Марказий банк прогнози: 2021 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши 4,5-5,5 фоизни ташкил этади

Марказий банк прогнози: 2021 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши 4,5-5,5 фоизни ташкил этади

2020 йил IV чораги ва январь ойининг биринчи ярмидаги кўрсаткичларни ҳисобга олганда, макроиқтисодий шароитлар Марказий банкнинг базавий прогнозларига мувофиқ шаклланмоқда, дейилади банк матбуот хизмати хабарида.

2021 йил учун прогнозлар

2020 йилдаги кўрсатилган фискал рағбатлантириш ва пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилиши таъсири 2021 йилнинг биринчи ярмида талаб томондан иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бунда 2021 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 4,5-5,5 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.

2021 ва ундан кейинги йилларда иқтисодиётнинг реал секторида рақобатни ривожлантиришга, инвестицион муҳит ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ҳажми номинал ЯИМ ўсишига мутаносиб бўлади ва 16-20 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолиши ва инфляция омилларининг мувозанатлашиши ҳисобига 2021 йил якуни бўйича инфляция даражасининг 9,0-10,0 фоизга қадар янада пасайиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, асосий ставкани пасайтириш бўйича илгари қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ трансмиссияси, шунингдек, пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилишига иқтисодиётнинг мослашуви маълум вақтни талаб қилади.

Марказий банк баҳолашларига кўра, пул-кредит сиёсатининг жорий “нисбатан қатъий” шароитлари 2021 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсишнинг базавий прогнозларини қўллаб-қувватлаш ва пул бозорида ижобий реал фоиз ставкаларни (3-4 фоиз даражасида) таъминлаш учун етарли ҳисобланади.

Эҳтимолий хатарлар

Яқин ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг кучайиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда.

Шу билан бирга, инфляциянинг бир марталик омилларининг вужудга келиш эҳтимоли ва инфляцион кутилмаларнинг юқори даражада сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.

Яқин истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши хатарлардан бири сифатида қолмоқда. Протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқ-овқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли, озиқ-овқат бозорлари барқарорлигини ошириш кўп жиҳатдан республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комплекс стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга боғлиқ бўлади. Ички бозорни зарурий товарлар ҳажми билан таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шу жумладан, базавий озиқ-овқат товарлари импорти географиясини диверсификация қилиш ва концентрациялашувини қисқартириш муҳим аҳамиятга эга.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар