Самарқанд вилоят ҳокими аҳолига мурожаатида энг кўп қайси сўзлардан фойдаланди?

Самарқанд вилоят ҳокими аҳолига мурожаатида энг кўп қайси сўзлардан фойдаланди?

Республикамизда сўнгги йилларда туман, шаҳар ва вилоят ҳокимлари томонидан ҳар йили амалга оширилган ишлар якуни ҳамда келгуси йилда ҳудудни комплекс ривожлантиришга бағишланган мурожаатлари анъанага айланиб бормоқда.

2021 йил 17 декабрь куни Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги эллигинчи сессиясида вилоятда 2021 йилда амалга оширилган ишлар якуни ҳамда 2022 йилда вилоятни комплекс ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича энг муҳим йўналиш ва вазифалар тўғрисида аҳолига мурожаат қилди.

Сессияда вилоят ташкилотлари раҳбарлари, фаол ёшлар, тадбиркорлар, журналист ва блогерлар иштирок этди. Вилоят ҳокимининг аҳолига мурожаати ҳокимликнинг facebook расмий саҳифасида ва вилоят телеканалида эфирга узатилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Самарқанд филиали мутахассислари томонидан ушбу мурожаатнинг лингвистик контент-таҳлили ўтказилди. Экспертлар тасвирий ифодаловчи сўзлар орқали вилоят ҳокимининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кўпроқ эътиборни қайси соҳа ва тармоққа қаратаётганини аниқлашди.

Вилоят ҳокими ўз мурожаатида жами 4279 та сўздан фойдаланган. Мурожаатда энг кўп ишлатилган сўзлар – бу маҳсулот” - 34 марта, саноат” - 22 марта, таълим” - 18 марта,қиймат” - 13 марта, “йўллар” – 6 марта, ичимлик” – 11 марта, туризм” - 12 марта, “ёшлар” – 10 марта, “тадбиркор” - 17 марта, “хизмат” – 17 марта, “экспорт”-14 марта, “импорт” – 2 марта, “электр” - 6 марта, “газ” – 4 марта, “оилавий” – 6 марта, “дафтар” – 16 марта, “беш” – 5 марта, “янги иш ўринлари” – 9 марта, “кичик саноат зоналари” – 4 марта, “Самарқанд” - 17 марта, Ургут - 9 марта такрорлаган. Ушбу йўналишларга эътибор қаратгани албатта, бежиз эмас.

“Маҳсулот”, “саноат”, “экспорт”, “хизмат” йўналишлари бўйича, жорий йилда давомида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 9,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш 25,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 4,1 фоизга ҳамда қурилиш-пудрат ишлари 14,3 фоизга ўсиши кутилмоқда. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари 5,4 млн. сўмни, хизматлар 4,9 млн. сўмни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 9,6 млн. сўмни ташкил этади.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган 2020 йилга нисбатан ошди, жумладан, енгил саноат маҳсулотлари 1,3 мартага, металлургия маҳсулотлари 2 мартага ва электротехника маҳсулотлари 1,4 мартага оширилди.

Шунингдек, маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, маҳаллий 21 та корхоналар томонидан қиймати 703 млрд. сўмлик 47 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига умумий қиймати 286 млн. доллар бўлган 60 та лойиҳа ишга туширилиб, 4 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган бўлса, 11 ой давомида 2 трлн 20 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 57 млн. доллар миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Кичик саноат зоналарида ҳам 92 та лойиҳа ишга туширилиб, 380 млрд. сўмлик инвестициялар киритилди ва 1558 та янги иш ўринлари яратилди.

2021 йилда маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 430 млрд. сўм маблағлар ижтимоий-инфратузилма ва аҳолини қўллаб-қувватлаш тадбирларига йўналтирилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ўтган 11 ойда 402 млн. доллар миқдордаги маҳсулотлар экспортга чиқарилди, яъни бунда саноат маҳсулотлари экспорти 298 млн. долларни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104 млн. долларни ташкил этди.

“Тадбиркорлик” йўналиши бўйича вилоятда “Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади” деган тамойилни давом эттирган ҳолда барча даражадаги тадбиркорлар сони 98,1 мингтага етказилди, шу йилнинг ўзида 20,5 мингта ташкил этилди. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 866 миллиард сўм кредит ажратилди, 11 минг 427 нафар ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорликка ўқитилди. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан 100 миллиард сўмдан ортиқ компенсация маблағлари ажратилади.

Натижада, ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2021 йил якунига қадар 74,7 фоизга етади.

“Янги иш ўринлари” ва “бандлик” йўналишлари бўйича жорий йил якуни билан 5,1 трлн. сўмлик 1 607 та лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши таъминланади ва ушбу лойиҳалар бўйича 13,2 мингта янги иш ўринлари яратилади. 2022 йилда ҳам қиймати 7,1 триллион сўм бўлган 772 та лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 14,4 мингта янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинган.

Жорий йилда 77,4 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда. Барча йўналишларда давлатимиз томонидан 4 488 нафар фуқароларга 92 млрд. сўмлик субсидиялар ажратилди. Шунингдек, “Темир дафтар”, Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтарига” киритилган 8,1 минг нафар ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун 13,2 млрд. сўм маблағ ажратилди.

“Дафтар”лар йўналиши бўйича вилоятда “Темир дафтар”га киритилган 52 479 та оилаларга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 67,1 млрд. сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Дафтардаги 67 374 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Натижада 50 258 та (96 фоиз) оилалар “Темир дафтар”дан чиқарилди. Бугунги кунда дафтарда 2 221 та (4 фоиз) оилалар қолмоқда.

“Аёллар дафтари”га 30 ёшдан юқори бўлган 81 612 нафар аёллар рўйхатга киритилган бўлиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 81 191 нафар (99,5 фоиз) хотин-қизлар дафтардан чиқарилди.

Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га ҳам 72 минг 685 нафар ёшлар киритилиб, амалга оширилган ишлар натижасида 70 минг 292 нафар (96,7 фоиз) ёшлар дафтардан чиқарилди. Ҳозирда 2 минг 393 нафар (3,3 фоиз) ёшлар дафтарда қолмоқда.

“Таълим” ва “соғлиқни сақлаш” йўналишлари бўйича вилоятда мактабгача таълимни ривожлантириш борасида жорий йилда 1 минг 121 та, шундан 9 та давлат, 8 та нодавлат (хусусий), 1 минг 89 та оилавий ва 15 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар ташкил этилди.

Йил якунига қадар 234 минг 762 нафар 3-7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш ҳисобига, қамров даражаси 68,9 фоизга етади.

Жорий йилда 902 та мактабларда 446 млрд. сўмлик маблағлар эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда вилоятимизда олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида 63 минг 338 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бу ўтган беш йиликка нисбатан 2,5 баробарга кўпдир. 2016 йилда 26 минг 692 нафар талаба таҳсил олган.

Соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 2,0 млн. евро маблағлар эвазига Онкологик марказига ички ва ташқи нур терапия аппаратлари ўрнатилиб, беморларда нур терапияси амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, кардиология марказига ҳам 30 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан 48 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилди.

“Йўл” ва “ичимлик суви” таъминоти йўналишлари бўйича жорий йилда 1 трлн. 146 млрд. сўмлик маблағлар ҳисобидан 1 минг 116 километр автомобил йўллари таъмирдан чиқарилди ва 8 та кўприкларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Туман ва шаҳарлардаги 800 километрлик ички хўжалик йўллари таъмирланди ва 27 та янги кўприклар қурилди.

Бугунги кунда, вилоят аҳолисининг 58,9 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. 2021 йилда 286 млрд. сўм маблағлар эвазига 210 та маҳаллада 545,4 километр тармоқлар 69 та сув иншоотлари реконструкция қилинди ва янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Самарқанд вилоятини 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишини асосий йўналишлари:

Биринчидан, 2022 йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналарида янги 180 та лойиҳалар ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 3 трлн 738 млрд.сўмга етади ва маҳсулотлар экспорти 135 млн.доллардан ошади. Бунинг натижасида келгуси йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 59 трлн. сўмга етиб, 7,3 фоизга ҳамда саноат маҳсулотлари ҳажми 25 трлн. сўм ёки 8,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Иккинчидан, яқин беш йил ичида тўқимачилик саноатида умумий қиймати 750 млн. долларлик 182 та лойиҳалар ишга туширилиб, ип-калавани қайта ишлашни матогача етказиш даражаси 100 фоизга чиқарилади.

Учинчидан, Қурилиш материаллари саноатида Нуробод, Қўшрабод, Нарпай, Пастдарғом, Пахтачи туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида 1,4 млрд. долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилади.

Туртинчидан, Пастдарғом, Жомбой, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳрида электротехника соҳасида 200 млн. долларлик инвестициялар ҳисобига алоҳида саноат кластери ишга туширилади. Натижада, вилоятда маиший техника ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробарга, экспорти 6 баробарга оширилади ҳамда 33,5 мингта иш ўринлари яратилади.

Бешинчидан, келгуси 5 йилда қатор йирик “мега-лойиҳалар”нинг ишга туширилиши натижасида вилоят “Инновацион Саноат Хаби”га айланади. Бу эса келгуси йилда экспорт ҳажмини 2021 йилга нисбатан 1,5 баробарга ошишига олиб келиши кутилмоқда.

Олтинчидан, янги иш ўринлари бўйича 2022 йилда ҳам қиймати 7,1 трлн. сўм бўлган 772 та лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 14,4 мингта янги иш ўринлари яратилади. 2022 йилда 230 минг ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Дастурга кўра 23 минг 170 нафар фуқаролар 985 та ҳудудий ва давлат инвестиция лойиҳаларига, 20 минг 400 нафар фуқаролар пахта ва ғалладан қисқарадиган майдонни ижарага бериш орқали, 14 минг 235 нафар фуқаролар 1254 та ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларини ташкил этиш ҳисобига, 18 минг 62 нафар фуқаролар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури ҳисобига, 54 минг 207 нафар фуқаролар бандлик жамғармалари ҳисобига, 5 минг 807 нафар фуқаролар хизматлар соҳаси ва лидер тадбиркорларга бериладиган имтиёзли банк кредитлари ҳисобига (ПҚ-5113, ПҚ-5214), 26 минг 157 нафар фуқароларни расмий легаллаштириш ҳисобига, 72 минг 431 нафар фуқароларни ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ҳисобига, 1 минг 338 нафар фуқароларни қўшимча лойиҳаларни шакллантириш ҳисобига бандлиги таъминланади.

Еттинчидан, вилоятни узоқ ҳуддудлари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш борасида 2022 йилда ҳам дастурлар, қўшимча лойиҳалар доирасида 666 млрд. сўмлик маблағлар сарфланиши режалаштирилган бўлиб, ичимлик суви қамров даражасини 62,5 фоиздан 64,3 фоизга етказиш белгиланган. 2022 йилда 196 та маҳаллаларга 337 та трансформатор пунктлари ва 2 та нимстанциялар қуриш, 1230 километр электр узатиш тармоқларини реконструкция қилиш ва янгилаш, 54 километр газ тармоқларини қуриш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда узлуксиз аҳолига газ балонлари етказиб бериш белгиланган.

Саккизинчидан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида келгуси йилда 212 гектар ер майдонида “Самарқанд бизнес ва туризм маркази” барпо этилмоқда. Унда, халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари қурилади.

Туристларга сифатли хизмат кўрсатишни кенгайтириш мақсадида, 150 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ётоқ ўринлар сони 17 мингтага етказилади.

Тўққизинчидан, 2022 йилда ҳам хизматлар ҳажмини бир ярим баробарга ошириб, 28 трлн. сўмга, етказиш режалаштирилган. Бунда қиймати 212 млн. долларлик майдони қарийб 400 минг квадрат метр бўлган 7 та йирик савдо хизмат кўрсатиш комплекслари ташкил этилади.

Ўнинчидан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 866 млрд. сўм кредит ажратилиб, 2836 та (307,9 гектар) ер участкалари, 299 та бўш бино ва иншоотлар тадбиркорлик субъектларига аукцион орқали сотилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳрини яшаш учун қулай ва жозибадор “миллионли яшил шаҳар”га айлантириш учун амалий ишлар бошланди. Бунинг учун, Самарқанд, Пастдарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманлари ҳудудидан 18 минг гектар майдонлар шаҳар таркибига қўшилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар