Қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш учун қарийб 700 миллион долларлик лойиҳа молиялаштирилади

Қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш учун қарийб 700 миллион долларлик лойиҳа молиялаштирилади

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш учун қарийб 700 миллион долларлик лойиҳа молиялаштирилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу қарорга мувофиқ, мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалиги соҳасида унумдорликни ошириш бўйича хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва бозор иқтисодиётига асосланган мева-сабзавотчилик соҳасида юқори қиймат занжирини яратиш, илмий-тадқиқот институтларининг илмий салоҳиятини ва инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, 2020 йил 20 мартда Жаҳон банкининг директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасига “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини молиялаштириш учун умумий 30 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 181,0 млн. AҚШ доллари миқдоридаги қарзи ва Халқаро тараққиёт уюшмасининг кўламини кенгайтириш дастурининг 100 млн. AҚШ доллари миқдорида кредити ҳамда 5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219 млн. AҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити ажратилиши маъқулланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 659,5 млн. AҚШ доллари эквивалентини, шундан Ўзбекистон Республикасининг улуши – 159,5 млн. AҚШ долларини ташкил этади. Шу жумладан, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш – 124,5 млн. AҚШ доллари эквивалентини ва Лойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарлар) улуши – 35,0 млн. AҚШ доллари эквивалентини ташкил этмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2020 – 2026-йиллар) ташкил этиб, Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади.

Шунингдек, агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, Лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Жаҳон банкидан олинган маблағлар эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қайтарилади.

Кредит линиясини бошқариш, Жаҳон банкининг маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига юкланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар