2020 йил бошидан буён Тошкент шаҳрига жами 49936 нафар фуқаро доимий прописка қилинган бўлса, шундан биргина май ва июнь ойларида 39626 нафар фуқаро доимий рўйхатга киритилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, май ва июнь ойларида 1-банд бўйича (қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга) 13 808 нафар, 2-банд бўйича (қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига ёки хусусий мулки бўлган бошқа уй-жой майдонига) эса 17 606 нафар фуқаролар доимий рўйхатдан ўтказилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 1 сентябрдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда эса 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча яшаб турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро ҳамкорлик орқали, Ягона дарча тамойили асосида, Ички ишлар вазирлигининг манзил автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш