Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 апрель куни маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги фармонига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.
Бу – янги тизим. Уни тўғри йўлга қўйиб олиш жуда муҳим.
Шу боис йиғилишда ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг дастлабки натижалари кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, улар уч ой давомида 6 миллион 900 минг хонадонни хатловдан ўтказиб, 4 та тоифага ажратган:
- 11% - хонадонлар кам даромадли,
- 47% - қўшимча даромадга эҳтиёжи бор,
- 6% - ижтимоий ҳимояга муҳтож,
- 36% - ўзига тўқ оилалар.
Жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлар олиб борилмоқда. Биринчи чоракда:
- 736 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди;
- 54 минг нафар фуқаролар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди;
- 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун, 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида ҳудудларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилди, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилди, 2,5 мингта корхона қувватлари тикланди ва оширилди. Давлатимиз раҳбари натижаларни ижобий баҳолади ва тарихда илк маротаба бундай катта рақамларга эришилганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари энг яхши натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини мукофотлашга кўрсатма берди.
Лекин ҳали натижа сезилмаётган маҳаллалар кўп
Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори.
Йиғилишда шундай ҳудудлар кўрсатиб ўтилди ва уларнинг ҳокимлари огоҳлантирилди. Бир қатор шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, сектор бошлиқлари вазифасидан озод қилинди.
– Одамларни рози қилмаган, инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларнинг энг кўп сони Тошкент (59), Фарғона (52) ва Андижон вилоятларида (45) қайд этилди.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига “қониқарсиз” деб баҳоланган 3 минг 636 нафар маҳаллага шахсан бориш ва муаммоларни ҳал қилиш вазифаси қўйилди. Ушбу маҳаллалар кесимида муаммоларни ҳал қилиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш топширилди.
Иқтисодий аҳволи оғир 545 та маҳалладан ҳар 5 тасига банк вакилини бириктириб, “лидер” тадбиркорларни топиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Бошқа маҳаллалардаги сув, йўл, электр, табиий газдан муаммосини ҳал қилиш бўйича кўрсатма берилди. Молия вазирлиги ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорлик кредитлари учун 800 миллиард сўм ажратади.
Маҳали айрим солиқлардан озод қилинади. Уларда микро саноат марказлари ташкил этилади
Йиғилишда ўрганиш натижаларига кўра қониқарсиз деб топилган маҳаллалардаги ҳолатни яхшилаш юзасидан кўрсатмалар берилди. Бунинг учун бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобига 800 миллиард сўм йўналтирилади.
Бундан буён ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви асосида қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.
Мисол учун, 2 минг 500 та маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган. Улар қўшимча қўллаб-қувватланиб, омилкор одамларга инкубатор, хонаки товуқ, асалари уялари етказиб берилса, аҳоли даромади янада ошади.
Умуман, хонадонларда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларда 140 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.
Ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик каби кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини маҳалланинг ўзида кенгайтирса бўлади. Президентимиз шу мақсадда бундай маҳаллаларда микро саноат марказлари ташкил этиш ташаббусини маъқуллади.
Жорий йилда бу мақсадларга 500 миллиард сўм йўналтирилиши, ушбу марказлар 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилиниши белгиланди.
Шунингдек, жойларда аниқланган бўш бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, уларни сотиш ёки ижарага беришдан тушган маблағларни ўша маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфлаш зарурлиги қайд этилди.
Энди, касаначилар билан ишлайдиган тадбиркорларга оилавий тадбиркорлик дастуридан 500 миллиард сўм йўналтирилади. Кредитлар бўйича Тадбиркорлик жамғармасидан 75 фоизлик кафиллик берилади ҳамда фоиз харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, касаначиларга ўзини ўзи банд қилган фуқаролар каби, фақат ижтимоий солиқ тўлаш имконияти яратилади, олис ҳудудда ишлаётган касаначиларнинг дастлабки 1 ойлик иш ҳақи давлат томонидан қоплаб берилади.
Вилоят ҳокимларига ушбу имкониятлардан фойдаланиб, эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Юртимизда 2 мингдан зиёд маҳалла хизматлар соҳасига ихтисослашган. Бундай ҳудудларни кўпайтириш мақсадида, аҳолиси 20 мингдан ошадиган маҳаллаларда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу марказлар ҳам 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.
Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар, уларнинг ёрдамчилари "маҳаллабай" ишлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш режалари бўйича ахборот берди.
Изоҳ қолдириш