Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways чипталар нархи баландлигини танқид қилди ва нархларни арзонлаштириш вазифасини қўйди

Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways чипталар нархи баландлигини танқид қилди ва нархларни арзонлаштириш вазифасини қўйди

9 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантирилмоқда. Қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳадаги шароитлар кенгайтирилмоқда. Хусусан, фуқароларидан юртимизга виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 86 тага етказилди, 53 та давлат учун “электрон виза” тизими жорий этилди. Туризм учун қийин бўлган жорий йилда соҳадаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, уларга субсидия ва ссудалар берилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.

Шу боис келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Миллий авиакомпаниямизда чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан бирга бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича салоҳиятли давлатлар фуқаролари учун виза тизимини соддалаштиришга доир таклифлар билдирилди.

Соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида Идоралараро комиссия тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия авиапарвозларни ташкил этиш, уларга рухсат олишни соддалаштириш, қатновлар географиясини кенгайтириш ва аэропорт хизматларини яхшилаш бўйича тизимли шуғулланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар