Рақамли иқтисодиёт нега керак ва у нима беради?

Рақамли иқтисодиёт нега керак ва у нима беради?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2020 йил — “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Ушбу Мурожаатномани нафақат жорий йилга қўлланма ва йўлланма сифатида, балки яқин ўрта муддат учун Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берувчи дастур, фундаментал аҳамиятга эга бўлган ҳужжат сифатида баҳолаш мумкин.

Илмсиз, маърифатсиз жамият ва мамлакат тараққиётини тасаввур қилиш мушкул. Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг “Қутадғу билик” асарида “Билимсиз киши мевасиз дарахтдир, мевасиз дарахтни оч киши нима қилсин?!”, деб илм-маърифатнинг ўрни нақадар долзарб ва муҳимлигини кўрсатиб ўтган. Давлатимиз раҳбари томонидан илм-маърифатга алоҳида урғу берилиши ва бу орқали рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масаласи кун тартибига қўйилиши иқтисодий-ижтимоий, сиёсий жиҳатдан кучли, бозор иқтисодиёти қонунлари тўлиқ амал қиладиган демократик давлат қуришга қаратилган муҳим қадам ифодасидир.

Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 19 февралдаги Фармони Ҳукуматимиз томонидан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилишига ва ҳаётга татбиқ этилишига асос бўлди.

Баъзилар рақамли иқтисодиёт нега керак ва нима беради, деб ўйлаши мумкин. Рақамли иқтисодиёт деганда, фақатгина Блокчейн (Blockchain) технологиясини ва улардан халқаро молия бозорларида фойдаланиш масалаларини ёки криптовалюталарни тушуниш керак эмас. Албатта, Блокчейн технологияси, криптовалюталар ҳам рақамли иқтисодиётнинг бир бўлаги. Лекин рақамли иқтисодиёт (Digital Economy) деганда, рақамли коммуникациялар, IT ёрдамида олиб бориладиган иқтисодиёт тушунилади. Бунда, яширин иқтисодиётга барҳам бериш воситаси сифатида ҳам қараш мумкин. Чунки биринчидан, барча операциялар электрон рўйхатдан ўтилишига, иккинчидан шаффоф бўлишига эришилади. Қолаверса, ишлаб чиқаришда янги IT технологиялар қўлланилиши туфайли маҳсулот ва хизматларнинг таннархи пасаяди.

Жаҳон банкининг “Рақамли дивидендлар” номли тадқиқоти хулосалари мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантиришда рақамли иқтисодиётнинг нақадар долзарб ва муҳим масала эканлигини кўрсатади. Хусусан, интернет тезлигининг 10 фоизга ўсиши мамлакат ЯИМ ўсишига олиб келади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 1,21 фоизни ташкил этса, ривожланаётган мамлакатларда 1,38 фоизга тенг. Демак, интернет тезлиги 2 баробар ошадиган бўлса, ЯИМ ҳажми 13-14 фоиз ортишига эришиш мумкин.

Жаҳондаги глобаллашув шароитида ташқи миграция, халқаро савдо ва капиталлар ҳаракати, туризм, хорижий инвестициялар, IT ривожланиши мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир этади. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида очиқлик, халқаро иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши юртимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш имкониятларини юзага келтирди. Бунга мамлакатимиз ташқи савдо ҳажмининг ўсишини мисол қилиб келтириш мумкин. “Электрон ҳукумат”, “Электрон бошқарув”, “Телекоммуникация”, “Интернет”, “Веб-сайт” каби кўплаб иборалар ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. IT кундалик ҳаётимизнинг барча соҳасини қамраб олмоқда.

Рақамли иқтисодиётда IT ёрдамида таннархни камайтиришга, натижада оптималлашувга ва самарадорлик ошишига эришилади.

Рақамли иқтисодиётда замонавий илмий ёндашувлар ва инновациялар муҳим ҳамда устувор аҳамиятга эга бўлади. Бунда илмий сиғимкорлик юқори бўлган тармоқлар равнақ топади.

Рақамли иқтисодиёт ривожланган давлатларда ЯИМ ҳажми ҳам, ЯИМнинг аҳоли сон бошига улуши ҳам юқоридир. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг бу масалага катта эътибор қаратиши бир мақсадни кўзлайди, у ҳам бўлса, биринчидан, аҳолининг яшаш даражасини юксалтириш, иккинчидан, аҳолининг реал даромадларини ошириш ва халқимизни рози қилишдир.

Экспертларнинг фикрича, 2020 йилдан бошлаб йирик банкларнинг қарийб 30 фоизидан ортиғи ўзларининг иш фаолиятида блокчейн технологиясидан фойдаланишни бошлаб юборишди. Бунга блокчейн технологиясининг нисбатан эндигина яратилганига қарамасдан, унинг мавжуд бизнес жараёнлардаги инқилобий ўзгаришларни қамраб олгани молия бозорлари иштирокчилари орасида улкан қизиқиш уйғотганини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Маълумки, бугунги кунда рақамли иқтисодиёт қўшимча қиймат яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Турли хил алгоритмлар, жараёнлар ва рақамли ахборотлар корпоратив бизнеснинг стратегик ривожланишида асосий ҳал қилувчи кучга эга бўлмоқда. Рақамли номолиявий омиллар банкларнинг рақобатбардошлигини белгилаб бермоқда, самарадорлигига таъсир кўрсатяпти.

Рақамли технологиялар ривожланиши охир-оқибат номоддий активлар, яъни физик жиҳатдан мавжуд бўлмаган номонетар активлар ошишига олиб келмоқда. Масалан, 1975 йилда Американинг йирик корпорациялари номоддий активлари 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 85 фоиздан ортди. Аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, бухгалтерия балансидаги моддий ва номоддий активлар ўрни алмашди.

Рақамли активлар — бу молиявий ҳисоботларни тузишда ҳисобга олинадиган рақамли шаклдаги номоддий активлардир.

Жаҳоннинг машҳур “McKinsey” экспертларининг баҳолаши бўйича, бугунги кунда жаҳон ЯИМнинг қарийб 10 фоизи рақамли активларга тўғри келади, шу билан бирга, уларни ишлаб чиқиш суръати жаҳон иқтисодий ўсишининг 30 фоизига тенг. Рақамли активларнинг ривожланиши акселератор (тезлаштирувчи) ҳаракатига ўхшайди.

Ўз навбатида, рақамли активлар ривожланишида ижтимоий тармоқларнинг ўрни муҳим. Ижтимоий тармоқлар рақамли бизнеснинг тараққий этишига ҳам кенг имкониятлар яратиб беради.

Рақамли иқтисодиётнинг замонавий кўриниши сифатида мобил тўлов тизимларини кўрсатиш мумкин. Бунда ҳаммамизга маълумки, мижозларнинг смартфонлари банкдаги ҳисоб рақамларга боғланган бўлади. Бу эса мижозларга онлайн харидларни амалга ошириш, мобил қурилмалар ёрдамида пул маблағларини эркин ўтказиш имконини беради.

Тўлов тизимлари ва банк ахборот тизимлари рақамли активлардан кенг фойдаланади. Рақамли активларнинг асосий компонентлари сифатида интеллектуал мулк объектлари ҳисобланади. Интеллектуал фаолият натижаларига эгалик ҳуқуқига фақатгина компания эга бўлади. Бундай активларга мисол қилиб, ихтиро патентлар, компьютер дастурларига мутлақ ҳуқуқ ва маълумотлар базасини келтириш мумкин.

Ҳозирда рақамли активлар билан бирга, рақамли активларни бошқариш тизими ҳам тез суръатларда ривожланмоқда.

Рақамли активлар бўйича глобал иштирокчилар сифатида “North Plains Systems Corporation”, “Open Text Corporation”, “Widen”, “Net Xposure, Inc.”, “Media Beacon, Inc.”, “Hewlett-Packard Company”, “WebDAM” каби йирик халқаро корпорацияларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Рақамли активларни бошқаришда ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳим омил саналади. Бунда асосий эътибор рақамли маълумотларга рухсатсиз кириш, уларни ахборот воситачиларидан ҳимоя қилган ҳолда хавфсизлигини таъминлаш ва ахборотлар узатишнинг соддалигини таъминлашга қаратилиши лозим.

Рақамли активларни бошқаришнинг муҳим муаммоларидан бири — бу уларнинг ҳуқуқий ҳимоясидир. Таъкидлаш лозимки, қисқа вақтларда ва оригиналдан камроқ харажат қилиб рақамли активлар нусхасини яратиш ҳамда ишга тушириш мумкин. Бу, албатта, рақамли активларнинг умумий даромадига таъсир қилади. Рақамли активларни бошқаришда булутли технологиялардан фойдаланиш асосий шартлардан бўлиб, техник, ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан ахборотлар ҳимояси бўйича усулларни ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Рақамли активларнинг ривожланишини рақамли тижоратнинг ривожланишисиз тасаввур қилиш қийин. Рақамли тижорат эса, содда ва ишончли рақамли тўлов тизимларини яратишни талаб этади. Биринчи “онлайн” тўлов тизимларига хизмат кўрсатишда аҳоли ўртасида кенг тарқалганлиги сабабли кредит ва дебет карталаридан фойдаланилган. “Visa” ва “Master Card” кредит карталари эмитентлари сотувчилардан ахборот алмашинувида юқори хавфсизлик чораларини кўриш шартларини талаб этишган.

Жаҳонда рўй бераётган сўнгги трендларни ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Чунки дунёда бухгалтерия балансидаги моддий ва номоддий активлар ўз ўрнини жадал алмаштириши даврида биз ҳам асосий эътиборни фақат маҳсулотлар экспортига қаратмасдан, балки ноу-хау, блокчейн технологиялари фаолиятини замонга ҳамоҳанг равишда ўрганиб, рақамли иқтисодиёт имкониятларидан кенг фойдаланишни янги босқичга олиб чиқишимиз мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир жиҳатга тўхталиб ўтиш зарур. Президентимиз рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни устувор вазифа сифатида белгилади. Бунинг сабаби Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш билан бирга, аҳоли илмини, қарашларини замон билан ҳамнафас қилиш, қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро майдонда интеграциясини тезлаштириш ва натижада Ўзбекистонни демократик, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган давлатлар қаторига қўшишдан иборатдир.

Бу инқилобий ёндашув фақатгина буюк иқтисодий сакрашлар орқали халқнинг турмуш даражасини ошириш, аҳоли фаровонлигига биринчи даражали масала сифатида қараш — ҳақиқий халқпарвар етакчига хосдир.

Нодир ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисод фанлари доктори, профессор.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар