Қурилиш материаллари саноатида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар

Қурилиш материаллари саноатида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар

Юртимизда сўнгги йилларда қурилиш соҳасига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Қабул қилинган қатор давлат дастурлари, соҳани янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармон ва қарорлари, уларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорлари шулар жумласидан. Натижада юртимизда бунёдкорлик ишлари кенг авж олмоқда.

Шиддат билан қад кўтараётган ижтимоий объектлар кўп қаватли турар жойлар ва умуман олиб борилаётган барча турдаги бунёдкорлик ишлари ўз ўрнида сифатли қурилиш маҳсулотларига бўлган талабни кучайтирмоқда. Бугунги кунда соҳанинг асосий йўналишларидан бири корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгиланишга қаратилган қурилиш материаллари саноатидаги таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш юзасидан тизимли ишларни амалга оширишдир. Шунингдек, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда.

Мамлакатимизда уй-жойлар, йирик заводлар, замонавий инфратузилма объектлари қурилиши кенгайиб бормоқда. Табиийки, бундай катта ҳажмдаги ишларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишида қурилиш материалларига бўлган талаб ортади. Шу боис, ушбу йўналишдаги ишларни тўғри йўлга қўйиш, янги турдаги энергия тежамкор қурилиш материаллар ишлаб чиқариш, соҳага инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида эса соҳада жиддий ўзгаришлар кузатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4198-сонли ва 2019 йил 23 майдаги ПҚ-4335-сонли қарорлари қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш истиқболлари ва стратегиясини белгилаб берди.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, айни кунда юртимизда 10 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Ўтган йилларда 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 180 тадан ошади.

Соҳа бўйича 2016 йилда 6 трлн. 831 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 16,8 трлн сўмга етказилди.

Таъкидлаш жоиз, қурилиш соҳасида хусусан, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга инвестицияларни кенг жалб этиш орқали маҳсулот турларини кўпайтириш ва сифатни оширишга, энг муҳими бугунги кундаги устувор вазифа аҳолини иш билан таъминлаш каби вазифалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016 йилда 360 млн доллар инвестиция соҳага жалб қилинган бўлса, ўтган 2019 йилда ушбу кўрсаткич 1 млрд 332 млн долларга етказилди. Унинг 680,4 млн доллари хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига тўғри келади.

Олиб борилаётган ишлар ва киритилаётган инвестициялар маҳсулот сифатини ошириш орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини ҳам оширмоқда. Бугунга келиб керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, гулқоғоз, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, табиий тошдан ясалган пардозбоп плиталар, оҳак, полипропилен қувурлар, дераза ойнаси, фитинглар каби қурилиш материалларини экспорт қилмоқда. 2016 йилда 55,3 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, 2019 йилда 2,3 баробар кўп қурилиш материаллари жаҳон бозорига чиқарилди.

Таъкидлаш жоиз, Республикада охирги 3,5 йилда амалга оширилган лойиҳалар натижасида, бугунги кунда керамик плитка, гипсокартон, шифер, цемент, оҳак, базальт арматураси, темир-бетон маҳсулотлари, безакли ойна, деворбоп ва норуда материаллар каби асосий турдаги қурилиш материаллари бўйича ички талабни тўлиқ қоплаш ва экспортга ушбу маҳсулотларни сотиш имконига эга бўлган ишлаб чиқариш қувватлари яратилган. Биргина 2016 йилнинг ўзида умумий қиймати 153,2 млн доллар бўлган жами 21 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 42 тага етказилди. Ҳудудларда қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, 2019 йилда жами 757 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилди.

Қурилишнинг асоси бўлган цемент маҳсулотини ишлаб чиқариш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Айни пайтда мамлакатимизда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган 29 та корхона бўлиб, уларнинг йиллик қуввати йил охирига қадар 20 млн. тоннани ташкил қилади. Бунда “Қизилқумцемент”, “Оҳангаронцемент”, “Қувасойцемент”, “Бекободцемент” акциядорлик жамиятлари сингари йирик ишлаб чиқарувчиларнинг ҳиссаси катта. 2020-2021 йилларда яна 10 дан ортиқ янги цемент заводларини ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ташкил этилади.

Маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4 млн. тонна бўлган энг йирик цемент заводи барпо этилади. "UTD Holding" МЧЖ ҚКни ташкил этиш лойиҳа қиймати 400 млн. долларни ташкил этади. Ҳозирда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Вилоятда шунингдек, "Эко цемент" МЧЖ (йиллик қуввати – 810 минг тонна), "Энтер цемент" МЧЖ ҚК (йиллик қуввати – 1 млн тонна), "Жиззах цемент" МЧЖ ҚК (1 млн тонна) каби корхоналар фаолияти йўлга қўйилади.

Тошкент вилоятидаги “Оҳангаронцемент” АЖ ҳудудида ҳам улкан цемент заводи қад ростлаган бўлиб, ҳозирда ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Умумий қиймати 160 млн доллар бўлган ушбу лойиҳа амалга оширилгач, йиллик қуввати 2,4 млн тонна бўлган корхона жорий йили ўз ишини бошлайди. Эътиборлиси, бу ерда 400 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2020-2021 йилларда цемент ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 500 млн доллар бўлган инвестиция лойиҳалари ишга туширилади. Ҳудудда умумий қуввати 3 млн тонна бўлган 2 та янги завод фаолияти йўлга қўйилади. Булар, Қораўзак туманидаги "Qarataw Cement Plant" МЧЖ ХК ва Беруний туманида жойлашган "Caris Karakalpak cement" МЧЖ ХКдир. Айни дамда янги корхоналарни барпо этиш ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти.

Шунингдек, Самарқанд ("Hengyuan Сement” МЧЖ КҚ, “Мароканд цемент инвест" МЧЖ ҚК), Қашқадарё ("Карши конч цемент" МЧЖ ХК), Андижон ("GRS building materials" МЧЖ, "Rash milk" МЧЖ, "Ишончли посбон текстиль"), Наманган ("Поп цемент" МЧЖ, "Namangan Jingmingyang marerials buldings" МЧЖ ҚК) ва Фарғона (“Jakob Pfeiffer” МЧЖ ҚК, "Shaffof Sement Sanoat” МЧЖ ҚК) вилоятларида ҳам янги цемент заводларини қуриш лойиҳалари амалга ошириляпти.

Шу билан бирга “Қизилқумцемент” АЖ, “Бекободцемент” АЖ, “Сурхонцементинвест” МЧЖ ҚК ва “Farg'ona Yasin qurilish mollari” МЧЖ ҚКларида қўшимча янги қувватлар яратилади. Эътиборли жиҳати шундаки, янги цемент заводлари энергия тежамкор, муқобил энергия манбаида ҳам ишлайдиган, экологияга таъсири кам бўлган технологиялар билан жиҳозланмоқда.

Кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, энергия тежамкор, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳисобига таннархни пасайтириш бўйича топшириқ берилди. Корхоналарда “рақамли технологиялар”ни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражасида оширилди. Қурилиш материаллари соҳасида янги йўналишлар ривожлантирилиб, бунга хорижий инвесторлар кенг жалб қилинди. Етакчи хорижий давлатлар қурилиш соҳасининг ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб, янги қурилиш материалларини ўзлаштириш ва соҳага инновацияни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Йилдан-йилга қурилиш материалларига бўлган талабнинг ортиб боришини инобатга олиб, жорий йилда архитектура-қурилиш ойнасини 23 млн кв.м, цементни 14,5 млн, керамик плиткани 32 млн кв.м, санитар-техник буюмларни 650 минг дона, иссиқлик изоляцияси материалларини 67 тонна, 2,6 млн ўрам, газобетон блокларини 1 млн куб м.га етказиш режалаштирилган.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим, Жорий йилда мамлакатимизда шу кунгача ишлаб чиқарилмаган: газобетон блоклари, обой, керамогранит, қуйма пол, 600 маркали цемент, геосетка, пеноблок, шиша кристаллит, композит қурилиш материаллари ва ДСП ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Юртимизнинг драйвер соҳаларидан бири бўлган саноат қурилиш маҳсулотлари соҳасининг бугунги кундаги тенденциялари, унинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни ҳам катта. Шу боис мазкур йўналишдаги изланишлар ва ривожланишлар жараёнларини давомий тарзда амалга ошириш ҳам катта вазифа ва масъулият ҳисобланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими Алишер Халмурзаев

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар