Россияга ишга жўнатилган фуқаролар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан баёнот берилди

Россияга ишга жўнатилган фуқаролар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан баёнот берилди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали ташкиллаштирилган ҳолда Россия Федерациясига ишга жалб қилинган фуқаролар ва иш берувчи ташкилотлар ўртасида меҳнат шартномаси талабларига риоя қилинмаётгани, улардан айримлари қийин вазиятларга тушиб қолгани ҳақида охирги вақтларда турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар саҳифаларида қатор материаллар эълон қилинмоқда.

Пандемия даврида хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Россиянинг йирик иш берувчилари ва тегишли ваколатли ташкилотлари билан музокаралар олиб борилиб, фуқароларни ушбу давлатга ишга жалб қилиш бўйича келишувларга эришилган эди.

Ушбу келишувларга мувофиқ, россиялик иш берувчи ташкилотлар вакиллари иштирокида фуқаролар ўртасида республика бўйлаб танловлар ташкил этилган. Ушбу танловларда бевосита суҳбат асосида иш берувчиларнинг вакиллари томонидан фуқароларнинг рус тилини билиши ва касбий малака даражаси текширилган ҳамда фуқаролар иш, яшаш шароитлари ва иш ҳақи билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга иш берувчиларнинг вакилларидан жавоб олган.

Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги «Россия Федерациясига чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг киришини вақтинча чеклаш ва визалар ва таклифномаларни беришни вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида»ги фармойиши билан жорий этилган қатор чекловлар инобатга олиниб, иш берувчи ташкилотлар томонидан танловлардан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг ушбу давлатга кириши учун рухсатнома олиш ва транспорт билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилиб, юртдошларимиз навбатма-навбат чартер рейслар орқали жўнаб кетган.

Россияга ишга жўнатилган юртдошларимиз ва уларнинг иш берувчилари, хусусан, «ПИК Индустрия» ва «Техстрой» компаниялари билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Бош консулхонаси доимий алоқада бўлиб турибди.

Шунингдек, ушбу иш берувчилар ва фуқаролар ўртасида юзага келаётган айрим муаммоларни батафсил ўрганиш, уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида Ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, яқин кунларда ушбу Ишчи гуруҳ Россияга юборилади.

Шу билан бирга, фуқароларнинг меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, иш ҳақини тайинлаш ва тўлаш шартлари, уларга хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича батафсил маълумотлар бериш борасида ишлар олиб борилмоқда ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга юбориш жараёнларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар