Қозоғистонда сув тошқинидан жабрланганларга уй қуриб берилади

Қозоғистонда сув тошқинидан жабрланганларга уй қуриб берилади

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўприлишидан сўнг юзага келган сув тошқинидан жабрланган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти аҳолиси учун 1000 дан зиёд уй қуриб берилади. Бу ҳақда президент Касим-Жомарт Токаев ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.

"Ҳукумат Ўзбекистондаги сув омборида рўй берган авариядан кейин сув тошқини натижасида бошпанасидан айрилиб қолган фуқаролар учун Туркистон вилоятида мингдан зиёд уй қуришга киришди", деб ёзди Токаев .

6 май куни ҳукумат комиссияси раиси, Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр Туркистон вилоятининг Мақтаарал туманига келиб, сув остида қолган қишлоқлар аҳолиси билан учрашди.

Вилоят раҳбари таклифи билан давлат комиссияси сув остида қолган қишлоқларнинг ҳар бир аҳолисига 100 минг тенегедан (237 доллар) товон тўлашга қарор қилди, дейилади Қозоғистон бош вазири сайтида.

Мирзакент яқинида янги микрарайон қурилиб, Достиқ, Жанатурмис ва Женис посёлкалари аҳолиси кўчирилади. Янги турар жой мавзесига барча коммуникациялар ўтказилади, болалар боғчалари ва мактаблар қурилади.

Оргебас ва Фердоуси қишлоқлари аҳолисига эса турар жой масаласининг уч ечими таклиф қилинди:

  • янги уйлар қурилган бошқа аҳоли пунктларига кўчиш;
  • уйларни қайта тиклаш;
  • турар жойлар қурилиши ва тикланиши учун харажатларни қоплаб бериш.

Қишлоқ хўжалиги ва чорва моллари бўйича етказилган зарар ҳукумат захираларидан қоплаб берилади, фермерларга кредитлар бўйича тўловларда танаффус тақдим этилади.

2 май куни Туркистон вилоятининг Мақтаарал туманида техноген тусдаги фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Аҳоли пунктлари Ўзбекистондаги сув омбори тўғони ўприлганидан кейин сув остида қолди.

5 май ҳолатига кўра, Мақтаарал туманида 845 та уй сув остида қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, 7639 га экин майдонини сув босган. Етказилган зарарларнинг аниқ миқдори кейинроқ маълум қилинади, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Қозоғистонда юзага келган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон томонидан 209 нафар шахсий таркиб, 169 та қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва ёнғин-қутқарув техникаларидан иборат қўшимча куч ва воситалар мазкур ҳудудга етиб борди.

Шунингдек, 6 май куни Қозоғистон бош вазири ўринбосари Скляр Роман Васильевич бошчилигидаги делегация Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ва кейинчалик Қозоғистон ҳудудини сув босиши ҳолати ўрганиш ҳамда вазият юзасидан Ўзбекистон билан умумий ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш мақсадида Сирдарёга ташриф буюрди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар