Ялпи ҳудудий маҳсулот. 2023 йил якунида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 58,4 трлн сўмни (Республика ҳудудлари орасида 7-ўрин), ўсиш кўрсаткичи 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 105,0 фоизни ташкил қилган. Жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ хажми 16,6 млн сўмни ташкил қилган.
ЯҲМнинг ўсиши ҳудуд иқтисодиётининг асосий тармоқларидаги ижобий ўсиш суръатлари билан боғлиқдир. Ўсиш суръатлари хизматлар соҳасида – 111%, саноатда – 107,1%, қурилишда – 107%ни ташкил қилган.
ЯҲМнинг тармоқлар бўйича таркибида саноатнинг улуши – 17,1% (2022 й. - 17,4%), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик – 41,9% (2022 й. - 41,4%), қурилиш – 6,9% (2022 й. - 6,8%) ва хизмат кўрсатиш соҳаси 34,1% (2022 й. - 34,4%) ни ташкил қилган.
Вилоятда яратилган ЯҲМнинг Республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 5,5% бўлган ҳолда Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятларидан кейинги 7-ўринни эгаллаган. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича ҳудудлар ичида 8-ўрин, истеъмол товарлари – 10-ўрин, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 4-ўрин, хизмат кўрсатиш соҳаси – 6–ўрин, чакана савдо айланмаси – 6-ўрин, ташқи савдо айланмаси ҳажми бўйича – 12-ўринни эгаллаган.
ЯҲМ да кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 68,4%ни ташкил қилган.
2023 йилда вилоятда жами 5,9 мингта кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил қилиниб, ўтган йилга нисбатан 30,8%га камайиши кузатилди.
Изоҳ қолдириш