Президент Шавкат Мирзиёев 8 август куни Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Мамлакатимизнинг Марказий Осиё давлатлари билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги беш йилда улар билан ташқи савдо ҳажми 2,5 баробарга кўпайиб, 6 миллиард доллардан ошган. Юртимизда қўшни давлатлар капитали иштирокида 1 минг 700 та қўшма корхона очилган.
Йиғилишда Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга оид янги лойиҳа ва таклифлар кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда кичик бизнесни янада ривожлантириш мақсадида ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлиги миллий рейтингини ишлаб чиқиш тизими ҳам муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари кўриб чиқилган масалалар бўйича аниқ топшириқлар берди.
Маълумот учун, 2022 йилнинг январь- июнь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ташқи савдо ҳажми 15,1 фоизга ўсиб, 3,4 млрд. долларга етди, бу умумий савдо ҳажмининг 13,9 фоизини ташкил этди.
Шу билан бирга Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорт 1,4 млрд долларни (ўсиш 20,3 фоиз), импорти эса 2,0 млрд долларни (ўсиш 18,9 фоиз) ташкил этди.
2022 йилнинг январь-май ойи якунида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланма:
– Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси 2,1 млрд. долларни (ўсиш 9,9%) ташкил этиб, экспорт ҳажми 624,7 млн. долларга, импорт ҳажми эса 1,5 млрд долларга етди.
– Қирғизистон билан ташқи савдо айланмаси 589,2 млн. долларни (ўсиш 38,5%) ташкил этиб, экспорт ҳажми 483,0 млн. долларга, импорт ҳажми эса 106,2 млн долларга етди.
– Туркманистон билан ташқи савдо айланмаси 418,2 млн. долларни (ўсиш 9,8%) ташкил этиб, экспорт ҳажми 91,8 млн. долларга, импорт ҳажми эса 326,4 млн долларга етди.
– Тожикистон билан ташқи савдо айланмаси 289,7 млн. долларни (ўсиш 23,1%) ташкил этиб, экспорт ҳажми 211,0 млн. долларга, импорт ҳажми эса 78,7 млн долларга етди.
Изоҳ қолдириш