Бугун, 20 ноябрь куни бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда.
Хусусан, махсус иқтисодий зоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама этилади.
Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида Фориш туманидаги туғуруқхона қачон ишга туширилиши ҳақида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов маълумот берди.
«Фориш туманида 13 миллиард сўмга туғуруқхона қуриб битказилди. Бироқ ҳозирча тиббий ва техник ускуналар ўрнатилмагани боис ушбу муассасанинг очилиши 2021 йилга мўлжалланган», деди вазир ўринбосари.
Ялпи мажлисда Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимиздаги тизимли ислоҳотлар изчиллик билан давом этаётганига урғу берди:
«Яқинда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирларига оид фармони том маънода Учинчи Ренессанс пойдеворига асос солди.
Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасини келгуси уч йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига доир яқинда қабул қилинган қарори қорақалпоқ диёрининг равнақига хизмат қилиши шубҳасиз.
Хусусан, қарор билан ҳудуд аҳолисининг ҳаёт даражасини кўтариш, республика иқтисодиёти, ижтимоий соҳалар ва инфратузилмани ривожлантириш, экологик вазиятни яхшилаш мақсадларига 21 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилгани — Қорақалпоғистон тарихида бўлмаган янгиликдир».
Изоҳ қолдириш