Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий 14 сентябрь куни расмий ташриф билан Самарқандга келди. Бу Эрон раҳбарининг 20 йил ичида биринчи ташрифи.
Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийни учрашуви бўлиб ўтди.
Икки томонлама муносабатлар ривожининг янги динамикаси
Музокараларда Президентлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Савдо ва транспорт соҳаларидаги шерикликка, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар кейинги йилларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини қайд этдилар. Савдо кўрсаткичлари ва кооперация лойиҳалари сони ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 73 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 15 фоизга ошди.
Икки давлат раҳбарлари долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар
Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес ва фан-инновация форумлари ўтказилди, Қўшма инвестиция қўмитаси таъсис этилди.
Икки томонлама савдони янада кўпайтириш, яқин истиқболда товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.
Шу мақсадда тегишли “йўл харита”си ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, имтиёзли савдо тўғрисида битим имзолаш кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, нефть-газ, қурилиш материаллари ва металл маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқларида, фан ва инновациялар соҳасида бошланган ва ишлаб чиқилаётган кооперация лойиҳалари қайд этилди. Қўшма саноат кластерларини яратиш орқали ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон – Туркманистон - Эрон” йўли орқали автотранспортда юк ташишни йўлга қўйиш, “Чобаҳор” порти салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юклар олиб кирилиши ва транзити шароитларини енгиллаштириш бу борадаги имкониятларнинг кенгайишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Афғонистон мавзуси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мамлакатлар ўртасида ҳужжатлар тўплами имзоланди
Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокаралари самарали ва амалий руҳда ўтди. Учрашув якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган 18 та ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Қўшма баёнот имзоладилар. Унда асосий келишувлар қайд этилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги узоқ муддатли вазифалар белгиланган.
Музокаралар якунида икки томонлама битим ва меморандумлар имзоланди. Булар:
- ишбилармонлик ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартиботларини соддалаштириш тўғрисида битим;
- дипломатик паспортлар эгаларини виза талабларидан икки томонлама озод этиш тўғрисида битим;
- 2022-2025 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
- фан, техника ва инновация соҳаларида ўзаро англашув тўғрисида меморандум;
- божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ҳаракати тўғрисида электрон божхона ахборотини алмашиш тўғрисида меморандум;
- E-TIRга оид электрон ахборотни алмашиш тўғрисида меморандум;
- фан, тадқиқотлар, таълим ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари тўғрисида меморандум;
- қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги битим;
- соғлиқни сақлаш, даволаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, таълим, фармацевтика ва тиббий ускуналар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- спорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- нефть, газ ва нефть-кимё тармоқларидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- “Чобаҳор” порти орқали халқаро юк ташишлар ва транзитни амалга ошириш тўғрисида меморандум;
- 2022-2024 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;
- бандлик ва меҳнат муносабатлари масалалари бўйича меморандум.
Шунингдек, Абу Райҳон номидаги Ўзбекистон Шарқшунослик институти ҳамда Эрон Архив ташкилоти ва Миллий кутубхонаси ўртасида, икки мамлакатнинг Ибн Сино фондлари ўртасида ҳужжатлар имзоланди.
Изоҳ қолдириш