Республика ишчи гуруҳи: ўз ечимини топаётган муаммолар

Республика ишчи гуруҳи: ўз ечимини топаётган муаммолар

Ишчи гуруҳ таркибига Халқ қабулхоналари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари, 18 та республика вазирлик ва идоралари, вилоят, туман ва шаҳар секторлари, соҳавий ташкилотлар масъуллари жалб этилди.

Республика ишчи гуруҳи вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Оққўрғон тажрибаси” асосида аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилувчи омилларни ўрганиш, долзарб ва ечимини кутаётган муаммоларни хонадонбай, маҳаллабай ҳал этиш бўйича ишларни олиб бормоқда.

Жумладан, гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида бевосита аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда 2022 йил 25 октябрида қабул қилинган “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг ижросини таъминлаш белгиланган.

Ўрганишлар давомида мазкур қарор ижроси бўйича йўл қўйилган қатор камчиликлар ва бажарилмаган ишлар аниқланди.

Хусусан, вилоят бўйича режалаштирилган баъзи ижтимоий соҳа объектларнинг қурилиш ишлари бошланмаганлиги, таъмирланиши режалаштирилган ички йўллар, жойларда ичимлик суви таъминоти, янги электр тармоғи тортиш ва қўшимча газ қувури ўтказиш каби муҳим йўналишларда камчиликлар аниқланди.

Мисол учун, Улуғнор тумани “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида темир-бетон устунлар ўрнатилганига 2 йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса-да, электр кабели тортилмаган, оқибатда 100 дан ортиқ аҳоли хонадонларининг электр таъминотида узилишлар юзага келмоқда. Бўстон туманида А373 “Тошкент-Ўш” халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 45 км қисмини таъмирлаш ишлари 10 йилдан буён якунига етказилмаган. Избоскан тумани “Ифтихор”маҳалласи Замондош кўчасида 2,8 км сув қувурининг тортилиши учун 2 млрд. сўмлик лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бироқ, бугунги кунга қадар маблағ ажратилмаган ва бошқалар.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида, Республика ишчи гуруҳи томонидан қатор амалий ишлар олиб борилди.

Хусусан, жойларда ижтимоий инфратузилма ҳолатини яхшилаш бўйича 7,8 км йўл таъмирланди, 2 дона янги трансформатор ўрнатилди, 24 та темир-бетон таянчлар ўрнатилди, янги электр тармоғи тортилмоқда. Ичимлик суви таъминготини яхшилаш борасида 54 та маҳаллада 18,1 км тармоқ тотилди, Жалақудуқ тумани “Хасанқовоқ” маҳалласи ва Избоскан тумани “Ифтихор” маҳалласида сув миноралари таъмирланди.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибор марказида бўлиб қолмоқда.

Вилоятда 2 420 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикларда аниқланган 73 нафар беморлар ҳудудий шифохоналарга ётқизилди, 28 нафарига вилоят шифохоналарига ордер берилди. Шахрихон туманида 4 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бундан ташқари, 14 нафар кам таъминланган оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, 31 нафарига кийим-кечаклар бепул етказилди.

Республика ишчи гуруҳи фаолияти вилоятда давом этмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар