Ўрмон хўжаликларида заъфарон гулларини йиғиб-териб олиш мавсуми бошланди

Ўрмон хўжаликларида заъфарон гулларини йиғиб-териб олиш мавсуми бошланди
Заъфарон (шафран) дунёнинг кўп мамлакатларида тижорий мақсадда катта майдонларга экиб парваришланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам заъфарон етиштиришга эътибор қаратилмоқда.

Президентнинг 2017 йил 24-25 феврал кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида заъфарон ўсимлиги плантацияларини ташкил этиш ва хомашёларини тайёрлаш бўйича топшириқ берилган ва вазифалар белгилаб олинган эди.

Мазкур топшириқ бўйича 2017 йили Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда “Brand Investment Group” МЧЖ томонидан Нидерландиядан 36,4 тонна заъфарон ўсимлигининг туганак пиёзи келтирилиб, Андижон давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди 5 гектар майдонда заъфарон ўсимлигининг оналик плантациялари ташкил этилди.

2018 йилда эса республика бўйлаб 14 та ўрмон хўжалик ерларида жами 25.7 гектар ўрмон фонди майдонда заъфарон туганак пиёзлари экиш ишлари амалга оширилиб, плантациялар барпо этилган. Бугунги кунда ушбу майдонларда доривор шафран ўсимлигини парваришлаш ишлари олиб борилмоқда.

2019 йилда эса 30 та ўрмон хўжаликларида 65 гектар майдонда заъфарон плантациялари барпо этилиб бу кўрсаткич 2018 йилдагига нисбатан 39.3 гектар кўп майдонни ташкил этади.

Ҳозирги кунда Андижон вилоятида 5,3 гектар, Тошкент вилоятида 14,2 гектар, Фарғона вилоятида 4 гектар, Наманган вилоятида 7,6 гектар, Жиззах вилоятида 7 гектар, Самарқанд вилоятида 21 гектар, Қашқадарё вилоятида 13 гектар, Сурхондарё вилоятида 17,5 гектар, Навоий вилоятида 6 гектар жами 95,6 гектар ўрмон фонди майдонларда заъфарон ўсимлиги плантациялари барпо этилди.

Заъфарон ўсимлигидан йилдан-йилга кўпроқ хомашё олиш мумкин. Ҳозирги кунда юқоридаги майдонлардан ўртача 50 килограмм атрофида экспортбоп заъфарон гули хомашёсини тайёрлаш кутилмоқда.

Заъфарон ўсимлиги хомашёсининг тиббиёт ва озиқ – овқат саноатидаги аҳамияти жуда катта. Озиқ-овқат саноатида шафран гулчангларидан турли ҳил маҳсулотларга ранг, ҳид ва таъм берувчи зиравор сифатида фойдаланилади.

Заъфарон доривор ўсимлиги буриштирувчи ва эритувчи бўлиб, етилтирувчи хусусияти ҳам бор. Иссиқлиги мўътадил бўлганлиги учун томирдаги ҳар хил тиқилмалар ёки тромбларни даволашда фойдаланилади. Ички аъзоларни кучайтиради, тана териси рангини чиройли , кўзни равшан қилади ва юрак фаолиятини кучайтиради. Балғам кўчишини осонлаштириб, нафас аъзоларининг фаолиятини бир маромга солади. Заъфарон хомашёси таркибида каротиноидлар, флавоноидлар, эфир мойлари, В, В2 витаминлари, ёғ азотли моддалар, қандлар, калий ва кальций бирикмалари мавжуд.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар