Республикада шароити энг оғир маҳаллаларга 100 миллион доллар ажратилади

Республикада шароити энг оғир маҳаллаларга 100 миллион доллар ажратилади

3 август куни Ўзбекистон Президенти раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида республикадаги шароити оғир бўлган маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш масалаласига ҳам тўхтаб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев республикадаги энг оғир шароитдаги маҳаллаларга 100 млн доллар ажратиш бўйича топшириқ берди.

«Қарорга бугуноқ қўл қўйиб беришга тайёрман», - деди Шавкат Мирзиёев.

Қолаверса, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, транспорт вазири Илҳом Махкамовга йил якунигача камида 100 та янги йўналишлар ташкил этиб, жамоат транспорти етиб бормаган 1113 та маҳаллани ҳам қамраб олиш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, йиғилишда мутасаддиларга 9 ой якунида бюджетга 93 триллион сўм солиқ ва 23 триллион сўм божхона тушумларини таъминлашга оид вазифалар берилди.

«Нурмуратов (Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов — таҳр.) йил якунига қадар иқтисодиётга ажратилган кредит ҳажмини 135 триллион сўмга етказиш, шундан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 9 триллион сўм кредитлар ажратишни таъминласин», - деди Президент.

Шунингдек, Марказий банк раисига йиллик инфляция даражасини прогноз кўрсаткичлари доирасида (10 фоиз) бўлишини таъминлаш бўйича барча зарурий чораларни кўриб бориш топшириғи берилди.

Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров йил якуни бўйича иқтисодий ўсишни 6,5 фоиз даражадан кам бўлмаслиги учун тармоқ ва ҳудудлар кесимида ҳафталик назорат ўрнатиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва қўшимча имкониятларни ишга солиш чораларини кўриб бориши кераклиги айтилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар