“Прописка” умуман истеъмолдан чиқарилади, чекловлар эса бекор бўлади

“Прописка” умуман истеъмолдан чиқарилади, чекловлар эса бекор бўлади

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида “прописка” масаласига алоҳида тўхталиб, уни адолатли ҳал этиш зарурлигини қайд этгани таъкидланди.

Қонун лойиҳаси мавжуд муаммо ва камчиликларни, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тартибга солинадиган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қайд этилганидек, энг аввало, «прописка» сўзи фуқаролар онгида «тўсқинлик қилувчи», «бир жойга боғловчи», «эркинликни чекловчи» деган тушунчалар сифатида муҳрланиб қолганлиги муносабати билан «доимий прописка» сўзлари «яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» сўзларига алмаштирилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки ҳозирги вақтда ривожланган давлатларда аҳоли ички миграциясида пойтахт ва унинг атрофидаги ҳудудларга нисбатан алоҳида талаб ва қоидалар ҳамда прописка институти мавжуд эмас.

Бундан ташқари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилига, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти берилмоқда.

Айни пайтнинг ўзида эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда “прописка”ни йўқотишига доир қоидалар бекор қилиняпти. Қолаверса, эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилмоқда.

Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар