Қорақалпоғистон Республикаси 2024 йилнинг I чорагида қайси давлатлар билан кўпроқ савдо қилди?

Қорақалпоғистон Республикаси 2024 йилнинг I чорагида қайси давлатлар билан кўпроқ савдо қилди?

2024 йилнинг I чорагида Қорақалпоғистон Республикасининг умумий ташқи савдо айланмаси қарийб 138,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 12,2 фоизга кўпайди.

Маълумот учун: 2023 йил I чорагида ҳудуд ташқи савдо айланмаси 123,7 миллион долларни ташкил этган. Ҳудуд савдо балансида экспорт ҳажми 90,1 миллион доллар ва импорт ҳажми 48,8 миллион доллар билан ижобий салдо қайд этилди.

2024 йилнинг I чорагида Қорақалпоғистон Республикаси Туркия (23,2%), Хитой (21,1%), Россия (17,3%), Қозоғистон (10,3%), Литва (4,9%) ва Латвия (4,6%) билан кўпроқ савдо қилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2024 йил I чорагида ҳудуд ташқи савдо айланмасининг 56,5 фоизи Нукус шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш билан кейинги ўринларни Мўйноқ (7,5%), Тўрткўл (5,9%), Қонликўл (4,7%), Қўнғирот (4,1%), Элликқалъа (3,6%) туманлари эгаллаган. Тахтакўпир (0,6%), Қораўзак (0,3%) ва Бўзатов (0,1%) туманларининг улуши эса сезиларли даражада паст бўлган.

Экспорт ҳажмида ўсиш суръати қайд этилган

2024 йил I чорагида ҳудуд экспортининг ҳажми 90,1 млн. долларни ташкил этган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,4 фоизгаўсган.

Қорақалпоғистон Республикасидан экспорт қилинадиган товарлар номенклатурасини кимё саноати маҳсулотлари (55,4%), озиқ-овқат маҳсулотлари (17,7%), энергия ресурслари (4,0%), машина ва ускуналар (1,1%), хизматлар (0,3%) ва бошқа товарлар (21,5%) ташкил этган.

2024 йил I чорагида машина ва ускуналар экспорти 7,2 бараварга, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти эса 2,4 бараварга ошди.

Шу билан бирга, кимё саноати маҳсулотлари экспорти 11,3 фоизга, хизматлар экспорти 8,5 фоизга ва бошқа маҳсулотлар экспорти 15,4 фоизга ошди.

Таҳлил қилинаётган даврда 3,6 млн. долларлик энергия ресурслари экспорт қилинган бўлса, 2023 йилнинг мос даврида умуман энергия ресурслари экспорт қилинмаган.

Жаҳон мамлакатлари кесимида экспорт ҳажми таҳлили шуни кўрсатди, Туркия 29,7 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт ҳажми билан ҳудуддан экспорт қилинган маҳсулотларнинг асосий истеъмолчиси бўлди. Унга ҳудуд япли экспорт ҳажмининг 1/3 қисми тўғри келди. Ҳудуддан экспортида Хитой 23,3 млн. доллар (25,9%), Россия – 12,5 млн. доллар (13,8%), Қозоғистон – 9,7 млн. доллар (10,8%), Латвия – 6,3 млн. доллар (7,0%), Эстония – 1,8 млн. доллар (2,0%), Покистон – 1,0 млн. доллар (1,1%) ва Қирғизистон – 0,9 млн. доллар (1,0%) билан кейинги ўринларни эгаллаган.

Ҳудуднинг умумий экспорт ҳажмидаги энг катта улуш Нукус шаҳрига (59,6%) тўғри келди. Нукус шаҳридан МДҲ, Европа, Болтиқбўйи мамлакатларига, Афғонистон, БАА, Эрон, Туркия ва Хитойга, асосан, қуйидаги турдаги маҳсулотлар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавод маҳсулотлари, ёғоч маҳсулотлари, ип-калава, кимё саноати маҳсулотлари, пластмасса ва пластмассадан ясалган буюмлар, нефт маҳсулотлари, мусиқа асбоблари, фармацевтика ва трикотаж маҳсулотлари, шиша ва ундан ясалган буюмлар, ҳайвонлар жуни ва териси, тирик ҳайвонлар ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинган.

Экспорт ҳажми бўйича кейинги ўринларни Мўйноқ (8,0%), Қонликўл (6,7%), Элликқалъа (4,0%) ва Кегейли (3,7%) туманлари эгаллади. Шу билан бирга, Тахтакўпир (0,44%), Қораўзак (0,38%) ва Бўзатов (0,1%) туманлари энг кам улушга эга бўлди.

Импорт ҳажмида камайиш сурати кузатилди

2024 йил I чорагида ҳудуд импорти 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 11,6 фоизга камайди ва 48,8 млн. долларни ташкил этди.

Ҳудуднинг умумий импортининг 33,6 фоизи машина ва ускуналар, 14,6 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари, 11,5 фоизи энергия ресурслари, 9,6 фоизи кимё саноати товарлари, 4,6 фоизи хизматлар, 0,5 фоизи қора ва рангли металлар ва 25,6 фоизи бошқа маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келган.

Таҳлил қилинаётган даврда фақатгина қора ва рангли металлар (62%) ва энергия ресурслари (14,2%) импортида ўсиш кузатилган. Бошқа маҳсулотлар импорти камайган.

Таҳлил қилинаётган давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикасига энг кўп товар ва хизматлар Россия (23,6%), Литва (13,9%), Хитой (12,2%), Қозоғистон (9,5%) ва Корея Республикасидан (9,4%) импорт қилинган.

Қуйида 2024 йил I чорагида ҳудуд импортида энг кўп улушга эга асосий савдо ҳамкор мамлакатлар кўрсатилган.

Импорт ҳажмининг туманлар (шаҳарлар) бўйича таҳлили шуни кўрсатдики, ҳудуд импортининг энг катта улуши Нукус шаҳри (50,7%), Тўрткўл (13,7%), Қўнғирот (9,0%), Мўйноқ (6,5%), Хўжайли (4,0%) ва Тахиатош (3,7%) туманларига тўғри келади. Шу билан бирга, ҳудуд импортида Амударё (1,1%), Кегейли (1,07%) ва Тахтакўпир (0,98%) туманларининг улуши кам. Шўманой ва Бўзатов туманларида импорт умуман қайд этилмаган.

2023 йил мос даврига нисбатан Тахтакўпир (5,2 баравар), Нукус (4,7 баравар) ва Қўнғирот (3,0 баравар) туманлари импортида кескин ўсиш кузатилган.

Камбағалликни қисқартиришда ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Тадқиқот натижаларига кўра, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалигида экспортни ривожлантириш учун салмоқли салоҳиятга эга. Тўқимачилик, енгил, озиқ-овқат, кимё саноати ва бошқа кўплаб тармоқларнинг ривожланиш истиқболлари, иқтисодий ва молиявий аҳволи бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасига боғлиқ. ФАО тадқиқотига кўра, қишлоқ хўжалигидаги ўсиш мултипликатор таъсирига эга бўлиб, камбағалликни қисқартиришда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига қараганда кўпроқ ёрдам беради. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ўсишнинг ҳар бир фоизи умумий камбағаллик даражасининг 1,5 фоизга қисқаришига олиб келади.

Ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятига тўхталадиган бўлсак, Қорақалпоғистоннинг тупроқ-иқлим шароити донли, дуккакли, мойли ва полиз экинларининг сифатли ва турли хил лаззатли навларини етиштириш учун қулай эканини таъкидлаш жоиз. Ҳудудда етиштирилаётган ушбу турдаги экинларнинг маҳсулотлари юқори таъми, қандлилиги, хушбўйлиги, ташишга яроқлилиги ва узоқ сақлаш муддати билан ажралиб туради.

Мош, ловия, жўхори, кунжут, беда каби донли-дуккакли ва мойли ўсимликлар нафақат Қорақалпоғистон шароитида қулай, балки улар қурғоқчиликка ва иссиқликка чидамли бўлиб, оз миқдорда сув ресурсларини талаб қилади.

Ушбу экинларни HACCP, ISO, Global G.A.P., Organic ва бошқалар халқаро сифат стандартларига мувофиқ етиштириш ва қайта ишлаш юқори қўшимча қиймат яратиш ва Европа иттифоқи мамлакатлари, Хитой, Корея, Япония ва Яқин Шарқ мамлакатлари каби салоҳиятли экспорт бозорларига чиқиш имконини беради.

Юсуп Жумабаев

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг етакчи илмий ходими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар