқда. Саноатнинг кўплаб тармоқларида ишлаб чиқариш занжири бузилиши ҳисобига ҳам зарар катта бўлиши таҳмин қилинмоқда.

Бу вазиятда озиқ-овқат таъминоти масаласи кучайиб, айрим давлатлар ўзи етиштирган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини четга чиқармаслик чораларини кўрмоқда. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бугунги кунда энг долзарб масалага айланиб боряпти.

Кеча Жаҳон банки ўз ҳисоботида Европа ва Марказий Осиё давлатларида иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини таъминлайдиган манба қишлоқ хўжалиги эканлигини эълон қилиб, бу борада Ўзбекистонда имкониятлар катталигига алоҳида эътибор қаратди.

Бугунги йиғилишда давлатимиз раҳбари энди барча ҳокимлар, сектор раҳбарлари аграр соҳадаги резервларни сафарбар қилиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириши кераклигини таъкидлади. Шундагина иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги йўқотишлар ўрнини қисман тўлдириб, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш мумкин.

Маълумки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ғоят кенг қамровли ва жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, пахта ва ғаллага давлат буюртмасидан воз кечилиб, нарх белгилаш эркинлаштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқаришда кластер тизимига ўтилди ва уларнинг ривожланиши учун барча шароитлар яратилди. Бундан мақсад – маҳсулот ҳажмини кескин ошириш, юқори қўшилган қиймат ва янги иш ўринлари яратиш, энг асосийси – даромад ва манфаатдорликни оширишдан иборат.

Кластерлар қишлоқ хўжалигида инновацион ғоялар ва тежамкор технологияларни жорий қилиб, иқтисодий самарадорликни таъминлаяпти.

Мисол учун, ўтган йили Қуйичирчиқ туманидаги “ТСТ кластер”, Дўстлик туманидаги “Сангзор текстиль” кластери пахтадан гектаридан ўртача 30-35 центнер хирмон кўтариб, ҳосилдорликни ундан олдинги йилгига нисбатан қарийб 2 баробарга оширди. Қўрғонтепа туманидаги “Хантекс” кластери томчилатиб суғориш жорий қилинган пахта майдонларида ўртача 70 центнергача ҳосил олди.

Бундай натижалар пахтачиликда ҳали резерв кўплигини яққол кўрсатиб турибди. Йиғилишда кластерлар бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, ўзи фаолият юритаётган туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшиши, одамларнинг онги ва турмуш тарзини ижобий томонга ўзгартириши кераклиги қайд этилди.

Бунинг учун зарур қулайлик яратилмоқда. Мисол учун, пандемия таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган фармонларга мувофиқ, кредитларни қайтариш муддати узайтирилди, солиқ бўйича қатор енгилликлар жорий қилинди.

Буни тўғри баҳолаган, юртини севган кластерлар раҳбарлари пахта ҳосилдорлигини 10 центнерга ва ғалла бўйича 20 центнерга ошириш бўйича ташаббус билан чиқди.

Президентимиз бугунги оғир шароитда барча раҳбарлар ва фермерлар бир бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан шуғулланиши лозимлигини таъкидлади.

Кластерлар фаолиятини мувофиқлаштириш, илғор тажрибаларни кенг жорий қилиш мақсадида Пахта етиштирувчи ва қайта ишловчи кластерлар уюшмасини ташкил қилиш ташаббуси маъқулланди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу йил сув таъминоти жуда оғир бўлади. Шунинг учун сув ресурсларини тежаб ишлатиш ғоят муҳим, сувни 2 баробар иқтисод қилиш чораларини кўриш зарур.

Сув хўжалиги вазирлигига ушбу ҳаётий ресурснинг аниқ ҳисоб-китоблар асосида ажратилишини таъминлаш, бу йил 150 минг гектар майдонда сув тежовчи, шу жумладан, 44 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш вазифаси юклатилди.

Видеоселектор йиғилишида ғаллачиликка доир чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Пандемия натижасида охирги уч ойда мамлакатимизга кириб келаётган ун ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоизга, дон 31 фоизга камайди. Бугунги эпидемиологик вазият ҳар қандай шароитга тайёр бўлиш даркорлигини, озиқ-овқат аҳолининг талаби даражасида захира қилиниши зарурлигини кўрсатмоқда.

Ўтган йили ғалланинг давлат харид нархлари оширилиб, деҳқонларнинг манфаатдорлиги таъминлангани ва қўшимча дон етиштирилгани учун ички бозордаги нархлар барқарор сақланиб турибди.

Бу мавсумда эса қўшимча агротехник тадбирларни бажариб, ғалла ҳосилдорлигини 20 центнер кўпайтириш, гектаридан камида 70 центнердан ҳосил олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда ҳар бир вилоят ва туман учун илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиб, уларга мувофиқ агротехник тадбирларнинг тўғри йўлга қўйилишини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Ғаллани озиқлантириш, занг касаллиги, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кимёвий ишлов бериш, ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Жорий йилда ташкил қилинган 102 та ғаллачилик кластери фермерларга намуна бўлиб, олинган қўшимча дон ҳисобидан аҳолига арзон гўшт, балиқ ва паррандачилик маҳсулотлари етказиб бериши мақсадга мувофиқ.

Пандемия даврида барча давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келишининг олдини олишга қаратилган жиддий чораларни кўрмоқда. Ўтган йили май-декабрь ойларида юртимизга 116 минг тонна кунгабоқар, 7 минг тонна соя, 15 минг тонна гуруч, 2,6 минг тонна дуккакли экин ёрмалари импорт қилинган.

Бу озиқ-овқат маҳсулотлари турлари ва ҳажмини кўпайтириш устида жиддий ишлаш кераклигини англатади. Нафақат импорт ўрнини тўлдириш, балки янги экспорт бозорларида ўрин топиш зарур. Шунда ҳозирги глобал инқироздан кучли давлат бўлиб чиқиш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш мақсадида 10 минг гектар янги боғ ва 9 минг гектар токзорлар орасига картошка, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, кўкат, нўхат, мош, ловия, помидор, бодринг, булғор қалампири ва полиз экинлари экиш бўйича кўрсатма берилди.

Бахмал, Янгиобод, Фориш ва Қўшработ туманларида юзлаб қудуқлар қазилиб, 10 минг гектар лалми ер майдонларида узумзорлар барпо этилган эди. Йиғилишда бу тажрибани барча вилоятларда жорий қилиш, лалми ерли туманларга бурғулаш техникалари етказиб бериш зарурлиги қайд этилди.

Барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудида озиқ-овқат захирасини ҳисоб-китоб қилиб, ички имкониятларини кенгайтириб бориши кераклиги айтилди.

Соҳа мутасаддилари, вилоят ҳокимлари ва кластерлар раҳбарлари йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар