Тожикистондаги сув омборларидан Ўзбекистонга сув етиб келишини таъминлаш механизми ишлаб чиқилади

Тожикистондаги сув омборларидан Ўзбекистонга сув етиб келишини таъминлаш механизми ишлаб чиқилади

Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков билан Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Д.Саидов ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик юқори даражада эканлиги эътироф этилди ва турли даражадаги икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш орқали инвестициявий ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқлик билдирилди.

Учрашув давомида томонлар савдо, саноат кооперацияси, транспорт, сув ресурслари соҳасида ва банк-молия секторида ўзаро алоқаларнинг бир қатор долзарб жиҳатларини кўриб чиқиб, кун тартибидаги асосий масалалар бўйича фикр алмашдилар.

Мулоқот давомида электротехника ва машинасозлик тармоқларида юқори қўшилган қийматга эга, минтақа мамлакатлари ва учинчи давлатлар бозорларида харидоргир бўлган технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган икки мамлакат саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришга алоҳида урғу берилди.

Томонларнинг умумий фикрига кўра, Тожикистон Республикасининг саноат объектларида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭЭҲО ва НҚАТ), шунингдек, ташқи ёритишни масофадан бошқариш автоматлаштирилган тизими (ТЁМБАТ) бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш - истиқболли йўналиш ҳисобланади.

Томонлар, шунингдек, мавжуд техник тўсиқларни изчил равишда олиб ташлаш ва икки мамлакат бозорларига ўзбек ва тожик маҳсулотларининг эркин кириб боришини таъминлаш орқали ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича биргаликда ишларни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Бу, ўз навбатида, ўзаро товар айланмасининг ҳажмини 1 млрд долларга етказиш вазифасини бажариш имконини беради. Тошкент ва Душанбе шаҳарларида миллий савдо уйлари ва тармоқ кўргазмаларини ташкил этиш ишларини тезда якунига етказишга ҳам келишиб олинди.

Халқаро молия институтлари ва донорларнинг молиявий-техник ёрдамини жалб этиш орқали қатор гидротехник иншоот ҳамда объектларни модернизация қилиш ва Тожикистон ҳудудидаги сув омборларидан Ўзбекистонга барқарор ҳамда ўз вақтида сув етиб келишини таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш режалаштирилди.

Музокаралар якунида икки мамлакатнинг асосий вазирликлари ва идоралари раҳбарларидан ташкил топган қўшма ишчи гуруҳини тузиш бўйича келишувга эришилди. Унинг вазифаларига икки томонлама келишувларнинг бажарилишини назорат қилиш, инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш учун ишга солинмаган салоҳиятни таҳлил этиш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун икки мамлакат бозор шароитларини ўрганиш киради.

Шунингдек, томонлар инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва сув-энергетика ҳамкорлиги соҳаларида қўшма ташаббусларни илгари суриш учун алоҳида "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар